Ўзбекистонда халқаро крипто биржаси 100 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилган

Улашиш:

Истиқболли лойиҳалар Миллий агентлиги (ИЛМА) халқаро крипто биржалари, шу жумладан Binance онлайн – сервис фаолиятини текширган. Текширув натижаларига кўра, крипто биржаси 102 миллион сўмга жаримага тортилган.

Агентлик Binance томонидан йўл қўйилган қуйидаги қоидабузарликларни аниқлаган:

  • крипто биржаси Ўзбекистон фуқароларига крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш бўйича хизматлар кўрсатади;

  • платформада аноним ва ўғирлик ва фирибгарлик йўли билан олинган крипто-активлар ва пул маблағлари билан операциялар амалга оширилади;

  • компания Ўзбекистон резиденти ҳисобланмайди ва республика ҳудудидаги серверларда жойлашган электрон платформага эга эмас;

  • сервис крипто-активлар айланмаси соҳасидаги мамлакатимиз қонунчилигига риоя қилмайди.

Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини талаб қилган ҳолда текшириш далолатномаси қоидабузарликларни кўриб чиқиш ва бартараф этиш учун крипто биржасига юборилган. Бироқ, Binance ҳеч қандай чора кўрмаган, шунинг учун агентлик компанияга БҲМнинг 300 баравари – 102 миллион сўм миқдoрида жарима солишга қарор қилган.

Шунингдек, ИЛМАнинг   таъкидлашича, "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабар бериш тартиб-қоидалари тўғрисида" ги қонуннинг 55-моддасига биноан, агар ҳуқуқбузар жарима солиш тўғрисидаги қарор юборилган кундан бошлаб бир ой ичида уни ихтиёрий равишда тўламаса, ваколатли идора жаримани ундириш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Эслатиб ўтамизки, 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни фақат миллий хизмат кўрсатувчи провайдерлар орқали сотиб олишлари ва сотишлари мумкин. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги крипто-активлар айланишини ривожлантириш, фаолиятни лицензиялаш ва ушбу соҳадаги рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли идора ҳисобланади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.