Иғволардан тўқилган тузоқ

Иғволардан тўқилган тузоқ

Фото: 1nsk.ru

Эҳ-э, демократия ниқоби остида бизнинг бошимизга ҳам не кунларни солишмади. Лекин ўзбек халқи мустақиллик бахт-истиқболга олиб борувчи ягона йўл эканлигига тўла ишонч ҳосил қилгани ва ўз мақсадлари йўлидан чалғимагани учун бугун тинчлик ҳукм сураётган, озод ва обод Ватанда яшамоқдамиз. Мустақилликнинг илк йилларидаги хуружлар, Тошкент, Андижон воқеалари ва яқинда юз берган Сўх тартибсизликлари ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайди.

Бир пайтлари Ўзбекистон учун тайёрланган тартибсизлик, эндигина қаддини ростлаётган давлатни кучсизлантиришга қаратилган режалар бугун Қозоғистонда амалга оширилмоқда. Жон-жаҳди билан Қозоғистонга интилаётган экстремистлар, террорчи гуруҳлар қозоғистонлик ёшларни текин спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар билан “меҳмон” қилиб, қўлларига қурол тутқазишмоқда.

Энг аламли томони Қозоғистондаги биродаркушлик, хунрезликларда оддий халқ, ўз меҳнати билан рўзғор тебратаётган тадбиркорлар жабр кўрмоқда. Вақти келиб қўшни Қозоғистонда вазият яхшиланиб, ҳаёт ўз ўрнига тушади. Украина, Қирғизистон каби давлатларда амалга оширилган “сариқ”, “зарғалдоқ” инқилоблар Қозоғистонда юз бермайди. Инқилобларни режалаштирган раҳномалар тўқиган тузоқ парча-парча бўлиб кетади, ўзларининг пешаналари ғурра бўлиб, Қозоғистондан қочиб қолишади. Кейин уясидан туриб, Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари бузилганлиги, демократия завол топгани ҳақида аюҳаннос солишади.