РАСМИЙ МУНОСАБАТ: Ижтимоий тармоқларда Фориш туманидаги жарималар билан боғлиқ тарқалган хабарлар юзасидан

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда “Жарималар қамчиси остидаги қишлоқ: Форишда нима бўляпти?” сарлавҳаси остида тарқалган хабар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.

Мазкур хабарда Фориш туманининг Нарвон ва Қораобод ота (аслида, Қораобдол ота) маҳаллалари аҳолиси номидан Президентга мурожаат йўллангани, маҳаллий солиқ ва кадастр органлари томонидан асоссиз ҳамда кескин жарималар қўлланилаётгани таъкидланган.

Ушбу мурожаат Фориш тумани ҳокимлиги ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўрганиб чиқилиб, унда келтирилган имзолар қалбаки экани аниқланди.

Шу билан бирга, ҳолатга бефарқ қаралмасдан, солиқ органлари ва масъул ташкилотлар раҳбарлари жойига чиққан ҳолда Нарвон ва Қораобод ота (аслида, Қораобдол ота) маҳаллалари аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашув давомида фуқаролар солиқ, ер ажратиш ҳамда ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ мавжуд муаммо ва қийинчиликларни очиқ-ойдин баён этдилар.

Мутахассислар томонидан билдирилган эътирозлар солиқ ҳисоб-китоблари билан эмас, балки асосан кадастр маълумотларидаги номутаносибликлар билан боғлиқ экани тушунтирилди. Ушбу масалалар амалдаги қонунчиликка мувофиқ, жумладан “E’tirof” дастури доирасида белгиланган тартибда кўриб чиқилиши ва бартараф этилиши маълум қилинди.

Фориш туманида фуқароларнинг мурожаатлари доимо эътибор марказида бўлиб, ҳар бир масала қонунийлик, адолат ва очиқлик тамойиллари асосида ҳал этилиши таъминланади.

Жиззах вилояти солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2026 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.