DataLife Engine > Технология > Ўзбекистонда телеканаллар фаолияти вақтинча тўхтатилади

Ўзбекистонда телеканаллар фаолияти вақтинча тўхтатилади

Ўзбекистонда 6–30 июль кунлари теледастурларни эфирга узатиш қурилмаларида ярим йиллик профилактика ишлари олиб борилади. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, аҳолига телевидение дастурларининг узлуксиз ва сифатли тарқатилишини таъминлаш мақсадида Радиоалоқа, радиоэшиттиришлар ва телевидение марказининг техник воситаларини йиллик режаларда белгиланган муддатларда ўчириб, профилактика ишлари мунтазам равишда амалга оширилади.

Марказнинг рақамли теледастурларни шакллантириш қурилмаларида, телерадио узаткичларида, антенна-фидер тизимларида ва сунъий йўлдош қабул қилиш-узатиш қурилмаларида ярим йиллик профилактика ишлари 6–30 июль кунлари ўтказилади.

14 июль куни соат 01:00 дан 06:00 гача (13 июлдан 14 июлга ўтар кечаси) рақамли теледастурларни шакллантириш қурилмаларида ва соат 01:00 дан 10:00 гача телерадио узаткичларда ярим йиллик профилактика ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу вақтда Тошкент шаҳрида ва республика бўйича рақамли теледастурларни (МТРК теледастурларидан ташқари) тарқатиш вақтинча тўхтатилади. Бунда Тошкент шаҳрида ва бир қатор вилоятларда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг теледастурларини тарқатиш тўхтатилмайди, лекин айрим сифат пасайиши ҳолатлари кузатилиши мумкин.

Шунингдек, Қорақалпоғистон ва вилоятларда ҳам 6–28 июль кунлари соат 01:00 дан 10:00 гача давлат, нодавлат, маҳаллий ва «UzDigital TV»нинг тижорат телеканалларини узатадиган рақамли телеузаткичларда жадвал асосида ярим йиллик профилактика ишлари ўтказилиши режалаштирилган.

«Тўхталишлар кузатилган вақтда абонент ускунаси (тюнер ва телевизор) созламаларини ўзгартириш тавсия этилмайди», дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь–декабрь ҳолатига кўра, 100 та уй хўжалигига тўғри келадиган телевизорлар сони 162 тани ташкил этиши маълум қилинганди.

скачать dle 12.0



Вернуться назад