«Гитлер ёлчитиб мактабда ҳам ўқимаган» – тарихчи Ихтиёр Эсонов

Улашиш:

AzonTVда берилган «Фикрат» кўрсатувининг Европа тарихига бағишланган сонларидан бирида ўтган асрнинг ёвуз сиёсатчиларидан бири Адольф Гитлернинг ҳокимиятга келиш тарихи ҳақида суҳбат уюштирилди. Тарихчи Ихтиёр Эсонов эксперт сифатида қатнашган ушбу дастурда Гитлер ўзи яратган сиёсий мафкуранинг нега айнан миллатчилик  устига қургани муҳокама қилинди.

- Гитлерни доно ва даҳо дейиш унча тўғри эмас, деди тарихчи Ихтиёр Эсонов. – Лекин уни ахмоқ ҳам дейиш мутлақо нотўғри. Тўғри, Гитлер ёлчитиб мактабда ҳам ўқимаган. Тасвирий санъат академиясига ҳам қабул қилишмаган. Шунга ўхшаш муваффақақиятсизликлар йиғилиб, йиғилиб Гитлернинг қалбида немис бўлмаган, лекин Австрия ва Германия ижтимоий ва молиявий муваффақиятга эришган миллатлар, хусусан, яҳудийларга нисбатан нафрат туйғуларини кучайтириб юборган. Унинг юрагидан бутун бошли халқларга ва миллатларга нисбатан нафрат уйғона бошлаган.

Лекин Гитлер кўп китоб ўқиган. Кутубхоналарга қатнаб, кўплаб илмий-фалсафий адабиётларни ўқийди. Унга, айниқса, миллатчилик ва шовинистик ғоясини илгари сурган адабиётлар кўпроқ маъқул бўлган. Фридрих Ницше ва бошқа муаллифлар унинг севимли адиблари бўлишган. Гитлер кўпроқ шундай адабиётлардан роҳат оларди. Ҳатто мусиқа эшитганда ҳам кўпроқ Рихард Вагнернинг мусиқий асарларини тинглашни хуш кўрарди. Германиянинг қудратини акс эттирадиган, Германия буюклигини мадҳ этадиган композицияларни кўпроқ эшитарди.

У аввалига социалистларнинг ғояларига ҳам қизиққан. Аммо кейин бу мафкуранинг пуч эканлигини тушуниб етган. Ўша пайтдаги немис ёшларидаги миллатчилик кайфияти уларни жипслаштираётганини кўрган. Немис ўсмирларининг бошқа миллатларни писанд қилмасдан, мароқ билан дўппослашаётганини кўриб, Гитлернинг миясида янги ғоя пайдо бўлган -  у халқни милатчилик ғояси атрофида жипслаштириш ва шу каби шиорлар остида ўз ортидан эргаштиришга қарор қилган.

Лекин ҳамон Гитлер пулсиз ва бирор ютуқсиз дайдираб юрарди. Ҳамон бирор тайин ишнинг бошини тутмаган, бирор амалга эришмаган Гитлерга ҳеч ким жиддий муносабатда бўлмагани унга алам қиларди.

Лекин Биринчи жаҳон урушининг бошланиши Гитлер учун айни муддао бўлди. У дунёни қайта тақсимлаш учун жангга кирган империялар қаторида Германия ҳам катта ерлар ва ресурсларни қўлга киритишини чин дилдан истади. Буюк ва фаровон Германия пайдо бўлишига ўз ҳиссасинини қўшгиси келди. Астойдил ва жасорат билан жанг қилди. Жангларда ҳарбий раҳбарият эътирофига ҳам сазовор бўлди. Ефрейтор унвонигача кўтарилди. Бу хизматлари учун аслида унинг унвонини кўтаришлари керак эди. Лекин унга ноҳақлик қилишган. Штабдаги “каламушлар” боис ҳатто урушда ҳам унга нисбатан ноҳақлик қилишган. Уни дурустроқ тақдирлашмаган. Шу боис Гитлер ҳарбий мулозимларни кўп ҳам ёқтирмаган. Ҳатто давлат тепасига келганида ҳам уларга ишонқирамай қараган, дейди тарихчи Ихтиёр Эсонов.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бирор ёвуз даҳонинг пайдо бўлиши ва оёққа қалқишида жамиятдаги ноҳақликлар, ҳукумат юритаётган адолатсиз сиёсат ҳам сабаб бўлади. Адолатсизлик суви билан суғорилган ерга тушган айрим уруғлардан улкан фалокат дарахти ўсиб чиқиши мумкин. Гитлер ва унинг сиёсий фаолияти тарихи ибрат ўлароқ бизга доим шуни эслатиб туради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.