Ўзбекистон истеъмол бозорида гўшт нархи яна «жиловни узди». 2026 йилнинг илк ойидаёқ қўй гўштининг минимал нархи 17 фоизгача сакраши — бу шунчаки мавсумий тебраниш эмас, балки сурункали тизимли инқироз аломатидир. Гўшт импорти миқдор жиҳатдан 67 фоизга ошгани ва божхона тўловлари ноль ставкада эканига қарамай, ички бозорда нархлар тушиш ўрнига инфляциядан бир неча баробар тезроқ ўсишда давом этмоқда. Бу эса битта аччиқ ҳақиқатни ўртага ташлайди: мамлакатда гўшт танқислиги ва нарх баландлиги муаммосини фақат «ташқаридан олиб келиш» билан ҳал қилиб бўлмайди.
Сўнгги йилларнинг статистикасига назар ташласак, гўшт нархининг ошиши доимий анъанага айланганини кўрамиз. 2025 йилда суяксиз мол гўшти 25 фоизга қимматлашди, бу ўша йилги умумий инфляция даражасидан 3,3 баробарга кўпдир. Ҳайратланарлиси, ўтган йили гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорти учун 869 млн доллар сарфланган.
Муаммо шундаки, импорт қилинган гўштнинг ўртача баҳоси ҳам жаҳон бозорида ошиб бормоқда — 2024 йилдаги 3,9 доллардан 4,2 долларгача. Бу дегани, биз инфляцияни ҳам «импорт» қиляпмиз. Ташқи бозорга боғланиб қолиш ички ишлаб чиқаришдаги камчиликларни вақтинча ёпиб турса-да, стратегик хавфсизликни таъминламайди.
Гўшт нархининг баландлиги — бу чорвадорнинг «инсофи» эмас, балки таннархнинг натижасидир. Бугунги кунда гўшт етиштиришнинг асосий қисми хонадонлар ҳиссасига тўғри келади. Аммо оддий чорвадор иккита катта тўсиққа дуч келмоқда:
Яйловларнинг деградацияси: Иқлим ўзгариши ва сув танқислиги оқибатида мавжуд яйловлар ҳосилдорлиги кескин пасайган. Олдинги табиий озиқланиш манбалари йўқ бўлиб, яйловлар экинзорларга айлантирилган ёки инқирозга юз тутган.
Ем-хашак қимматлиги: Шрот, кунжара ва маккажўхори нархларининг беқарорлиги, шунингдек, ем учун ер ажратишдаги бюрократик тўсиқлар гўшт таннархини осмонгла чиқариб юбормоқда.
Чорвадор учун қорамол боқиш «бизнес» эмас, «омон қолиш» воситасига айланиб қолса, у табиий равишда нархни ошириш орқали харажатларини қоплашга мажбур бўлади.
Иқтисодий таҳлилчиларнинг фикрича, гўшт етиштириш ҳажми йил сайин 1,5–3 фоиз атрофида ўсаётган бўлса-да, бу аҳоли сонининг ўсиши ва истеъмол талабини қоплай олмаяпти. Давлат томонидан берилган имтиёзлар (божсиз импорт) кўпроқ йирик етказиб берувчиларга хизмат қилмоқда, аммо кичик ишлаб чиқарувчи — оддий деҳқонга етиб бормаяпти.
Яйлов чорвачилиги инқирозга юз тутиши натижасида «арзон гўшт» манбаи йўқолди. Ҳозирги бозорда фақат «қиммат таннархли» (транспорт, ем, ветеринария харажатлари юқори) гўшт мавжуд. Бу тизимни ўзгартириш учун фақат импортни кўпайтириш эмас, балки яйловларни қайта тиклаш, сув тежовчи технологияларни чорвачиликка татбиқ этиш ва ем-хашак бозорини монополиядан чиқариш лозим.
Агар тизимли ёндашув ўзгармаса, 2026 йил охиригача гўшт нархи яна янги рекордларни янгилаши муқаррар. Божхона имтиёзлари вақтинчалик «оғриқ қолдирувчи» восита, холос. Муаммонинг асл ечими — ер ислоҳоти ва озиқа базасини мустаҳкамлашда.
Халқ дастурхонидаги гўшт нархи барқарор бўлиши учун давлат импортёрларни эмас, балки ўз томорқасида ёки фермасида мол боқаётган чорвадорнинг харажатларини камайтириши шарт. Акс ҳолда, гўшт истеъмоли ўрта қатлам учун ҳам «ҳашам»га айланиб қолиши ҳеч гап эмас.