Ҳар бир давр болаларининг байрамларда кўрадиган томошаси бўлади. Масалан кейинги авлод янги йил арафасида хориж кинофильми «Уйда ёлғиз»ни кўриб катта бўлди. Ва ёши улғайганда ҳам ностальгия ва болаликдаги янги йилни хотирлаш учун томоша қилишда давом этмоқда. Бизнинг болалигимизда эса Александр Роунинг (1964) «Аёзбобо» фильми мана шундай машҳур эди. Шу фильмни қишки таътилда, янги йил арафасида кўрган авлод ҳамон уни илк марта кўрганидек севиб томоша қилади, болаликка қайтади. Аммо бу фильмнинг ҳалигача экранлардан тушмай келаётганига нима сабаб, фильм қандай суратга олинган, ижодкорлар қандай меҳнат қилишган?
Албатта бундай ҳеч қачон ўз қийматини йўқотмайдиган кино яратиш учун актёр танлашда адашмаслик керак эди. Кино бошланишидаги эртакни айтиб берадиган ёқимтой момони эсладингизми, айнан шу ғоя режиссёрга жуда маъқул келган ва фильмни ўзига хос бошлаб тугатган. Ушбу эртакчи момо ролини ўйнаган Анастасия Зуева кейинчалик бошқа ролларга ҳам таклиф этила бошланган.
Александр Роу Иван роли учун актёр Эдуард Изотовни танлади, чунки Изотов сценарийда тасвирланган қаҳрамонига бир оз ўхшаш эди. Актриса Наталя Седихнинг (Настенка) сўзларига кўра, у ҳатто суратга олиш майдончасида Изотовни ёқтириб қолган.
Мана энди эртакка ўзгача жозиба бағишлаган қўғирчоқ юзли Настенканинг кинога кириб келиш ҳикоясига тўхталамиз. Настенка ролига актриса топиш учун режиссёр ва унинг ёрдамчилари жуда узоқ вақт давомида муносиб қизни излашди, аммо барча уринишлар беҳуда кетди. Чунки уларга нафақат ёш ва гўзал, балки қўғирчоқдек юзли қиз керак эди.
Умидсизликка тушган Роу ҳатто Надежда Румянцевани ушбу ролга таклиф қилишни ўйлади. Лекин бир куни Роу телевизорда рақсга тушаётган ёш Наталя Седихни кўриб ҳайратланди ва у билан суҳбатлашишга қарор қилди.
Наталя учрашувга рози бўлди, гарчи у ўз омадига ишонмаса ҳам. Чунки унинг нафақат рақобатчилари кўп эди, балки «Бадиий кенгаш» расмийлари Седих номзодига кескин қарши чиқдилар. Уларнинг норозиликларига сабаб қизнинг нозик овози эди. Аммо Александр Роу кескин равишда агар Седих Настенка ролини ўйнамаса режиссёрликни тарк этишини айтди. Шунинг учун расмийларнинг рози бўлишдан бошқа иложи қолмади.
Аммо кейин яна бир муаммо юз берди. Наталя ўқиган балет мактабидагилар қизни суратга олишга рухсат беришни қатъиян рад этишди. Яхшиямки Наталянинг ўқитувчиси уни ҳимоя қилгани, йўқса биз Седихни бу ролда кўрмаган бўлардик.
Александр Роунинг фильмларида салбий ролларда ўйнаган машҳур актриса Вера Олтой ёвуз ўгай она ролига жуда мос тушганда ўзиям. Шу учун бу ролни ўйнайдиган «ёвуз она»ни топиш унчалик муаммо бўлмаган.
Тишлари билан ёнғоқ чақадиган Марфушани эсладингизми?
Дастлаб Марфуша ролини Тамара Носова ижро этиши керак эди, бироқ тасодифан режиссёр ёрдамчиси Шчепкинский мактаби йўлагида бу ролга жуда мос тушадиган ёш Инна Чуриковани кўриб қолди.
Натижада, Марфуша ролини ижро этиш (Настенканинг ўгай синглиси) Инна Чурикова чекига тушди. Тўғри, Чурикова фильмни биринчи марта томоша қилганида ва ўзини Марфуша образида экранда кўрганида йиғлаб юборди. У шундай хунук ва салбий характерли қиз ролини ўйнаб, энди бошқа образларга таклиф қилинмаслигидан чўчиди. Бундан ташқари, у бу ролдан кейин ҳеч ким унга уйланмаслигидан хавотирда эди. Аммо Инна жуда хато фикрлаганди. Кейинчалик актриса фильмларда ёрқин ва қизиқарли ролларни ижро этди, ооилавий ҳаётда ҳам омади чопди.
Айтганча, Марфуша роли учун Инна Чуриковага Чехия элчиси махсус кумуш медални топширди.
Аёзбобо ролига актёр топиш кўп вақт талаб этмади, сабаби Александр Роу дастлаб бу ролга Александр Хвиляни ҳеч қандай синовларсиз тасдиқлаган. Тўғри, бу актёр билан ишлаш баъзан қийин бўларди – у билан фақат кайфияти яхши пайтдагина ишлаш мумкин эди, кайфияти ёмон пайтда эса яқинлашмаган маъқул... Актёрнинг яна бир ютуғи ёқимли овози борлиги эди.
Айтганча, расмийларга актёрнинг ижроси ва характерга кириши шунчалик ёқдики, кейинчалик у доимий равишда қорбобо сифатида Кремлда янги йил кечаларини ўтказишга таклиф қилинди.
Ялмоғиз кампир ролига одам топишда ҳам муаммолар бўлмади. Чунки фильмлардаги ялмоғиз ролини 1939 йилдан бери Георгий Милляр ўйнаб келарди. Милляр ўз образини болалигидаги қўрқинчли ва ярамас кампир ва ғамгин қўшнисига тақлид қилиб ижро этганини айтган. «Аёзбобо» фильмида Милляр асосан учта ролни, яъни қароқчилардан бирини, ялмоғиз кампирни ўйнаган, шунингдек, хўрозга овоз берган.
Суратга олиш вақтида Наталя эндигина 16 ёшда эди. Режиссёр гриммчиларга қизнинг ёшини каттароқ кўрсатиш учун кўрсатма берган.
Яна бир факт – Настенканинг қор билан қопланган сочлари ва киприкларини ҳақиқий кўрсатиш учун махсус елим қўлланилди. Елимни қўллашнинг ўзи ҳеч қандай муаммо туғдирмади, лекин уни кейин олиб ташлаш жуда қийин бўлган. Гримм қилувчилар ёпиштирилган елимни олиб ташлашганда, Наталя ҳатто азобдан жуда кўп йиғлаган. Актриса бу лаҳзаларни ҳамон даҳшат билан эслайди.
Сценарийга кўра, Марфуша қор билан қопланган қалин ўрмонда олма ейиши керак эди. Аммо суратга олиш гуруҳи аъзоларидан бири олмаларни меҳмонхонада унутиб қўйган. Меҳмонхонага қайтишнинг иложи йўқ, яъни жуда кўп вақт кетиб қолар эди – олма ўрнига пиёз топилди.
Бечора Инна Чурикова пиёзни қарсиллатиб, чайнаб ейиши керак эди, лекин у ҳеч қачон бундан нолимади, итоаткорлик билан пиёзни кўз ёшларини тўкиб еди.
У нафақат аччиқ пиёз еб азобланди, балки ифлос сувли кўлмакда чўмилишга мажбур бўлди. Яъни қишлоқ ҳовузи ҳаддан ортиқ ифлослигидан унда турли ҳашаротлар, чувалчанглар сузиб юрарди, шунга қарамай, Инна Чурикова ҳеч иккиланмай ифлос сувга сакради.
Аммо Наталя Седих ҳовузга шўнғишдан жуда қўрққан. У ҳар сафар сувга яқинлашганида бирдан тўхтаб қолган. Натижада, бир неча марта суратга олаверишдан чарчаган Роу қизга баланд овозда бақириб юборади. Ва Настенка ҳеч иккиланмасдан ўзини сувга ташлайди.
Суратга олиш баҳорда бўлиб ўтгани, май ойида қор аллақачон эригани боис, Аёзбобонинг уйи оловни ўчирадиган кўпик билан тўлдирилган.
Айтганча, суратга олиш жараёнида маҳаллий аҳолининг уларга кўп ёрдами теккан. Улар нафақат қишлоқ одамлари ролини ўйнашди, балки саҳна кўринишини яратишда ёрдам беришди ва кино ижодкорлар ўзлари билан олиб келган ҳайвонларга қарашди.
Хуллас «Аёзбобо» фильми дунёга келгунча жуда кўп саргузаштларни бошидан кечирган, дарахтларнинг орқага юриши, Аёзбобонинг орқага юриши, осмондан тўқмоқлар, дарахтлар тушиши – буларнинг барчаси ҳақида батафсил маълумотлар бор. Балки шунча меҳнат туфайли бу фильм барча ёшдаги томошабинлар орасида ажойиб муваффақиятга эришди ва дунёнинг турли мукофотларига муносиб кўрилди.