Ўзбекистонда 1000 сўмлик тангалар муомалага чиқарилади

Улашиш:

Марказий банк 26 декабридан бошлаб номинал қиймати 1000 сўм бўлган танга кўринишида пул белгилари муомалага чиқарилишини маълум қилди.

Танга кўринишидаги пул белгиси 2 хил рангдаги комбинациядан иборат бўлиб, ички айланаси сариқ рангли мис ва латун, ташқи айланаси кумуш рангли никель қотишмасидан тайёрланган.

Унинг диаметри — 26,27 мм., ички диск диаметри — 17,6 мм., қалинлиги — 1,6 мм., оғирлиги — 7,3 гр. Олд томонида (аверс) Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган «Ислом цивилизацияси маркази»нинг биноси тасвирланган. Тасвирнинг пастки қисмида ботиқ ҳолда танга қиймати 1000 рақами ва лотин босма ҳарфларида so’m сўзи ёзилган.

Танганинг орқа томони (реверс) марказида Ўзбекистоннинг давлат герби тасвирланган. Гербнинг ташқи айланаси бўйлаб босма лотин ҳарфларида айланасимон кўринишда O’zbekiston markaziy banki сўзлари ёзилган.

Гербнинг остида танга намунаси тасдиқланган йил — 2022 рақами кўрсатилган. Танганинг ён қирраси силлиқ ишланган.

Қайд этилишича, муомалага чиқарилаётган 1000 сўмлик танга кўринишидаги пул белгилари бугунги кунда муомалада бўлган 2001 йил намунасидаги 1000 сўмлик банкнотлар билан бир қаторда (параллел равишда) муомалада бўлади.

Яъни, 2001 йил намунасидаги 1000 сўмлик банкнотлар ҳам тўлов қобилиятини йўқотмайди.

Шунингдек, янги кўринишдаги ушбу пул белгилари айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.