"Дор остидан репортаж" ҳақиқати ёхуд энг кўп қамоққа олинган ва ўлдирилган хавфли касб эгалари ҳақида

Улашиш:
Credit: Getty - Contributor

1943 йилда Берлинда нацистлар 1942 йил апрел ойида Гестапо томонидан ҳибсга олинган, чехословакиялик журналист, адабиёт ва театр танқидчиси, публицист, сиёсий фаол журналист Юлиус Фучикни қатл қилишган. Ҳатто фашист қамоқхоналарида ҳам Юлиус ўз касбини тарк этмади ва “Дор остидан репортаж” (чех. Reportáž psaná na oprátce) китобини ёзишга муваффақ бўлди. Фучикнинг ушбу китоби 70 дан зиёд хорижий тилларга таржима қилинган. Китоб муаллиф вафотидан сўнг икки йил ўтиб, 1945 йилда илк бор чоп этилган, етти йил ўтиб эса Халқаро тинчлик соврини билан тақдирланган. Маълумот учун, Америка журналистларининг энг нуфузли мукофоти ҳисобланмиш Пулицер мукофотининг тақдирлаш маросими ҳам деярли ҳар йили 8 сентябрда ўтказилади. 1958 йилда эса Халқаро Журналистлар Ташкилотининг 4-конгресси қарори билан бу қайғули сана Халқаро журналистлар бирдамлиги куни деб эълон қилинди.

Шундан буён ҳар йили 8 сентябрда бутун сайёрамиз бўйлаб журналистлар бирдамлиги кунига бағишлаб турли учрашув ва анжуманлар ўтказилади, уларда дунёнинг турли давлатларидан журналистлар иштирок этишади. Мазкур профессионал конгрессларда тўртинчи ҳокимият вакиллари ўзларининг журналистик тажрибалари билан ўртоқлашади ва ўз сафларидаги энг фаол ва ҳақгўй журналистларни ҳамда уларнинг меҳнатларини эътироф этишади. Зеро, охирги йилларда журналистика эътироф қилишга, ҳаттоки хавотир олишга арзигулик касб бўлиб қолди.

Журналистика дунёдаги энг хавфли касблардан бирига айланди, нега?

ЮНЕСКОнинг тегишли маърузасида айтилишича, журналистика дунёдаги энг хавфли касблардан бирига айланиб қолмоқда. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, 2022 йилда ҳалок бўлган журналистлар миқдори ўтган йилларга нисбатан 50 фоизга ошиб, рекорд даражага чиқди. Шу йили дунёнинг 29 мамлакатида 115 нафар журналист ўлдирилгани жуда ташвишли сигнал ҳисобланади.

Қитъалар бўйича олганда, 2022 йилда энг кўп журналистлар Лотин Америкаси давлатларида (39 ходим) ўлдирилди. 37 нафари Европада, 30 нафари Осиёда, 7 нафари Африкада, 2 журналист эса Шимолий Америкада ўлдирилган. “Чегарасиз мухбирлар” халқаро ташкилоти чоп этган ҳисоботга қараганда, 2022 йилда дунё бўйлаб 533 журналист турли ёлғон айбловлар билан қамоққа ташланган. Энг кўп ОАВ ходимлари Хитой зиндонларида – бу ерда 110 ходим қамоққа олинган.

Маълумки, дунёдаги энг хавфли касблар рейтингининг биринчи ўрнида учувчилар туради. Лекин ҳар йили ҳалок бўладиган учувчилар сони 90 дан ошмаган шу пайтгача. 115 рақами эса журналистликни қўрқмасдан энг хавфли касб, деб аташ учун асос бўла олади.

Нега журналистлар айнан шу минтақа ва давлатларда ҳалок бўлишган? Чунки айрим давлатларда, хусусан сўз ва виждон эркинлиги бўғилган давлатларда, айниқса автократ ва диктатура ўрнатилган, коррупция туфайли иқтисодий аҳволи оғирлашиб, халқ ҳаёти фаровонликдан узоқлашган мамлакатларда ҳукумат юзига ойна тута оладиган, халқ ва давлат ўртасида боғловчи бўғин вазифасини ўтовчи журналистлар биринчи рақамли душманга айланишади. Уларни таъқиб қилишади, номларини булғашга, халқ кўзига ёмон кўрсатишга интилишади. Шу маънода фашистлар Германиясида нацизмга қарши чиққан, унинг кирдикорларини рўй-рост ёзишдан қўрқмаган Юлиус Фучик қатл этилган куннинг Халқаро журналистлар бирдамлиги куни, деб эълон қилиниши реалликка мос тушувчи рамзий маъно касб этади.

Зеро, журналист халқи алтруист бўлади, яъни худбин бўлмайди. Ўз тинчлиги ва фаровонлигини халқ манфаати, миллат равнақи ва келажаги йўлида қурбон қилади. Чунки ҳақиқатни айтмоқ учун, кафан елкада бўлмоғи лозим.

Журналист четдан қараганда фақат сенсация ва шов-шув ортидан қуваётган бўлиб кўринса-да, аслида кўпчилик ва мазлум халқ тарафида туради. Журналистлар гўёки табиатдаги санитар жонзотларга ўхшайди. Улар давлатдаги коррупция ва ҳуқубузарликларни ошкор қилиш орқали уларнинг қайта такрорланишига чек қўйишади, ҳукуматни шаффоф ишлашга, халқ олдида ҳисобдор бўлишга том маънода мажбур қилишади. Шу боисдан ҳам маддоҳликдан бўшамайдиган ва шахсга сиғиниш гулханига ёқилғи сепиш орқали халқ ҳамда давлат келажагини ўғирлашларига ҳисса қўшаётган “ёзғувчилар”ни эмас, айнан мана шундай оловқалб, некбин журналистларни тўртинчи ҳокимият вакиллари, дейишади. Зеро, адолатсизлик ва коррупция ҳолатлари гўё халқаро майдонда шарманда бўлмаслик йўлида яширилса-да, бу ҳаракатлар ортида бир ҳовуч муттаҳам амалдорларнинг ўз манфаатларини ҳимоя қилиш истаги ётади, холос. Даволамасдан, латта билан яширилган жароҳат охири айниб, қуртлаб, қорасонга айланади. Минг яширилгани билан эртага қўланса ҳиди уни ошкор қилиб қўяди. Журналистлар эса кичик яра-чақани ҳам ошкор қилиш орқали бу жароҳатларнинг маддалаб, ёмонлашиб кетишининг олдини олишади. Юлиус Фучикнинг "Ҳақиқат албатта ғолиб бўлади, аммо унга қатъий равишда ёрдамлашиб юбориш керак", деган сўзлари журналистларга қара айтилган, десак адашмаймиз. Пасткаш чиябўрилар тунда отарларга ҳужум қилишади, каламушлар эса ёруғ ва очиқ жойда ўғирлик қилишни ёқтиришмайди. Журналистлар эса айнан ана шундай фош қилувчи ёруғлик нурини тарқатадиган касб эгалари бўлгани боис чиябўри ва каламушларга ёқмаслиги табиий.

Халқаро журналистлар бирдамлиги кунида яна бир аянчли ҳолатга эътибор қаратиш лозим. Автократ, сўз ва виждон эркинлиги бўғилган нодемократик режимларда журналистлар нафақат халқни, ҳатто ўзларини ва сафдошларини ҳам зулмдан ҳимоя қилишга қўрқиб қолишади. Тўғрироғи, қўрқитиб қўйилади. Бундай журналистлар “Менга тегишмаяптику” деган ёлғон баҳона билан ўзларига таскин беришади. Бундайлар учун немис руҳонийси Мартин Немёллернинг (1892–1984) тақдири катта ибрат бўлса ажаб эмас. Ҳақиқатгўй бу руҳоний фашистлар Германияси даврида яшаган. Бироқ барча золим ва диктатор раҳбарлар каби Гитлер ҳам динга ҳамда руҳонийларга қарши курашни кучайтирганида, Немёллер нацистларга қарши сиёсий ҳаракатга қўшилган. Фашист концлагерларида бўлиб, бу золим режимнинг нақадар жирканч ва тубанлигига амин бўлган. Немёллернинг ажойиб сўзлари борки, журналистларнинг бирдам бўлиши нега зарурлигини қисқача ифодалаб бера олади:

“Нацистлар коммунистларни қамоққа олгани келганида, мен индамадим, мен коммунист эмасманку, дедим.

Кейин улар социал-демократларни қамагани келишди, ман яна индамадим, чунки социал-демократ эмасдим.

Кейин улар касаба уюшмалари фаолларини қамагани келишди, мен яна индамадим, чунки касаба уюшмаси аъзоси эмасдим.

Кейин улар яҳудийларни ушлаб кетгани келишди, мен яна индамадим, чунки яҳудий эмасман.

Ниҳоят улар мени қамоққа олгани келишди, лекин энди тарафимни оладиган ҳеч ким қолмаганди”.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.