Нукусда шифокорлар тирик чақалоқни ёриб кўриб, унинг ўлимига сабабчи бўлишди

Улашиш:

Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро Н.Й. 2021 йилнинг 14 февраль куни қиз жинсли чақалоқни дунёга келтирган. 15 февраль куни соат 09:15 да Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий перинатал маркази шифокорлари томонидан ушбу чақалоқ ўлгани қайд этилиб, соат 10:15 да патология бюроси ходимларига бериб юборган.

Патология бюроси ходимлари томонидан чақалоқнинг кўкрак қафасида анотомик кесма кесган вақтида чақалоқда ҳаётий белгилар аниқланган. Шундай бўлса-да, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмасдан, Қорақалпоғистон Республикаси перинатал маркази шифокорлари чақирилиб, чақалоқ қайтариб бериб юборилган.

Натижада, чақалоқ ўз вақтида зарур тиббий ёрдам кўрсатилмагани оқибатида вафот этган. Ушбу ҳолат юзасидан Нукус шаҳар прокуратураси томонидан 2021 йил 6 апрель куни Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят ишининг дастлабки тергов ҳаракатлари давомида тайинланган комиссиявий суд-тиббиёт экспертизасининг 2021 йил 26 октябрдаги хулосасида фуқаро Н.Й.нинг чақалоғи ўлимига амалдаги стандартларга мувофиқ реанимацион ёрдам — ўпканинг сунъий вентиляцияси, сурфактант ва лозим даражада қаров ўтказилмагани ҳамда патолого-анатомик тадқиқот мақсадида тирик чақалоқда ўтказилган анотомик кесма-жароҳат сабаб бўлгани, стандартларга мувофиқ даво муолажалари ўтказилган тақдирда, чақалоқ ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлгани кўрсатиб ўтилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий перинатал маркази чақалоқларнинг реанимация бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган А.Д., Қорақалпоғистон Республикаси перинатал маркази неонатолог шифокори бўлиб ишлаган С.Р. ва Қорақалпоғистон Республикаси патология-анатомия бюроси патология-анатом шифокори К.Г. Жиноят кодекси 116-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланувчи тариқасида жиноят ишига жалб қилинган.

2021 йилнинг 4 декабрь куни жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланиб, айбланувчиларга эълон қилинган ва шу куни жиноят иши ҳужжатлари айбланувчиларга танишиб чиқиш учун тақдим этилган ва жиноят ишлар бўйича Нукус шаҳар судига Жиноят-процессуал кодексининг 388-моддаси мувофиқ мазмунан кўриб чиқиш учун юборилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.