Самарқандда Lacetti’дан ярим кило олтин қотишмалари топилди

Улашиш:

Самарқанд вилояти Булунғур туманида олтин металл қотишмаларини олиб кетаётган автоулов тўхтатиб қолинди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Булунғур туман бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро О.А. бошқарувидаги Lacetti автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада машинада оғирлиги 525,9 грамм бўлган умумий баҳоси 358,2 миллион сўмлик 15 дона олтин металл қотишмалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган. Ҳайдовчи уни Навоий вилоятида яшовчи фуқаро Ш.Н.дан олиб, Тошкент шаҳридаги фуқаро Э.Қ.га етказиши керак бўлган.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.