Инсон ички оламини тафтиш қилувчи “Ишққа оид 40 қоида” романи ҳақида

Улашиш:

Мени менда деманг менда эмасман,
Бир мен бордир мендан менда ичкари.

Юнус Эмро

Биз яшайверамиз. Тонгда уйғонамиз, кун давомида одатий юмушларимиз билан машғул бўламиз. Асосан, жамият белгилаб қўйган қоидалар асосида ҳаёт кечирамиз. Дунёдаги 70-80 фоиз инсонларнинг ҳаёти шундай ўтади.

Ҳар бир шахс ичида ўзга одам, ўзга олам яшайди. Аммо камдан кам инсонлар ўша ўзга одамига қулоқ солади, уни намоён қилади. У бизнинг “мен”имиздир. У бизни ўзгачароқ яшашимизни, эркинроқ нафас олишимизни, жамиятдаги кўплаб стереотипларни бузиб ташлашимизни истайди. Аммо кўпинча қобиқни ёриб чиқишимизга баъзан кучимиз, баъзан эса журъатимиз етмайди.

Элиф Шафақнинг “Ишққа оид 40 қоида” асари айнан шу ичкаридаги “мен”имизни қайсидир маънода излашимизга, балки қисман топишимизга ёрдам беради, йўл кўрсатади.

Aсар икки давр – ХIII ва ХХI аср воқеаларини ҳикоя қилади. Романнинг ёзилиш услуби жуда ўзгача. Буни давр тафовути ҳам кўрсатиб турибди. Ундаги бош қаҳрамонлар: ҳар бир шахс ичида битта ёмон, битта яхши шахс яширин деб билгувчи, ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор, ҳар яхшининг вазият тақозо этса бир ёмони, албатта, бўлади, деган фикрда яшовчи, ҳаммани тушуна олувчи, Худони излаб йўлга чиққан Шамс Табризий;

Шамсни ўз ичидаги “мен”и деб ўйлагувчи, Табризийга маънавий ишқ орқали қаттиқ боғланиб, унинг ҳажрида шоирга айланган Мавлоно Румий;

“Ширин шаккоклик” китобини ўқиб, уни ҳатто умрида кўрмаган, дунёнинг қайсидир бурчагида кезиб юрган бир инсонга хат йўллаш орқали бутун ҳаётий “режим”ларини ўзгартирган, суратидаги “мен”ини сийратидаги “мен”ига алмаштириб “программалаш”тиролган Элла.

Кўпчиликдан эшитиб қоламиз “динда бунинг қоидаси ундай, йўқ хато қиляпсан бундай. Бундан сўнг у келади, ундан сўнг буни қиласан”, каби танбеҳ ва ўгитларни. “Ишққа оид 40 қоида”да бу каби танбеҳлар қораланмайди, аммо бошқачароқ талқин этилади. Яъни “одамлар Худо билан қандай гаплашишларига қараб ҳукм чиқариш керак эмас. Ҳар бир инсоннинг ўз йўли ва ўз дуоси бор. Худо биз ҳақимизда айтган сўзларимизга қараб ҳукм чиқармайди. У бизнинг қалбимизга теран назар солади.

Қонун-қоидалар (ақидалар) асосий эмас, асосийси, бизнинг қанчалар софлигимиз. Оддий мисол: “Нега намоз ўқимайсан?” деган саволга айримлар “асосийси дилингда бўлсин”, деб жавоб беради. Бу жавобни нотўғри деб бўлмайди. Дилингда бўлмаса-ю, аммо фарз деб намоз ўқийверсанг, бу шунчаки амал бўлиб қолаверади. Энди танганинг иккинчи тарафи ҳам бор: чиндан дилингда бўлган нарса амалга кўчмай қолмайди… Ҳам дилда, ҳам амалда бўлиши қанчалар гўзал!

Китобни илк бор кўриб турган китобхон уни севги-муҳаббат ҳақида деб ўйлайди. Aсар чиндан ҳам севги-муҳаббат ҳақида, аммо бошқачароқ, маънавий ишқ тўғрисида.

Aсарни психологик асарлар сирасига киритсак бўлади. Руҳни тозалайди, ўзингизга бериб келадиган кўплаб саволларингизга жавоб топиб беради. Энг муҳими, ўзингизни, ўзлигингизни англаш йўлини кўрсатади.

Шамс Табризий учун кечанинг аҳамияти йўқ, эрта билан иши бўлмайди. Унинг учун айни дам муҳим. Унинг фикрича, одамлар айни пайтдаги умрини яшай билиши даркор. Чунки бугун эртага кечага айланади. Эрта эса бугун бўлади. Шундай экан, айнан бугуннинг кечагаям, эртагаям даҳли бор.

Шамс учун гуноҳ-у савоб нисбийдир. Худони чиндан севган инсон сабабсиз гуноҳ қилмайди.

Aсарни ўқир экан, китобхонни Румийдек шайх, одамларни маърузалари орқали яхшиликка бошловчи шахс майхонага боргани озгина ажаблантириши мумкин. Бунинг ҳам ўз сабаби бор. Уни Шамс жўнатганди.

Румий кучли нотиқ эди. Ҳаммани сеҳрлаб қўя олар, халқнинг дардига малҳам бўлгувчи гапларни сўзларди. Шунинг учун ҳам халқ ичида машҳур бўлди. Aммо дардманднинг ҳолини дард чеккан одамдан бошқа ҳеч ким яхши тушунолмайди. Табризий Румийнинг айнан шундай дардли бўлишини истади. Шу сабабдан ҳам халқнинг энг-энг қуйи қатлами аҳволидан Румийни хабардор қилиш учун ҳатто тиланчига айлантирди, машҳурлик отидан пастга туширди, майхонадан май олиб келтирди, фоҳиша билан мулоқот қилдирди. Натижада, Румий ҳаммани тушуна оладиган, ҳис қилоладиган инсонга айланди. Шамснинг энг катта охирги имтиҳони қолганди. Бу – Румийни ўзидан жудо қилиш. Шундай бўлдиям.

Эллага келадиган бўлсак, унинг осуда ва тартибли, аммо мазмунсиз ҳаётига жўшқинлик, ўзи нафратланадиган тартибсизлик кириб келди. “Ширин шаккоклик”ни ўқиб ўзи ҳам ширин шаккоклик истаб қолди. Қалбининг қаеридадир қурум босиб ухлаб ётган ишқни тафтиш қила бошлади. Aёл эътиборсиз қолса, ё ўчиб қолади, ёки ёниб кетади. Элла эрига нисбатан ўчиб, Aзизга нисбатан ёнди. Ишқ Эллани уйдан чиқиб кетишга, мустақил яшашга чорлади. Унинг қилган ишига ҳар бир китобхон ҳар хил баҳо беради. Кимдир қоралайди, кимдир оқлайди, кимдир эса шунчаки тушунади.

Лекин бир нарса аниқки, Элланинг ҳаётига мазмун кириб келди. Энди унда табассум, мақсад. Умид мавжуд. Айни шу нарсаларни ҳеч бир одам йўқотиб қўймаслиги керак. “Мен”ини қаерларгадир кўмиб юборган, бир хилда ҳаёт кечираётган инсонлар ўзларини тафтиш қилишлари, нима учун яшаётганлари ҳақида ўйлаб кўришлари керак. Бир хиллик киши ҳаётидан мазмунни йўқотади, инсонни роботлаштиради. Шу сабабдан ҳам ҳар биримизга ички одамимиз, ички оламимиз жуда муҳимдир.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.