Фарғонадаги меҳрибонлик уйларида ҳам тарбияланувчи қолмади. Муассасалар фаолияти тўхтатилди

Улашиш:

Фарғона вилоятида »Меҳрибонлик уйи» деб номланган муассасалар эшиклари буткул ёпилди, деб хабар берилди «Ўзбекистон 24» информацион дастурида.

Қайд этилишича, Данғара туманида яшовчи Бердиевлар оиласи 6 нафар тарбияланувчини асраб олиб, «Болалар бахти» номли оилавий болалар уйини ташкил қилган.

«Меҳрибонлик уйига бориб, психолог лавозимида ишлай бошладим. У ерда болаларга ўрганиб қолиб, уларни ўз фарзандимдек қабул қилдим. Оилавий болалар уйлари очила бошлагач, турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, 2 та фарзандимни 8 та қилиб олдим», — деган Ойсанамхон Бердиева.

Шунингдек, Фурқат туманида Ҳуррият Комилова 5 нафар болани фарзандликка олиб, «Меҳрибон қалб» оилавий меҳрибонлик уйини очган. Шу тумандаги Ободон қишлоғида яна бир шундай муассаса очилган, Назокат Комилова 6 нафар тарбияланувчи қизни асраб олган.

Таъкидланишича, Қўқон шаҳрининг Ўзбекистон ва Тошлоқ туманларида ҳам оилавий меҳрибонлик уйлари ташкил этилган.

111 нафар тарбияланувчидан 57 таси оилаларга, 20 нафари патронатга, 16 тарбияланувчи васийликка берилиб, меҳрибонлик уйларида болалар қолмаган. «Бола асраб олиш учун Наманган ва Андижон вилоятларидан ҳам келишди», — дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, бўшаб қолган муассасанинг собиқ ишчи-ходимлари мутахассислиги бўйича яшаш манзилларига яқин бўлган жойларда иш билан таъминланмоқда.

Қайд этилишича, аввалроқ Навоийда ҳам меҳрибонлик уйлари фаолияти тўхтаганди. Шунингдек, Намангандаги меҳрибонлик уйини охирги 5 нафар бола тарк этгани, даргоҳда тарбияланувчи қолмагани ҳам хабар қилинган. Бундан ташқари, Фарғона туманида яшовчи Валиевлар оиласи 6 нафар етим болани асраб олгани маълум қилинган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.