Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]

Бир қотиллик тафсилоти

Cана : 07-01-2019   /   Янгиликлар, Жамият, Ҳуқуқ   /   кўрилди: 182

 Юракдаги тош

Ашурбек ҳеч кимнинг кўнглини қолдирмайди. Хушмуомала бўлишни иши ҳам тақозо этади. Катта йўл ёқасида кичикроқ ошхонаси ва дўкони бор. Дўконни ижарага берган. Емакхонани ўзи юритади. Бу ерга йўл-йўлакай қадам ранжида қиладиганлардан ташқари доимий мижозлари ҳам анчагина. Уларнинг қадамлари узилмаслигига ширин овқатлардан ташқари Ашурбекнинг меҳмонлар теварагида гирдикапалак бўлиши сабаб, десак адашмаймиз.

Аммо унинг бир айби бор, ичади. Ичиб, биров билан жанжаллашмайди, аммо ўзини унутиб қўяди, натижада уйидан, ишидан барака кўтарилади. "Ташлайман”, деди бўлмади, иродаси етмади. Шу боис пойтахтдаги шифохоналардан бирига бориб, ўзини ичкиликка қарши эмлатди. Врач уни огоҳлантирган: "Ичсанг, ўласан”. Янги йилни ҳушёр кутиб олгани ҳам шундан.

Ичкиликдан қутилганидан мамнун Ашурбек емакхонада пиёз тўғраётганди. Бехосдан кўзлари гандираклаб келаётган Маъмурга тушди. Шу маҳалладоши яхши йигит эмас, ўтган куни ичиб олиб, онасини урибди. Оқсаб юришига ҳам ароқ сабаб, маст бўлиб йўлни кесиб ўтаётганида машина туртиб юборган. Боласини ёлғиз ўстирган онасига қийин. Ҳалиям маҳалладагилар бор, уйлантириб қўйишди, ҳашар қилиб, кичикроқ бўлса ҳам уй қуриб беришган. Аммо Маъмурнинг хурмача қилиқларига чидай олмасдан хотини кетиб қолди. Ҳеч қаерда ишламагандан кейин кетади-да. Орада икки бола сарсон.

Яхшиликни билмайди, кўчада маст бўлиб йиқилиб ётганида Ашурбек бир неча марта уйига олиб бориб қўйган. Маъмур бўлса, нуқул уни сўкади, бир-икки марта қўл кўтармоқчи ҳам бўлди. Ўзидан олти ёш кичик йигитнинг ўдағайлайвериши Ашурбекнинг жонига теккан. Баъзида маст маҳалладошини кўрса, ўзини четга тортади, юраги безиллаб қолган.

Чарчаган руҳият тасаввурлари…

Ашурбек ишдан қайтганидан сўнг одатдагидек овқатланиб, ошхонасидаги телевизор қаршисида мизғиб қолибди. Кутилмаганда янграган бақир-чақирлар уйқусини бузиб юборди. Ҳовлига шошиб чиқди-да, болалари ухлаётган хона томон йўналди. Уй айвонида Маъмур унинг кенжа ўғлини бир қўли билан бўғиб турар, иккинчи қўлидаги пичоқ боланинг бўйнига тиралган эди.

Қўрқиб кетган Ашурбек маҳалладошига ялина бошлади. Онаси, хотини ва болаларининг йиғиси таъсир қилдими, болани қўйиб юборди. Сўнгра сўкинганча, ҳеч нарса бўлмагандек чиқиб кетди. Ашурбек ва оиласидагилар ўзига келгунча бир муддат вақт ўтди. Болаларини жойига ётқизди, "Ухланглар, энди келмайди”, деганча ўрнига чўзилди.

Аммо уйқуси қочиб кетганди. Маъмурнинг қилмиши уни ўйга толдирди. Энди бунисига чидаб бўлмайди… боласини ўлдирмоқчи бўлди-я, ўзини ўлдиради. Шу хаёллар билан ошхонага кириб, пичоқ олганча қўшни кўчада турадиган зўравонникига йўл олди.

Уй айвонига киргач, Маъмурни чақира бошлади. Хона эшиги очилиб, кўзини уқалаганча дилозор кўринди. Ашурбек ҳеч нарса демасдан қўлидаги пичоқни ишга солди. Атроф бир зумда қонга беланди. Бу ҳолни кўрган она ўзини йўқотганча ўтириб қолди…

Эрта тонгда, соат 4.30лар атрофида юз берган қотиллик тўғрисидаги гап бир зумда Сарбозор қишлоғига оралади. Суриштирув давомида Маъмурнинг Ашурбекникига бормаганлиги аён бўлди. Бола жонига қасд қилиш билан боғлиқ воқеа эса чарчаган руҳият тасаввурлари бўлиб чиқди. Кимдир буни ичкилик оқибати, деган бўлса, бошқа биров Ашурбекни вос-восга чиқарди. Маъмурнинг зуғумлари Ашурбекни тўйдириб юборган, деган қарашни илгари сурганлар ҳам йўқ эмас.

Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб…

Қисқаси, Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани, Сарбозор қишлоғида рўй берган бу воқеа жуда кўп гап-сўзларга сабаб бўлди. Ўз навбатида, ушбу жиноят вилоят ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан туман марказидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси иштирокида муҳокама этилди. Тадбирда сўз олганлар жиноятни келтириб чиқарган омиллар хусусида атрофлича тўхталдилар.

Кимдир фарзанд тарбиясига бефарқ қараган ота-онани айбдор ҳисобласа, кимдир маҳалла фаоллари жамоатчилик назоратини сусайтириб юборганлигини таъкидлади. Бошқа биров ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан етарли даражада ҳамкорлик йўқлигини билдирди. Айримлар ҳудудда стадионлар камлиги, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чораларини кўриш кераклигини уқтирган бўлса, кимдир ёшларни ижтимоий тармоқлар издан чиқараётганлигини баён қилди.

Аммо ҳамма бир хил тўхтамга келди: фарзандларимиз, яқинларимиз, қўни-қўшнилар, маҳалла ёшларига бефарқ қарамайлик, тарбия масаласи устувор бўлмоғи лозим. Содир этилган мазкур жиноятдан барча хулоса чиқариши шарт.

Ҳеч шубҳасиз, бу воқеа икки оила учун бемисл фожиа, кулфат келтирди. Қурбоннинг ҳам, қотилнинг ҳам, ота-оналари, жигарлари руҳий изтироблар гирдобида қолган. Жиноятчининг болалари маълум муддат отасиз улғайишга маҳкум. Маъмурники эса...

Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.
dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!