Саид Олимхоннинг бойликлари қанча бўлгани ва улар қаерга йўқолгани ҳақида маълумот берилди

Улашиш:

Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон 1920 йилда тож-у тахтини йўқотгач, хазинадан ўзи билан 10 тонна олтинни олиб чиқиб кетган. Бу ҳақда тарихчи Ихтиёр Эсонов “Муштум” журналида чоп этилган мақоласида маълумот берди.

Тарихчининг ёзишича, Бухоро амирининг бойликлари миқдори ва улар қаерга йўқолгани ҳақида турли афсоналар бор. Бироқ ўша даврда қизил болшевиклар тузган ҳужжатлардан амир бойликлари қанча бўлганини тахмин қилиш мумкин.

Совет ва ўзбек тарихчиларининг тахминларига кўра, Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон 1920 йилда тож-у тахтини йўқотгач, ўзи билан Бухоро хазинасидан 10 тонна олтинни олиб чиқиб кета олган. Бу бойликларни амир Ҳисор тоғларига яширган, деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Бундан ташқари, амир анча-мунча пулларни чет эл банкларига ўтказганиям аниқ. Қолган бойликлари Фрунзе бошчилигидаги болшевиклар томонидан талон-тарож қилинган ва катта қисми вагонларга ортилиб, Москвага жўнатилган”, — деб ёзган мутахассис.

Ихтиёр Эсонов болшевикларнинг тарихий ҳужжатларига ишониладиган бўлса, бу бойликлар рўйхати 48 варақли актда ёзилганини маълум қилган.

Бойликлар ичида қуйидагилар бўлган:

  • амирнинг турли хил қимматбаҳо орденлари;
  • йирик олмослар – 53 дона;
  • жуда йирик олмослар – 39 дона (ҳар бири 138 каратлик);
  • ўртача бриллиантлар – 400 та;
  • кичик бриллиантлар – 500 та;
  • жуда кичик бриллиантлар жами – 1041 карат;
  • соф олтиндан қилинган 1 та қалпоқ олмос ва инжулар билан безатилган;
  • соф олтиндан – 4 та тож;
  • соф олтиндан – 3 та сирға;
  • соф олтиндан – 26 та узук;
  • олтиндан ишланган – 26 та аёллар соати;
  • соф олтиндан – 11 та балдоқ;
  • соф олтиндан қилинган – 53 та порцигар;
  • олтин лом – 4 пуд (1 пуд 16 кг);
  • қуйма ёмби олтинлар 262 та, жами –12 пуд;
  • рус тилла тангалари жами – 15 пуд;
  • кумуш тангалар жами – 632 сандиқ ва 2364 қоп умумий оғирлиги — 102,7 тонна;
  • қоғоз пуллар 26 сандиқда, империя пуллари жами — 2 010 111,00 рубль, Керенский пуллари – 923 450,00 рубль, Бухоро пули – 4 579 980 тилло;
  • мануфактура (кийим-кечак, пойабзал матолар) жами – 180 сандиқ;
  • мис тангалар ва идиш-товоқ 8 сандиқ, жами — 33 пуд.

Бундан ташқари, турли хил ўлчамлардаги инжу, қаҳрабо, лаъл, зумрад каби тақинчоқлар, узук, сирға ва балдоқлар каби ва яна бошқа бир қанча қимматбаҳо бойликлар бўлган.

Актни Бухоро Халқ Совет Республикаси вакиллари Хайрулла Мухиддинов ва Холхўжа Сулаймонхўжаевлар тузган экан. Акт рақами № 743. Бухоро амирлигининг, яъни Манғитлар сулоласининг умумий бойлигини ўша пайтдаги йирик заргар мутахассислардан бири, Данилсон, тахминан, 103 миллион долларга баҳолаган экан. Ҳозирги пулга чаққанда чамаси 1,4 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади”, — дея мақоласида ёзган тарихчи Ихтиёр Эсонов.

Маълумот учун, Саид Мир Муҳаммад Олимхон 1880 йилнинг 3 январь куни Бухорода туғилган. У Бухоро амирлигини 1910–1920 йилларда бошқарган сўнгги ўзбек манғит ҳукмдори ҳисобланади. Амир Олимхон 1920 йилда қизил армия Бухорони эгаллаб олганда амирликнинг шарқига, кейинроқ эса Афғонистонга қочиб кетади ва умрининг охиригача (1944 йилнинг 5 май) Қобулда яшайди. Ҳозирда унинг кўп сонли авлодлари АҚШ, Туркия, Германия, Афғонистон ва бошқа давлатларда истиқомат қилиши айтилади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.