Мутахассис: Ўзбекистон иссиқхона хўжаликлари йўқ қилиниш арафасида турибди

Улашиш:

Иқтисодчи Юлий Юсупов Ўзбекистоннинг иссиқхоналар эгалари учун газдан кўмирга ўтиш билан боғлиқ оғриқли масаласини кўтарган. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг иссиқхона хўжаликлари йўқ қилиниш арафасида.  

Экспертнинг таъкидлашича, Мева-сабзавот етиштирувчилар миллий Ассоциацияси маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 5,2 минг гектар майдонда 6 мингдан ортиқ иссиқхона фаолият юритиб, 600 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда, шу жумладан 300 миллион доллар экспорт даромади шунинг ҳисобидан келмоқда. Саноатда 35 мингдан ортиқ киши ишлайди. 

"Бугунги кунда секторнинг асосий муаммоси шундаки, бизнинг амалдорларимиз негадир иссиқхоналарни газдан кўмирга ўтказишни жуда хоҳлашди. Бундан ҳам ажабланарли томони шундаки, "иссиқхоналарчилар”га мамлакатда истеъмол қилинадиган газнинг атиги 1 фоизи тўғри келади, бу ҳеч нарсани белгиламаслиги аниқ. Улар газ учун энг юқори тарифларни тўлаб келишган, тўлашмоқда ва бундан кейин ҳам тўлашга тайёр ", - деб ёзади Юсупов.

Шу билан бирга, унинг қўшимча қилишича, ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, кўмирга ўтиш кўплаб ишлаб чиқаришни фойдасиз қолдиради ва уларни ёпиш керак бўлади, кўмир билан ишлайдиган ускуналарга сармоя жалб қилиш эса секторнинг қарз юкини янада оширади. Шу билан бирга, тармоқ қарийб 1 миллиард долларга кредитланган, ҳолбуки мамлакатнинг йиллик ялпи ички маҳсулоти 80 миллиард долларга тенгдир.

Муаллифнинг фикрича, иссиқхона эгаларига кредитлар худди шу амалдорлар босими остида ва бизнес учун қулай шароитлар тўғрисидаги ваъдалар остида берилган.

"11 август куни Бухорода бўлиб ўтган йиғилишда мамлакат президенти Энергетика вазирлиги, вилоят ҳокимлари ва иссиқхона хўжаликлари ўртасида уч томонлама шартномалар тузишни буюрди. Шу билан бирга, иссиқхоналарга ёқилғи маҳсулотларини (кўмир ва газ) узлуксиз етказиб бериш кафолатланиши шартлиги кўрсатилган. Иссиқхона эгалари давлат раҳбарининг ушбу буйруғига ишониб, экиш ишларини амалга оширдилар. Аммо бугунги кунга қадар уларни газга улаш рад этиб келинмоқда. 12 октябрь куни 50 дан ортиқ иссиқхоналар эгалари президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси вакиллари билан учрашишди, аммо бу масала ҳалигача ҳал қилинмаяпти", - дея хабар бермоқда муаллиф.

"Нима учун амалдорлар ушбу секторни йўқ қилишни ва тўланмаган кредитлар туфайли молиявий инқирозни қўзғатишни давом этаётганини тушунмаяпман"- дея   сўрамоқда Юсупов.

"Эслатиб ўтаман, бир неча йил олдин иссиқхоналарни газга улашда коррупцион схема ҳукм сурарди,   яхшиямки, у бартараф қилинди. Бир йил олдин ҳам уларни газдан узишга уринишган эди, аммо бу иш бермади. Ва яна...",- дея таъкидлади Юлий Юсупов.

У ўз хабарини умид берувчи қуйидаги қўшимча билан якунлаган: "Эълон қилинганидан сўнг дарҳол Қорақалпоғистон ва Навоий вилоятида иссиқхона эгаларига газ берила бошлангани ҳақида хабар келди".

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.