"Аёл кишини урмаган эркак - ҳақиқий эркак эмас"ми?

Улашиш:

 Бугун деярли ҳар бир ўзбек оиласида зўравонлик бор десам, ишонасизми?
Зўравонлик дегани – аёлларнинг фақат калтак ейиши, оғир тан жароҳатлари олиб, ногиронга айланиши ёки вафот этишигина эмас. Аёлларнинг бор эркини чегаралаб қўйиш, зўравонлик, уни камситиш, у ҳам чарчаши, касал бўлиши мумкинлигини ўйламай, қулдек ишлатиш – зўравонлик, аёл елкасига рўзғорни юклаб қўйиш – зўравонлик. Оилада фарзанд учун ҳар нарсага тақиқ қўйиш, ўзи хоҳлаган касбни танлашига йўл қўймаслик, қизларни "менга ёқди-бўлди" деб, ўзи истамаган одамга узатиш, "маҳмадоналик қилма, катталарга гап қайтарма" дея нутқини бўғиш, ўз фикрини айтишига изн бермаслик ҳам зўравонликдир. Бизнинг ўзбек жамиятида аёл, аниқроғи, келин ўз фикрини айтса – бетгачопар, овози кўтарилса – шаллақи, кўз ёш тўкса – артист, дард ёрса – ношукр, пул сўраса – текинтомоқ, ёрдам сўраса – ишёқмасдир.
Баъзан ўзимга-ўзим савол бераман. Уйдаги зўравонликнинг сабаблари нимада? Нега ўзбек келинларининг пешонасига эридан ҳеч бўлмаганда бир бор калтак ейиш ёзилган? Нима, калтак емаса, ўзбек келинлари гап уқмайдими? Ёки уриб тарбиялаш миллатимизнинг қон-қонига сингиб кетганми? Нафақат келинлар, ҳатто ўз болаларини ҳам уриб тарбиялайдиган асабий халққа айланиб қолаётгандекмиз, назаримда.
Андижон туманининг “Оқ-ёр” маҳалласида ўғиллари кўчабезорилиги билан танилган бир оила бўларди. Уч ўғилнинг уччаласи ҳам қамалиб чиққан, тайинли ҳунари йўқ, аммо кўчада юришини кўрсангиз, бойваччанинг боласи дейсиз. Катта ўғил узоқ йиллик қамоқдан қайтгач, оила қуриб, тинчгина яшай бошлади.
"Шу ўғрига ҳам гулдай қиз тегди-я, ҳамшира экан, қўли енгиллигини айтмайсизми?!" деб гапириб юрган қўшнилари ҳеч қанча ўтмай даҳшатли қотилликдан хабар топишди. 3-4 кун кўринмай қолган келиннинг яқинлари куёвдан тайинли гап ололмагач, Ички ишларга мурожаат қилишади.
Якунда эса, кўчадаги далаликдан келинчакнинг жасадини ковлаб олишади. Арзимаган жанжал ортидан қотилликка қўл урган собиқ маҳбус безрайиб туриб, "аёл киши эрига қул бўлиб яшаши кераклиги, акс ҳолда, ўзига шунақа жабр қилиб олиши мумкинлиги" ни таъкидлаган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, шу йилнинг 30 май ҳолатига Ўзбекистонда ўғил болалар сони қизлар сонидан кўпайиб кетган.

Орадаги фарқ қарийб 225 мингга етган
♂️Ўғил болалар – 4 954 910 нафар
♀️Қиз болалар – 4 730 654 нафар
Демак, энди илгаригидек "Дарахтни силкитсанг, "дув" этиб қиз ёғилмайди"

Оддий можаро, даҳанаки жанглар бора-бора катта жанжалга айланиб кетган, оқибатда, кўплаб ёш келинларнинг ҳаётига нуқта қўйилган бундай ҳолатларни кейинги йилларда афсуски, кўп учратяпмиз. Ё илгари бундай ҳолатлар бўлмаган, ёки интернет, ижтимоий тармоқлар ривожланмагани боис бу маълумотларни билмаганмиз. Кейинги 5 йил давомидаги маълумотларни титкиласангиз, ўнлаб, юзлаб уйдаги зўравонликка мисол топасиз. Халқаро ҳисоботларда ёзилишича, ҳар куни дунё бўйлаб 137 нафар аёл ўз умр йўлдоши ёки эркак яқини томонидан ўлдирилар экан.
Аммо қуйидаги маълумотлар қайсидир хориж давлатида рўй берган эмас, Ўзбекистонда содир бўлган қотилликлар.

 Мана улар:
2018 йил, ноябрь
"Тошкентда янги куёв келинчакнинг қорнига шундай тепганки, ҳомиладор келин ўлиб қолган"
2019 йил, август
"Тошкентда эркак хотинига 30 марта, қайнонасига 7 марта пичоқ уриб ўлдирган"
2019 йил, сентябрь
"Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 50 ёшли аёл ўгай ўғлининг хотини ҳамда унинг икки ёшга етмаган гўдагини ярим кечаси пичоқлаб ўлдирган".
2020 йил, апрель
"Қашқадарёда қайнсингил янгасини ўлдирди, камига 9 ойлик жиянини ҳам пичоқлади".
2020 йил, май
"Бухоро вилоятида 70 ёшли кампир келинини темир жисм билан уриб ўлдирди".
2021 йил март
 "Фарғона вилоятида қайнота келинини пичоқлаб ўлдирди".
2021 йил июль
"Сурхондарё вилоятида боласига арзон пойабзал олиб берган келин қайнона ғазабининг қурбонига айланди".
2022 йил, май
"Термизда эркак боласини кўрсатишдан бош тортгани учун аразлаб кетган хотинини ўлдирган".

Тақдирлар – турфа. Аммо ҳаммасининг туташадиган нуқтаси битта – уйдаги зўравонлик. Шуниси ҳам борки, ўзбек аёлларидаги истиҳола, оти қўрқув деб аталувчи андиша ҳисоботларда қайд этишга арзигулик зўравонликларни ҳам оиласидан ташқарига чиқаришга тўсқинлик қилади. Акси бўлганида, мақолалар 3-4 та эмас, минг-минглаб аёллар тақдирлари ҳақидаги ҳикоялар билан тўлиб-тошган бўларди.
"Бу уйда менинг гапим гап бўлиши керак!"
"Эрим ичмаса, бир яхши одам. Аммо ичганидан кейин ғирт махлуққа айланади. Ойда-йилда бир ичса майли эди, атрофидаги алкаш жўраларига қўшилиб, кунора ичишни одат қилиб олган. Қўшнининг мушуги болаласа ҳам сабаб қилиб ичаверишади. Авваллари ичиб олса, хонамизга кириб кетиб, тезда ухлаб қоларди. Аммо энди кўтара олмай қоляпти. Мени ургани, ҳақоратлагани майли, болаларни ҳам тўзғитади. Қизимнинг бўйи етиб қолди. Дадасининг қилиқларидан уялиб, кунда йиғлайди. Баъзан тўйиб кетганимдан ажрашмоқчи бўламан. Аммо ота-онам ўтиб кетишган, 3 та бола билан акамникига қачонгача сиғардим? Сабр қилиб, Аллоҳдан инсоф сўраяпман".


Шоҳида Алимова
33 ёш

"Узоқроқ қариндошимизга турмушга чиқдим. Аниқроғи, ота-оналаримиз "қариндошчилик узилмасин" деб, қуда тутинишди. Менга қолса, ўқишга кирмоқчи эдим. Мактабда аъло баҳоларга ўқиганман. Аммо ота-онамнинг орзу-ҳаваси деб, ўқиш ҳақидаги орзуларим армонлигича қолиб кетди. Янги тушган хонадонимда ҳамма нарса қайнонамнинг измида. Ҳатто шифокор кўригига бориш, ота-онам билан телефонда гаплашиш учун ҳам у кишининг рухсатини сўраш керак. Илк жанжал эрим билан поликлиникага бориб келганимдан сўнг келиб чиқди. "Мен қайнонаманми-йўқми, бу уйда менинг гапим гап бўлиши керак!" деган важ билан жанжал кўтарди. Аслида, мен ойижондан уялганим учун гинекологга турмуш ўртоғим билан боргандим. Энди эса...”


Мафтуна Азимова
19 ёш

"Турмуш қурганимга 20 йил бўлди. Ўғил уйлаб, қиз чиқарадиган бўпқолдик. Аммо эрим ҳалигача қуйилмади. Гап кўтаролмайди, инжиқ, бақироқ, ўта асабий. Балким, ҳаётда омади юришмаганига шунақа аламзада бўпқолгандир. Аммо бунда менинг нима айбим бор? "Эркакнинг иши юришмаса ё минган уловини алмаштириши керак экан, ё хотинини" деб кўп айтади. Рости, жуда хафа бўламан. Чунки шунча йиллик рўзғор юкини биргаликда тортишиб келяпман. Кўйлак-лозим, кўрпа-ёстиқ жилдлари, нима бўлса тикиб, рўзғорга қарашдим. Энг алам қиладигани, эрим шунчаки сўкмайди, гупиллатиб уради ҳам. Айтишича, "хотинини урмаган эркак – эркак  эмас экан".


Одинахон Зиёдова
43 ёш

"Дарахтни силкитса, "дув" этиб қиз ёғилади"ми?
Уйдаги зўравонлик ҳақида жуда кўп ёзилади. Сабаблари, оқибатлари, олдини олиш, аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳақида.
Бу борадаги мақолаларда айтилмаган гапларнинг ўзи қолмаган. Лекин ўзим ҳам ўзбек келинларининг типик вакили сифатида, шу жамият ичида юриб, гувоҳ бўлган, шу қозонда қайнаган бир жон сифатида айта оламанки, уйдаги зўравонликни биз ўзимиз келтириб чиқарамиз. Тан олинг, қиз бола ҳамиша ўғил фарзанддан паст кўрилган. Ўғил кўрса, оғзини тўлдириб мақтанадиган, қиз кўрса, ҳатто туғруқхонага боргиси келмайдиган эркаклар бор. "Қиз бола – бировнинг хасми", дея эртароқ бериб юборишга, тезроқ қутулишга уринадиган ҳам биз – ўзбеклар.
Қизимизни оқ ювиб-оқ тараб, катта бўлиб, қўлимиздан ишимизни олганида, бегоналар қўлига "қул"ликка топширамиз. Борган эшигидан қайтиб келмаслиги учун қуда томонга ялинамиз, касал бўлса, обкелиб даволаб жўнатамиз, қизимиз уларга яхши кўриниши учун молу-дунё билан қудаларнинг, куёвнинг оғзини мойлаймиз. Куёв болани момоларимиз айтмоқчи, "мис товоққа чиқарамиз". Бунинг натижасида биздаги муносабат қизимиз бечоранинг янги оиласига ҳам кўчади. Биз ўзимиз билмаган ҳолда қизимизни ўзга оиладаги ўрнини ҳам белгилаб қўямиз.
Энди, айтинг-чи, бундай мулозамат, хотин томонининг бундай эркалатиши қайси эркакка ёқмайди? Ўзбек қизлари шу даражада арзонки, ўғли борлар арзимаган можаро сабаб ҳам "ўғлимга онаси ўпмаганини олиб бераман ҳали", дея бемалол келинини ҳайдаб юбориши мумкин. Қайнонанинг фикри, албатта, оиладаги ҳолатга таъсир ўтказади.
Уйдаги зўравонликнинг чегараси борми?
Бу – ё тақдирга тан бериб, ўша муҳитда яшаб қолиш ёки Аллоҳга таваккал қилиб, ажрашиб кетиш. Аммо, билишимча, ҳар иккала вазиятда ҳам зўравонлик тугамайди. Ҳатто ажрашиб, ота уйига қайтиб келган аёллар ҳам зўравонликка дуч келадилар. Ўзбекларда "чиққан қиз - чийдан ташқари" деган мақол бор. Бунинг маъноси6 ажрашган жувон оила аъзоларининг ҳеч бирига ёқмайди. Яқинларининг маломати ва боласини турткилашларига учрайди.
Мактабни битириш арафасида турмушга узатилган Муҳаббат 8 йилдан бери 3 боласи билан ота уйида яшайди. Ҳикоя қилишича, 5 йилдирки, эридан фарзандлари учун алимент ундиролмайди. Камига, отасининг хўрлашлари жонидан ўтган. Пенсионер ота-онаси ва бир укаси билан катта ҳовлига сиғишмаётган аёл бировга юк бўлмаслик учун хусусий корхонага ошпаз бўлиб ишга киришга мажбур бўлган.

Оилани асраб қолиш учун ҳаракат қилмадингизми, деган саволимга Муҳаббат "болаларига меҳри йўқ, 3 йилдан бери кўргани келмайди, бундай отанинг боридан йўғи яхши" деб жавоб берди. Отаси эса эридан ажрашган қизи ва болалари унга юк бўлаётганини яшириб ҳам ўтирмайди.

ХУЛОСА
Энг муҳими, оиладаги тарбияни, қиз фарзандга бўлган муносабатни ўзгартиришимиз керак
Мисол учун, аёлини дўппослаган эркакларга нисбатан жиддий чоралар кўрилмайди. Агар хориж тажрибасига таяниб, хотини, боласини урган шахсларга қатъий чоралар, ҳеч бўлмаса, "отнинг калласидек" жарима қўлланилганида эди, худди автомашинасида қоида бузиб, жарима тўлашга қўрқиб қолган ҳайдовчилардек эркаклар ҳам озгина қўлларини тийган бўлармидилар?


Отам менга ҳамиша "Ўзининг қадрига етмаган одамни биров қадрламайди. Энг аввало, ўзингни-ўзинг сев, яхши нарсаларни ўзингга раво кўр, бошқалар ҳам шунга қараб муомала қилади", дер эдилар. Шундай экан, биз аёллар энг аввало ўз қадримиз, ўрнимизни билишимиз, ҳатто талаб қилишимиз керак. Ҳатто, муқаддас динимиз Исломда ҳам аёл кишини ҳурмат қилиш, эъзозлаш буюрилган.

Муаззам СОБИРЖОН қизи
2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.