Ипотека-банк балиқчиликнинг 2022 йилдаги истиқболи бўйича маълумот берди

Ипотека-банк балиқчиликнинг 2022 йилдаги истиқболи бўйича маълумот берди

Ипотека-банк балиқчиликни ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича ишлар ва 2022 йилда режалаштирилган чора-тадбирлар бўйича маълумот берди. 

Ушбу банк соҳага бириктирилгандан бери 3984 та балиқчилик хўжаликларининг умумий қиймати 4,0 трлн.сўм сўмлик лойиҳаларига 2,1 трлн.сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди ва 7844 та янги иш ўринлари яратилди.

Натижада Республикада балиқ етиштирувчи хўжаликлари сони 2 бараварга ошиб 4200 тани ташкил қилди, балиқ овлаш ҳажми эса 6 бараварга ўсди.

Балиқчилик хўжаликларини интенсив технологиялар, ускуналар, аэратор ва бошқа асосий воситалари билан таъминлаш мақсадида «Ипотека лизинг» компанияси ташкил қилинди ва лизинг хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди.

Банк томонидан 2020-2021 йилларда интенсив усулда балиқ етиштириш мақсадида умумий қиймати 592,4 млрд.сўмлик жами 142 та лойиҳага 356,6 млрд.сўм кредит маблағлари ажратилди.

Натижада 26 минг тонна интенсив усулда балиқ етиштириш қувватлари ташкил қилинди ва 1027 та янги иш ўринлари яратилди.

Банк томонидан ноёб балиқ (форель, лосось, осётр) турларини интенсив усулда етиштириш мақсадида жами 23 та лойиҳага 213,6 млрд.сўм кредит маблағлари ажратилди ва мазкур лойиҳалар ишга туширилиши сабабли 514 та янги иш ўринлари яратилди.

Келаси йилда вилоят ҳокимликлари билан биргаликда балиқчилик йўналишида умумий қиймати 1,2 трлн.сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Бунинг учун Ипотека-банк томонидан сўнгги йилларда имтиёзли шартларда жалб қилинган хорижий кредит линияси маблағлари асосий ресурс манбаи бўлиб хизмат қилади. Жумладан:

-Халқаро молия корпорациясининг 15 млн доллари, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 10 млн доллари, Жаҳон банкининг чорвачилик лойиҳалари учун 5 млн.АҚШ доллари, ОПЕК жамғармасининг 10 млн доллари ва Франция тараққиёт агентлигининг 20 млн доллари ва бошқа манбалар ҳисобидан балиқчилик хўжаликларини лойиҳалари молиялаштириб борилади.