Якунига етиб бораётган йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистондан хорижга қиймати қарийб 34 млн. долларлик 104 минг тонна қовун-тарвуз экспорт қилинди. Таққослаш учун мисол келтирадиган бўлсак, ўтган йилнинг худди шу даврида 12,3 млн. долларлик 29,7 минг тонна қовун-тарвуз экспортга йўналтирилган эди. Бу йилги экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан умумий қиймат ва миқдор жиҳатидан деярли 3 баробар кўп бўлди. Хусусан, тарвуз экспорти ҳажми қарийб 8 баравар (6300 дан 49 000 тоннагача), қовун экспорти эса 2,4 баробар (22 700 дан 54 700 тоннагача) ошган.
Мамлакатимизда етиштирилган тарвузлар 16 та давлатга экспорт қилинган бўлса, қовун экспорти географияси 27 мамлакатни қамраб олди. Қовун экспорти географияси тарвузга нисбатан 1,7 баробар кенг эканлигининг ўзига яраша сабаби бор. Зеро, Ўзбекистонда етиштирилган қовунлар таъми тилни ёрар даражада ширин. Полиз маҳсулотлари бошқа мамлакатлар, хусусан, Туркия ва Россиянинг жанубий ҳудудларида ҳам етиштирилади. Аммо, табиий ширин таъми, ўткир ҳиди ва витаминларга бой хусусияти билан Ўзбекистон қовунлари алоҳида ажралиб туради.
Ёввойи ҳолда жануби-ғарбий Осиё ва Африкада учрайдиган қовуннинг ватани, аслида, Кичик ва Марказий Осиёдир. Марказий Осиёда қовун экилган майдонлар бошқа полиз экинларига нисбатан кўпроқ ерни эгаллайди. Жаҳондаги энг тотли қовунлар эса Ўзбекистонда етиштирилади! Халқ селекциясида унинг 150 дан ортиқ навлари мавжуд. Оқуруғ, Бўрикалла, Кўкча, маҳаллий сариқ ҳандалак, Оби новвот, Шакарпалак, Гурлан кабилар энг кўп экиладиган навлардир. Шундай бўлса-да, экспорт ҳажми бўйича Ўзбекистон жаҳондаги йирик экспортчи мамлакатларнинг биринчи ўнталигига кирмайди. Бу йилги экспорт ҳажмининг рекорд даражада эканини ҳисобга олсак, мазкур миқдор жаҳон бозоридаги жами экспорт ҳажмининг тахминан 2 фоизини ташкил қилади, холос. Ваҳоланки, табиати, иқлим шароити, маҳаллий деҳқонларнинг қовун етиштириш ва уни сақлаш борасидаги асрий анъаналари жиҳатидан Ўзбекистон қовун экспорти бўйича жаҳон бозорида етакчи ўринларни эгаллаш салоҳиятига эга. Мисол учун, жаҳон бозорида энг йирик қовун экспортёрлари ҳисобланмиш Испания ва Гватемала давлатлари йилига тахминан 350 млн. долларлик маҳсулот – 400-450 минг тонна қовун экспорт қилади.
“Ўзбекистонда етиштирилган қовунлар жаҳон миқёсида чинакам бестселлерга айланиши мумкин”, – дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти иқтисодчиси Андрей Ярмак UzAnalytics мухбири билан суҳбатда.
Қуйида жаҳон бозоридаги қовун савдосининг қисқача шарҳи, Ўзбекистонда етиштирилган қовунларнинг экспорт ҳажмини оширишга оид потенциаллар, ютуқлар ва муаммолар ҳақида эксперт мулоҳазалари билан танишинг. Шунингдек, хоразмлик қовун етиштирувчи деҳқонларнинг анъанавий технологиялари ҳақида сўз юритамиз.
Жаҳон бозорида қовун савдоси
“IndexBox” таҳлилий агентлиги маълумотларига кўра, 2018 йили жаҳон бўйича 33 миллион тонна қовун етиштирилган ва бу натижа 2017 йилга нисбатан 1,6 фоиз кўпдир. Қиймат жиҳатидан жаҳон бозоридаги қовун савдосининг умумий ҳажми $27,4 млрд.дан иборат бўлди (аввалги йилга нисбатан 2,2 фоиз кўп). Қиймат ифодасида бозорнинг умумий ҳажми логистик чиқимлар, чакана маркетинг ҳаражатлари ва ритейлерларнинг фойдаларини ҳисобга олмаган ҳолда акс эттирилган.
2007 йилдан 2018 йилгача жаҳон бозорида қовун савдосининг умумий қиймати йилига ўртача 2,1 фоиз ўсиб борди.
Таҳлилчилар прогнозига кўра, яқин ўн йилликда қовунга эҳтиёжнинг ошиб бориши истеъмол ҳажми ўсишига олиб келади. Ўсиш динамикаси йилига +0.9% даражасида башорат қилинмоқда. Бу дегани, 2030 йил охирига бориб, жаҳон миқёсида қовун етиштириш ҳажми 36 млн. тоннага етади.
Жаҳонда қовун етиштириш ва истеъмол қилиш. Энг кўп қовун истеъмол қилувчи мамлакат Хитой ҳисобланади. Бу ерда йилига 13 млн.дан 17 млн. тоннагача қовун харид қилинар экан. Қовунхўрликда иккинчи ўринни Туркия (1,7 млн. тонна), учинчи ўринни Эрон (1,6 млн. тонна), 4-ўринни Ҳиндистон (1,2 млн. тонна) эгаллайди.
Айни пайтда бу мамлакатлар жаҳон миқёсидаги энг йирик қовун етиштирувчи давлатлар ҳам ҳисобланади. Хусусан, жаҳонда етиштириладиган қовунларнинг деярли ярми Хитой ҳиссасига тўғри келади, қолган уч мамлакатдан ҳар бирига 4%дан 6% гача ҳисса тўғри келади. Ва мазкур мамлакатлар маҳсулотининг жуда кам қисми экспорт қилинади, улар жаҳондаги энг йирик қовун экспортчилари рўйхатига кирмайди.
Аҳоли жон бошига қовун истеъмол қилиниши кўрсаткичи бўйича Марказий Осиё мамлакатлари, Туркия, Эрон ва Марокаш етакчилардандир. Бу мамлакатларда аҳоли жон бошига ҳисобланса, қовун истеъмоли ҳажми йилига 15 дан 22 кг.гача миқдорни ташкил қилади. Шу ўринда айтиш жоизки, жаҳон миқёсида аҳоли жон бошига қовун истеъмол қилиш йилига бир киши ҳисобига ўртача 4,25 кг.дир.
Жаҳон миқёсида етиштирилган қовунлар умумий ҳажмининг 85 фоизи 14 мамлакат, яъни Хитой, Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Қозоғистон, АҚШ, Ўзбекистон, Миср, Испания, Гватемала, Италия, Мексика, Бразилия ва Марокаш ҳиссасига тўғри келади.
2018 йили жаҳондаги 1,2 млн. гектар ер майдонида қовун етиштирилган, ўртача ҳосилдорлик – гектарига 27 тоннани ташкил этди. Ҳосилдорлик кўрсаткичи эса 2007 йилдан 2018 йилгача ўртача 1,3% ўсди.
Жаҳон экспорти ва импорти. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, 2018 йили жаҳон миқёсида умумий қиймати $1,8 млрд.га тенг 2,4 млн. тонна қовун экспорт қилинган. Энг йирик қовун экспортчилари Испания, Гватемала, Бразилия, Гондурас, АҚШ, Голландия, Мексика ва Коста-Рика ҳисобланади. Мазкур саккиз мамлакатнинг жаҳон бозоридаги қовун экспорти бўйича умумий улуши тахминан 80 фоизни ташкил қилади. Жаҳон бўйича қовун экспортининг учдан бир қисми икки мамлакат –Испания ва Гватемала ҳиссасига тўғри келади.
2018 йили қовуннинг ўртача экспорт нархи бир тонна ҳисобига $800 ни ташкил қилди. Ҳар бир мамлакатнинг экспорт нархи бир-биридан кескин фарқ қилади. 2018 йили қовунни энг юқори нархларда Голландия экспорт қилган бўлса (бир тоннаси $1155), энг паст нарх Гватемала экспортида кузатилган (тоннаси $594).
Жаҳонда қовун импорт қилувчи мамлакатлар орасида энг йириклари – АҚШ, Голландия, Франция, Англия, Канада, Германия ва Ироқдир. Қовун импортининг 65-70%га яқини бу етти мамлакатниг умумий ҳиссасига тўғри келади. Голландия энг йирик экспортчи ҳамда импортчилар рўйхатидан ўрин олгани унинг йирик реэкспортёр эканлиги билан изоҳланади.
Қиймат жиҳатидан олиб қаралганда, жаҳон бўйича энг йирик қовун бозорлари – АҚШ ($400-470 млн.), Франция ($180-200 млн.), Англия ($160-180 млн.), Германия ($130-170 млн.) ва Канадада ($100 млн.)дир.
Ўзбекистон қовунларининг жаҳон бозорига экспорти ва бу борадаги муаммолар хусусида мутахассис мулоҳазалари
UzAnalytics мухбири билан суҳбатда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти иқтисодчиси Андрей Ярмак Ўзбекистон қовунларининг жаҳон бозорида муносиб мавқени эгаллаши ва экспорт ҳажмини оширишда мавжуд потенциал ҳамда истиқболлар тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Қовун экспортида Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги потенциали ва истиқболларини қандай баҳолайсиз?
– Сиз назарда тутаётган имкониятлар Ўзбекистонда мавжуд, албатта. Аммо, анъанавий ўзбек қовуни истеъмолчи нуқтаи назари билан қараганда, қатор камчиликларга эга эканини ҳам ҳисобга олиш лозим. Биринчидан, ўзбек қовунининг ўзига хос ҳиди ва ширин таъми – бир вақтнинг ўзида ҳам устунлик, ҳам камчиликдир. Негаки, Европа Иттифоқи мамлакатларидаги истеъмолчилар бутунлай бошқача қовун таъмига ўрганган. Албатта, “ширин таъм бозори”ни шакллантириш мумкин. Бироқ бу муайян сарф-харажатларни талаб этади ва қатор ташкилий ишларни бажаришга тўғри келади.
Иккинчи масала – Ўзбекистон қовунларининг ҳажми ва ўлчами. Бундай қовун Евроиттифоқ мамлакатлари бозорида доналаб сотилиши қийин. Чунки, мазкур бозорлар учун у жуда катта ҳисобланади. Шу боис йирик қовунни тилимлаб сотадиган ёки қайта ишлайдиган импортчилар харид қилишлари мумкин. Албатта, бу юқорида айтилган биринчи масала бўйича ҳаммаси кўнгилдагидек бўлган ҳолатда амалга оширилади.
Учинчидан, Ўзбекистонда қовунлар ғарқ пишганидан сўнг териб олинади, шунинг учун узоқ масофага транспортировка қилинганда улар истеъмолга яроқли ҳолда етиб бориши муҳим. Албатта, ЕИ мамлакатларига экспорт қилишда маълум бир тажриба орттирилди. Бироқ айнан экспортбоп қовун етиштириш борасида кўп муаммолар ечимини топиши керак. Бунда мен уруғ, нав, калибрлаш, пишиш босқичидан тортиб, қадоқлаш ва маркетинггача бўлган жараённи назарда тутяпман.
Умуман олганда, менинг фикримча, Ўзбекистон қовунлари жаҳон миқёсида бестселлер бўлиши мумкин. Бу маҳсулотни нафақат сархиллигича, балки музлатилган ҳолатда ҳам қандолатчилик ёки бошқа турдаги қайта ишлаш учун бутун йил давомида сотиш мумкин. Ва бу борада мен анча катта потенциални кўрмоқдаман.
– Сизнингча, бугун ва яқин келажакда Ўзбекистон қовунлари учун қайси мамлакатлар бозори истиқболли?
– Харидоргир бозорлар – Россия Федерацияси ва Европа Иттифоқи мамлакатлари. Бироқ, агар маҳсулотни музлатилган ҳолда етказиб бериш йўлга қўйилса, унда Европа Иттифоқи бозорида ва айниқса, АҚШ, Канадада катта имкониятлар эшиги очилиши мумкин! Ўзбекистон қовунларини янги узилган ҳолатида экспорт қилиш ҳақида сўз юритадиган бўлсак, унда бу ажойиб маҳсулотни Осиёнинг энг ривожланган мамлакатларига экспорт қилиш ва шу йўналишни ривожлантиришга ҳаракат қилишни афзал билган бўлар эдим.
– Ўзбекистон қовунлари Россия бозорига совет давридан буён етказиб берилади. У ерда қандай омиллар ҳисобига экспорт ҳажмини ошириш мумкин?
– Ўйлайманки, бу борада етказиб берувчининг нуфузи ва унга нисбатан ишончни ошириш, ассортиментни кенгайтириш сингари чора-тадбирларни кўриш лозим. Бошқача айтганда, йирик бозорда мавқени мустаҳкамлаш ва рақобатбардошликни ошириш учун нимаики керак бўлса, шуларнинг барини уддалаш зарур.
– Ҳозир Ўзбекистонда қовунни қайта ишлашнинг кенг тарқалган усули – бу уни қуритиш. Қуритилган қовун Россия бозорига етказиб берилмоқда. Сиз олис бозорлар (АҚШ, Канада ва Осиёнинг узоқ мамлакатлари)га қайта ишланган қовунни етказиб бериш истиқболлари ҳақида гапирганда, шундай маҳсулотни назарда тутганмидингиз? Бугун Ўзбекистондаги кўплаб фермерлар шу хилдаги қайта ишловни йўлга қўйишга ҳаракат қилишмоқда. Уларнинг фикрича, қуритилган қовун экспорт учун логистика жиҳатидан анча қулай.
– Қуритилган қовун – ажойиб маҳсулот. Бироқ қандолатчиликда қайта ишланса, у музлатилганичалик фойдали эмас. Менимча, музлатилган маҳсулотнинг бозори кўпроқ потенциалга эга. Бундай маҳсулотни исталган жойга етказиб бериш мумкин. Қуритилган қовунни турли “снэк”лар тайёрлаш учун сотиш мумкин. Бироқ, бунда маҳсулотга ишлов бериш, ривожланган мамлакатларнинг сифат ва хавфсизлик бўйича талаблари, шунингдек, мазкур маҳсулот бозорининг ҳажми бўйича катта муаммолар мавжуд. Музлатилган қовун экспорти эса бундан кўра анча катта ва кўламдор бизнес бўла олади.
Қовун етиштиришда Хоразм анъанаси
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институтидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари Давлат реестрига қовуннинг 55 та нави киритилган. Бу йил “Новвоткала” номли яна бир янги нав қўшилди.
Республикада 2020 йили барча тоифа хўжаликларида 122,5 минг гектар майдонга полиз экинларининг уруғи қадалган бўлиб, шундан 86,6 минг гектари фермер ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ҳиссасига тўғри келади.
Қовун – иссиқсевар ва ёруғсевар ўсимлик. У қурғоқчилик ва тупроқ шўрланишига чидамлидир. Кўплаб турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан фарқли ўлароқ, қовунни бошқа экинлар учун яроқсиз ҳисобланган чўл зоналари, яъни қурғоқчилик шароитида ва шўрланган тупроқда ҳам етиштириш мумкин. Республикада бундай ерлар кўплигини ҳисобга олсак, қовуннинг турли-туман навларини етиштириш мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга имкон беради. Шунингдек, қовуннинг қишки навларини узоқ муддат (баҳор ойларигача) сақлаш борасида маҳаллий деҳқонларнинг асрлар давомида тўплаган тажриба ва анъаналари мавжуд. Бу дегани, ушбу полиз экинининг айрим навларини, яъни узоқ сақлаш мумкин бўлган турини келгуси ҳосилгача бўлган давр ичида бундан ҳам кўпроқ экспорт қилиш мумкин. Қовун етиштириш ва унинг “қишки” навларини келгуси ҳосилгача сақлаш борасида хоразмлик деҳқонлар бой тажрибага эга. Энг муҳими, ушбу кўникмалар авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда.
UzAnalytics мухбири Савзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институтининг Хоразм илмий тажриба станцияси раҳбари, қовун етиштиришда тажрибали мутахассис, фермер Санъат Қаландаров билан суҳбатлашди.
– Қовун етиштириш билан қачондан бери шуғулланасиз?
– Бу менга ота-боболаримдан мерос. Асосан қовунчиликка ихтисослашган илмий тадқиқот институтимиз эса 30 йилдан буён фаолият юритмоқда. Бу ерга келганимга икки йил тўлган бўлса, мустақил тадқиқотчи сифатида қовуннинг янги навларини яратиш бўйича илмий ишлар олиб бормоқдаман.
– Демак, сиз қовунни уруғлик учун экасиз, шундайми?
– Савзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти Хоразм илмий тажриба станциясининг ер майдони мавжуд. Олтмиш гектар ерга қовун экканман. Шундан ўттиз гектари уруғлик учун. Қолган ўттиз гектарда эса истеъмолга мўлжалланган қовунлар етиштирилади. Ўртача қирқ тоннадан ҳосил олдим. Уларни ички бозорга чиқардим. Уруғликка экилган қовунлар қайта ишлашга топширилди ва уруғлар сортига қараб ажратиб олинди. Супер элита, элита навларини биринчи репродукция сифатида келаси йил учун олиб қўйганмиз. Агар кимдир қовун экишга қизиқса, биз керакли тавсияларни бериб, уруғларни тақдим этамиз.
Шу ерда қовун уруғларининг 125 хил намунаси генафонд сифатида сақланмоқда. Бу ҳам бизнинг катта бойлигимиздир. Қолаверса, Гулоби хоразмий ва Саховат номли қиш бўйи сақланадиган қовунларимиз бор. Бу икки навни ички бозорда сотиш билан бирга экспорт ҳам қилиш мумкин. Бундай навдаги қовунлар янги йилдан бошлаб сотувга чиқарилади.
– Қовун етиштиришда нималарга алоҳида эътибор бериш лозим?
– Яхши қовун етиштириш учун ерни танлай билиш керак. Қовун ерости суви узоқроқ, тепароқ бўлган жойда яхши етилади. Чунки, у намликни бошқа ўсимликларга қараганда камроқ талаб қилади. Бизнинг технологиямиз шундайки, қовун етиштиришда кузги шудгордан кейин шўр ювиш бўлади. Шундан сўнг ер тайёр бўлиб, тобига етгач, қовун экишни бошлаймиз.
Уруғни трактор ва сеялка ёрдамида экамиз. Бу ҳам бизнинг ютуғимиз: бундай усулда экилган қовунлар бир хил шаклда ва бир хил вақтда униб чиқади. Энг асосийси, қовунни сувсиз етиштирамиз. У экилганидан то пишгунига қадар сув талаб қилмайди. Ернинг шўрланиши ҳам қовунимиз ширин бўлишини таъминлайди. Ва бизнинг қовунлар бошқа жойларникига нисбатан ширали ҳамда мазали бўлади.
– Қовуннинг қайси навлари экспортбоп саналади?
– Зар гулоби қовунимиз бор – ўртапишар қовун. Бу қовун экспорт учун қулай хисобланади. Ҳам кўриниши ва ҳам шифобахшлиги билан ном қозонган.
– Қовунни баҳоргача сақлаш борасидаги анъанавий технологиялар ҳақида қисқача гапириб берсангиз.
– Қовунни сақлаш жойи “қовунхона” деб номланади. У ерга тоза ҳаво девор бўшлиқлари орқали кириб туради. Шу боис қовун учун омбор ҳар доим лойдан қурилган. Деворлар қишда илиқ ва баҳорда салқин бўлиши учун қалин урилади. Қовунлар катталиги ва пишиб етилганига қараб сараланади. Кейин улар қамишдан ясалган махсус тўрларга солиниб, бир-бирига тегмаслиги учун осиб қўйилади.
Қовунхонада ҳар доим 0 дан +2 даражагача ҳарорат сақланиши керак. Қишда, кунлар совуқ бўлса, биз хонани изоляция қиламиз. Қовунга жуда илиқ ва нам шароит ёқмайди. Бу услубда маҳсулотни май ойигача сақлаш мумкин. Мазкур усул асрлар давомида шаклланиб келган. Ҳозирги кунда баъзи фермерлар қовунни узоқ вақт сақлаш учун совутиш мосламаларидан фойдаланмоқда. Аммо, музлатгичда бундай натижага эришиш қийин масала – қовунлар нафас олиши учун тоза ҳаво керак. Бундан ташқари, музлатгич электр энергиясини талаб этади. Халқона сақлаш усули эса жуда тежамкор.
Умуман, экинларни сақлаш ва уларни қишда, баҳорда сотиш Хоразм вилояти қишлоқларида асосий даромад манбаи ҳисоблангани учун ҳам бу борада тажрибамиз кўп.
– Қовунни қайта ишлаш бўйича режаларингиз борми?
– Қовунни қайта ишлаш бўйича лойиҳа ишлаб чиққанмиз. Ҳозирги кунда ушбу лойиҳа асосида қовун қоқи тайёрланадиган цех фаолиятини йўлга қўймоқчимиз. У ерда қоқи, мураббо, жем ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Тайёр маҳсулотларни Европага ҳам экпорт қилиш ниятидамиз.
Бирламчи уруғчилик ташкил қилиш учун ҳам қовунни қайта ишлаш зарур. Бугун табиий шароитда қовун қоқи тайёрламоқдамиз. Маҳсулотлар 15-20 кун офтоб нурида қуритилади. Ушбу маҳсулотларни ҳам келаси йилдан бошлаб сотувга чиқарамиз. Талаб ошадиган бўлса, Қозоғистон, Россия, АҚШга экспорт қилмоқчимиз.
Тажриба станциясининг полиз экинларини етиштириш борасида вилоят Карантин инспекцияси катта ёрдам бермоқда. Инспекция ходимлари мунтазам келиб, керакли тавсияларни беришяпти. Экинларни эрта баҳордан то ҳосил йиғиб олингунча зарарли ҳашарот ва касалликлардан асраш бўйича мутахассислар кўмагида амалий иш олиб боряпмиз.