Тадқиқот: Одамлар ер остидан кўп сув қазиб чиқариши оқибатида Ер ўқи силжиди

Улашиш:

Одамларнинг ерости сувларига бўлган чексиз чанқоғи шунчалик ошдики, бу Ер ўқининг силжишига сабаб бўлди. Бу ҳақда янги тадқиқотга таяниб, CNN хабар берди.

Ерости сувлари одамлар ва чорва молларини ичимлик суви билан таъминлайди ва ёмғир кам бўлганда экинларни суғоришда ёрдам беради. Бироқ янги тадқиқот шуни кўрсатадики, ўн йилдан ортиқ вақт давомида доимий ерости сувларини қазиб чиқариш Ер ўқини йилига тахминан 1,7 дюйм (4,3 сантиметр) шарққа силжитди.

Бу ўзгариш ҳатто Ер юзасида ҳам кузатилиши мумкин, чунки у глобал денгиз сатҳининг кўтарилишига олиб келади.

“Ернинг айланиш қутби ҳақиқатда жуда ўзгармоқда. Тадқиқотимизга кўра, иқлим билан боғлиқ сабаблар орасида ерости сувларининг қайта тақсимланиши ҳақиқатан ҳам қутбларнинг айланиш тезлигига энг катта таъсир кўрсатади”, — деди тадқиқотнинг етакчи муаллифи, Жанубий Кореядаги Сеул Миллий университетининг профессори Ки-Veon Сео.

Ер ўқининг силжиши

Одамлар Ернинг айланишини ҳис қила олмаслиги мумкин, лекин у шимоли-жанубий ўқи бўйлаб соатига 1000 миля (соатига 1609 километр) тезликда айланмоқда.

“Мавсумий ўзгаришларда сув оқимининг кўпайиши ёки камайиши сайёра айланиш ўқининг бурчаги билан боғлиқ ва Ер ўқи силжиши глобал масштабда иқлимга таъсир қилиши мумкин”, — дейди NASA реактив ҳаракат лабораториясининг тадқиқотчиси Сурендра Адҳикари.

Ернинг ички қисми зич, иссиқ ядро атрофидаги тошлар ва магмадан иборат. Аммо энг ташқи тошли қатламда ҳам жуда кўп миқдорда сув мавжуд. Сайёра юзаси остида сувли қатламлар деб номланувчи тошли резервуарлар дунёдаги барча ерусти дарёлари ва кўлларидан 1000 марта кўпроқ сувни ўз ичига олади.

2010 йилда эълон қилинган ҳисоб-китобларга кўра, 1993-2010 йиллар оралиғида, тадқиқот билан қамраб олинган даврда одамлар Ернинг ички қисмидан, асосан, Шимолий Американинг ғарбий қисми ва Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий қисмидан 2150 гигатоннадан ортиқ ерости сувларини чиқариб олишган.

Таққослаш учун, агар бу миқдор океанга қуйилса, у глобал денгиз сатҳини тахминан 0,24 дюймга (6 миллиметр) кўтаради.

2016 йилда яна бир тадқиқотчилар гуруҳи 2003-2015 йиллар оралиғида Ер айланиш ўқининг силжиши музликлар ва муз қатламлари массасидаги ўзгаришлар, шунингдек, сайёрамизнинг қуруқликдаги суюқ сув захиралари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини аниқлади.

Аслида Ердаги массанинг ҳар қандай ўзгариши, шу жумладан, атмосфера босими унинг айланиш ўқига таъсир қилиши мумкин.

Аммо атмосфера босимининг силжиши натижасида юзага келадиган ўқнинг ўзгариши даврий бўлади, яъни кейин ўзининг дастлабки ҳолатига қайтади.

Ерости сувларини қазиб чиқаришнинг таъсирини аниқлаш

Янги тадқиқот учун олимлар 2010 йилги ерости сувларини қазиб чиқариш тўғрисидаги маълумотларни олиб, уни компьютер моделларига, шунингдек, музнинг камайиши, денгиз сатҳининг кўтарилиши ва айланиш қутбларининг ўзгариши ҳақидаги кузатув маълумотларига киритди.

Тадқиқотчилар денгиз сатҳининг ўзгаришини “ерости сувлари массасининг намунадаги ўзгаришидан фойдаланган ҳолда” баҳолади, бу Ер ўқи ўзгаришининг қанча қисми фақат ерости сувларини қазиб чиқариш натижасида содир бўлганини аниқлашда ёрдам беради.

Аниқланишича, ерости сувларининг қайта тақсимланиши йигирма йилдан камроқ вақт ичида Ер айланиш ўқини шарққа 31 дюймдан (78,7 сантиметр) кўпроққа силжитган.

“Ушбу маълумотлар билан олимлар ўтмишга назар ташлаши ва сўнгги 100 йил ичида иқлим исиши сабабли сайёралар тизимидаги ўзгаришларни кузатиши мумкин”, — дейди профессор Сео.

Еростидан сув чиқариш, айниқса, иқлим ўзгариши туфайли қурғоқчиликдан қаттиқ жабр кўрган дунёнинг айрим қисмларида ҳаёт йўли бўлиши мумкин. Лекин суюқ сувнинг ерости захиралари тугагандан сўнг секин тўлади.

Ерости сувларини қазиб чиқариш нафақат қимматли ресурсни йўқотишга; балки кутилмаган глобал оқибатларга олиб келади.

“Биз Ер тизимларига турли йўллар билан таъсир қилдик. Одамлар бу ҳақда билиши керак”, — дейди Сео.
2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.