Самарқандда бутун оила ботулизмга чалиниб, 2 киши вафот этгани бўйича қўшимча маълумот берилди

Улашиш:

Қўшработ туманида бир оиланинг 5 аъзоси ботулизмга чалиниб, уларнинг 2 нафари вафот этганди. Аниқланишича, улар уй шароитида тайёрланган помидор-бодринг тузламасидан заҳарланган.

Самарқанд вилояти Қўшработ туманида 5 киши овқатдан заҳарланиб, уларнинг 2 нафари вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳолат бўйича қўшимча маълумотларни тақдим этди.

Қайд этилишича, «Зармитан» МФЙда 6 январь куни 1971 йилда туғилган фуқаро С.Н. хонадонида яшовчи оила аъзоларидан турмуш ўртоғи — 1972 йилда туғилган Ф.С., шунингдек, 3 нафар фарзанди — 1996 йилда туғилган Д.Э., 1998 йилда туғилган Ш. Э. ва 2008 йилда туғилган Б.Э. туман тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимига овқатдан заҳарланиш-ботулизмга гумон ташхиси билан ётқизилган.

Туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ходимлари томонидан беморларнинг отаси Н.С.дан сўраб-суриштирилганда 5 январь куни оила аъзолари гўштли тўғрама шўрва билан уйда қўлбола усулда тайёрланган помидор-бодринг тузламасини истеъмол қилгани аниқланган.

Беморлар туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан кўздан кечирилганда ботулизмга хос клиник белгилар кузатилган ҳамда ботулизм ташхиси қуйилган. Беморларда нафас олишдаги патологик ўзгаришлар бўлгани сабабли сунъий нафас олиш аппаратига уланиб, шифокорлар томонидан муолажалар олиб борилган.

14 январь куни 1998 йилда туғилган Ш. Э. кўрсатилган реанимацион ёрдамга қарамасдан, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги оқибатида ботулизм бульбар синдроми ташхиси билан шифохонада вафот этган. 26 январь куни эса 1996 йилда туғилган Д.Э. кўрсатилган реанимацион ёрдамга қарамай, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги оқибатида ботулизм бульбар синдроми асорати ташхиси билан вафот этган.

2008 йилда туғилган Б.Э.нинг аҳволи яхшилангани учун 17 январь куни реанимация бўлимидан юқумли касалликлар бўлимига ўтказилган. Бемор Ф.С.нинг аҳволи яхшиланиб, ботулизимга хос клиник белгилари қолмаган. Шифохонадаги беморларга специфик, симптоматик ва дезинтоксикацион даво муолажалари давом эттирилмоқда. Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимида даволанаётган, 1971 йилда туғилган фуқаро Н.С.нинг ботулизмга хос клиник белгилари қолмагани ҳамда аҳволи яхшилангани сабабли 23 январь куни қониқарли аҳволда уйига жавоб берилган.

Ҳолат бўйича касаллик қайд этилган хонадондан олинган уй шароитида тайёрланган помидор-бодринг тузламаси ҳамда беморлардан олинган биоматериаллар вилоят Санитария бошқармаси бактериология лабораториясида таҳлилдан ўтказилганда уй шароитида тайёрланган тузлама ва беморлар қусуқ массасидан ботулизм қўзғатувчиси аниқланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.