Ватанга келин билан. Хитойлик ёш мутахассис Тошкентни қандай севиб қолгани ва ўзбекистонлик қизга уйланмоқчи экани ҳақида

Улашиш:

Чжан Кэ – Хитойнинг жануби-шарқида туғилган ўттиз ёшлик йигит. 2019 йилда у Тошкентга иш юзасидан келган ва шундан бери ватанига қайтиб бормаган. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон унинг учун чинакам иккинчи ватанга айланган, қулай, экзотик ва жуда лаззатга бой макон. Хитойлик йигит қандай қилиб юртимизга келиб қолгани ва нима учун шу давр ичида Ўзбекистонни бу ердан ўз ватанига келин олиб кетишга тайёр даражада севиб қолгани ҳақида материалимизда ўқинг. 

Таржимаи ҳол саҳифалари 

Мен гўзал порт шаҳар – Нинбода туғилганман. Оддий оиладанман: отам ишчи, онам Хитой компанияларидан бирида ходим. Улар ҳозир 60 ёшда, бутун умрини меҳнатга бағишлаган ва ҳеч қачон мамлакат ташқарисига чиқмаган. Ростини айтсам, улар тузукроқ дам олишни ҳам билмайди.

Аввалига ота-онамга ўхшаб бутун умримни Хитойда ўтказиб яшайман, деб ўйлагандим. Аммо 18 ёшимда Нанкин университетига ўқишга кирганимдан сўнг ҳамма нарса кескин ўзгара бошлади. Ўқишда қийналмадим, гуруҳдаги энг яхши талабалардан бири бўлдим. Юқори академик кўрсаткичлар Бауман номидаги Москва давлат техника университетининг магистратура дастурларидан бирида қатнашиш имконини берди, у ерда уч йил таҳсил олдим.

Чжан Кэ ва унинг ўзбекистонлик муҳаббати Юлия

Менинг асосий иш жойим атом электр станцияси бўлиши керак эди. Аммо магистратурани тугатгач, ҳаётим “суғур куни”дек бўлишини истамайман, деган қарорга келдим ва ўз ихтиёрим билан собиқ иттифоқ давлатларидан бирида Хитойнинг Hikvision компаниясининг техник мутахассиси бўлиб ишлаш ташаббуси билан чиқдим. Аввалига менга Озарбайжонда иш таклиф қилишди. Орадан бир йил ўтиб, бундан кўпроғига тайёр эканлигимни англадим, натижада иш берувчилар мени менежерликка кўтариб, Ўзбекистонга юборишди.

Уч йилдан ортиқ вақтдан бери Тошкентда лойиҳа менежери сифатида ишлаб келаман. Бундай юқори лавозимда аввал ишлаган эмасман. Функционал вазифамни бошлаганимдан кейингина бу нақадар машаққатли ва масъулиятли иш эканини англадим. 

Жозибадор Ўзбекистон 

Ўзбекистонда мени ҳайратга солган биринчи нарса – иқлим ва табиат бўлди. Январь ойида мамлакат жанубида тўрт даража илиқ, Нукусда эса ўн даражалик аёз бўлиши мумкин экан. Мамлакатнинг денгизга чиқиш йўли йўқ, лекин жуда кўп чиройли кўллари, табиий ва сунъий сув ҳавзалари ҳамда йирик дарёлари мавжуд. Бу ердаги қишнинг “юмшоқ”лиги, баҳорнинг серқуёшлиги, иссиқ ва қуруқ ёз ҳамда ҳайратланарли даражада гўзал куз фасллари менга ўта жозибали туюлди.

Бауман номидаги Москва давлат техника университетида магистр даражасини олиш

Мени ажаблантирган иккинчи нарса – одамлар серёғ овқатларни истеъмол қилиб, устидан газланган сувни ичса ҳам ҳеч семирмас экан. Учинчиси, салоҳиятли Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатнинг жадал ривожланаётгани.

Ҳозирча Ўзбекистоннинг барча шаҳарларини кезиб чиқишга улгурмадим, лекин кўрганларим яхши таассурот қолдирди. Афсонавий Самарқандни сайёҳлик учун энг мақбул шаҳар деб атаган бўлардим. Бу ерда нафақат қадимий меъморчилик асарларига мафтун бўлдим, балки шарқ бозорларини ҳам ўз кўзим билан кўрдим, қадимдан мамлакатларимизни, шаҳарларимизни, халқларимизни, маданиятимизни боғлаб турган Буюк Ипак йўли қандай бўлганини тасаввур қила олдим. Менимча, энг мазали палов шу шаҳарда пиширилади.

Яна бир ғайриоддий шаҳар бу Бухорои шарифдир. Пастқам уйлар, тор кўчалар, бир маромдаги турмуш тарзи – буларнинг барчаси одамга сокинлик бағишлайди. Таомлардан менга бу ернинг сомсаси, аниқроғи, унинг хамири жуда ёқди. Аслини олганда, ёғсиз, мева ва сабзавотларга бой таомлар тарафдориман, лекин ўзбекона ошхонада бундай тартибни унутиб қўяркан киши.

Мен ташриф буюриш бахтига муяссар бўлган учинчи шаҳар – Хива. Бу ернинг меъморчилиги Самарқанд ва Бухородагидан тубдан фарқ қилади, одамлар, урф-одатлар ва кийим-кечаклар ҳам жуда ўзгача, лекин ўзбек ошхонасининг мазали таомлари ўша-ўша, масалан, тандирда пиширилган гўштни олайлик. Мен бу таомни жоним билан тез-тез истеъмол қилиб турган бўлардим.

Компаниянинг Самарқанддаги ҳамкорлари билан музокаралар

Фарғона водийсидаги шаҳарлар – Фарғона, Наманган, Қўқон ҳам менга жуда ёқди. Бу ерда деярли ҳамма бир-бирини танийди, маҳаллий аҳоли ҳар доим меҳмонларни кутиб олишдан чарчамайди, илиқ, самимий қарши олади, ноз-неъматлар тўла дастурхон ёзиб, ҳайратга солишади. Бу ерда кабобни татиб кўрдим: таъми бутун умрга ёдимда қолди.

Шу билан бирга, Тошкентни энг севимли шаҳрим деб биламан. Биласизми, хизмат сафаридан Ўзбекистон пойтахтига қайтиб келганимда: “Хайрият, энди уйдаман!” деган фикр беихтиёр хаёлимдан ўтади. Уйда эса ҳамма нарса, ҳаттоки эндигина тандирдан чиққан, бармоқларни куйдирувчи оддий нон ҳам мазали туюлади! Ўзбекистон пойтахтида кўплаб хитой ресторанлари ва дўконлари пайдо бўлганини ҳам таъкидламоқчиман, уларда ранг-баранг маҳсулотлар тақдим этилган. 

Умумий хусусиятлар 

Ўзбекистонга келганимдан сўнг унинг Хитой билан ўхшаш жиҳатлари жуда кўп эканлигини пайқадим. Масалан, бу қишлоқдаги тўйлар. Улар қариндошлар, қўшнилар ва дўстлар даврасида ўтказилгани учунми, шаҳарлардагига қараганда камтарроқ, аммо самимийроқ нишонланади. Бу далалардаги биргаликдаги меҳнат самараси бўлса керак.

Яна бир қизиқарли хусусият – чет тилларини фаол ўрганиш. Бугунги кунда Тошкентда инглиз тилини ўрганиш бўйича кўплаб марказлар мавжуд. Болалигимда ҳам шундай бўлган ва мен бу ижобий ўзгаришлар учун асосий мезон деб ҳисоблайман.

Ўзбекистонда бизнес юритиш 

Ўзбекистон ҳаёт учун хавфсиз мамлакат. Бу кўплаб инвесторлар учун жуда муҳимдир. Бу ерда бизнес юритиш мумкин ва шундай қилиш керак ҳам. Қолаверса, бироз мураккаброқ бўлган солиқ тизимини янада такомиллаштириш зарур.

Чжан Кэ дўстлари билан Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишни яхши кўради

Инвестиция киритишнинг истиқболли соҳалари қаторида кўчмас мулк, умумий овқатланиш ва чакана савдони ажратиб кўрсатиш мумкин. Ўзбекистон мева-сабзавотларини хорижга етказиб беришни ташкил этиш алоҳида ва катта сегмент ҳисобланади. Агар бу маҳсулотлар хитойликларнинг дастурхонига катта ҳажмда етиб борса, хурсанд бўлган бўлардим, чунки улар мазали ва табиий маҳсулотлар. 

Мамлакат ҳақида хотиралар 

Ўзбекистондан узоқда бўлсам, миллий дастурхон, бетакрор безакли гўзал идишлар доимо хотирамда туради. Шу боис Хитойга ўзбек ошхонаси, иссиқ палов ва хушбўй чойни эслатувчи қўлда тайёрланган идишлар тўпламини олиб кетиш ниятидаман. Ноёб, бетакрор нарсаларни қадрлайман ва ўзим билан қўлда ясалган ёғоч сувенирни ҳам олиб кетмоқчиман. Қолаверса, оилам ва дўстларимни ўзбекларнинг қуритилган мевалари ва асал билан хурсанд қилмоқчиман: менимча, бу табиий витаминларнинг кони. Ўзим билан Марказий Осиёдан келин ҳам олиб кетган бўлардим, қизлар билан мулоқот қилишда катта тажрибам йўқ, лекин юрагим ҳаётимда шундай воқеа содир бўлиши мумкинлигини “айтмоқда”.

Ўзбекистон – мен бундан кейин ишлаб қолишга тайёр бўлган давлат, гарчи ота-онамнинг ёлғиз ўғли бўлсам-да, улар мени бошқа давлатга ишлаш у ёқда турсин, ҳатто ўқишга ҳам кетишимни ҳеч қачон исташмаган. Ҳозир улар мени кутишмоқда, ўз шаҳримда, туғилиб ўсган юртимда яшаб, ишлашимни орзу қилишади. Бир кун келиб бу воқеа муқаррар содир бўлади, чунки мен уларни ташлаб кетолмайман. Лекин Ўзбекистонда яшар эканман, мени тушунганликлари учун улардан беҳад миннатдорман. Куни келиб, ўз ватанимга қайтаман, лекин бу ажойиб Шарқ мамлакати ҳақида фақат яхши хотиралар қолади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.