Самарқандда ўғил ўз отаси ва акасини болта билан ўлдириб қўйди

Улашиш:

Ургутда фуқаро ўзининг отаси ва акаси билан жанжаллашиб, уларни болта ва пичоқ билан уриб, ўлдириб қўйди. Шундан сўнг, у туман ИИБга бориб, айбига иқрор бўлган ва уларнинг жасадини уйининг томорқасига кўмиб юборганини айтган. Гумондорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Самарқанд вилояти Ургут туманида ўғил ўзининг отаси ва акасини болта билан уриб, ўлдириб қўйганлиги маълум бўлди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берди.

7 июнь куни соат 19:30 ларда Ургут тумани «Навбоғ» кўчасида яшовчи фуқаро Ж.М. отаси Б.М. ва укаси Ш. М.лар уйида йўқлиги, қўл телефон рақамлари ишламаётганини айтиб, уларни топиш ёрдам сўраб, туман ИИБга мурожаат қилган.

Олиб борилган терговга қадар текширув жараёнида эса Ж.М. туман ИИБга уларни ўлдириб қўйганлигини айтган ва айбини ўз бўйнига олган.

У уй-хўжалигида фойдаланиладиган болта ва ошхона пичоғи билан дастлаб акасини, сўнгра отасини танасининг турли соҳаларига бир неча маротаба урганини сўзлаб берган. «Уларни қасддан ўлдириб, яшаш уйининг томорқасига кўмиб юборган», дейилади хабарда.

Унинг тушунтиришига асосан уйнинг томорқа қисми кўздан кечирилганда Б.М. ва Ш. М.нинг жасади қотиллик аломатлари билан топилган, дейилади прокуратура хабарида.

Ҳолат юзасидан суд тиббий экспертизаси тайинланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ургут туман прокуратураси томонидан гумондорга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» банди (икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди. У Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, гумонланувчи сифатида жалб қилинган.

Фуқаро устидан жиноят иши бўйича вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жомбой туманида ҳам шу ойда 5 нафар фуқаро Германия фуқаросига оғир тан жароҳати етказишда айбланиб, 13 йилдан 19 йилгача озодликдан маҳрум этилган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.