Қандай қилиб минглаб одамларни бир жойга тўплаш, уларни шоу билан ҳайратда қолдириш мумкин? Бу саволга жавобни ҳамма ҳам билмайди. Концерт томошаларини ташкил қилиш нафақат ёрқин томошалар, машҳур исмлар ва ҳайратланган томошабинлардан иборат. Бу мураккаб механизм бўлиб, унда самолётда тўғри ўриндиқни танлашдан тортиб, чегарадаги жиҳозларни декларация қилишгача бўлган ҳамма нарса муаммога айланиши мумкин.
Мухбиримиз концерт ташкилотчиси Дария Свиридова билан суҳбатлашди ва у ушбу соҳанинг парда ортида нималар юз бериши хусусида фикрини баён қилди.
Миссия: артистни олиб келиш
Ташкилотчилар логистика барча концерт харажатларининг энг қиммат қисмларидан бири эканлигини тан олишади. Артист гонорари кўпинча транспорт, турар жой ва техник райдер харажатларидан ҳам кам суммани ташкил қилади. Масалан, гуруҳни 300 кишилик клуб томошасига олиб келиш учун фақат техник райдер харажатлари 1000 дан 4000 долларгача туради.
"Шу билан бирга, жамоанинг ҳар бир аъзоси учун самолётда тўғри ўриндиқ танлаш керак. Қайсигадир йўлакда, иккинчисига дераза ёнида, учинчисига директор ёнидан жой бериш керак. Кейин райдерда мен ёмон кўрадиган жиҳат бор ва бу самолётнинг қаергадир қўнмасдан учиши муаммосидан иборат. Бундан ташқари, агар бу имконсиз бўлса, ҳамкорликдан воз кечиш ва концертни бекор қилишга тўғри келади”, деди Дария.
Ҳақиқий жумбоқ артистлар ўзларининг жиҳозлари билан келишганида бошланади.
"Мен ўз экрани ва барабанини олиб келган гуруҳни эслайман. Қишда улар Черняевкада (бугунги кунда "Ғишткўприк" божхона пости) бир кун қолиб кетишди, унда ҳар бир мусиқа асбоб-ускуналари тақиққа текширилган. Улар келганларида, музлаб қолишган ва маст ҳолатда эди. Иложи борича исинишга уринишди", деди суҳбатдошимиз.
Юлдузлар нимани хоҳлашади?
Райдер - бу концерт тадбирининг умумий нархида катта улушга эга бўлган ва артистлар билан ишлашнинг ажралмас қисми. У техник ва маиший қисмларга бўлинади. Биринчиси, ижро форматига боғлиқ: стендаперлар яхши ёруғлик ва микрофонни, мусиқий гуруҳлар – мураккаб овоз созламаларини ва қиммат ускуналарни талаб қилишади.
Маиший райдер кўпинча артистнинг шахсиятини акс эттиради ва баъзида кутилмаган ҳодисалар юз беради.
"Бутун дунё танийдиган кекса артист райдерида фақат бир лаган гилос ва стандарт меҳмонхона хонаси бўлиши мумкин. Мактаб ўқувчилари аудиториясига эга тиктокер эса люкс меҳмонхоналар даражасидаги талаблар бор", - деб ҳазиллашди Дария.
Кўпинча пардоз хонасида улар пишлоқ, гўшт, сабзавот ва спиртли ичимликларни сўрашади. Сув эса алоҳида мавзу.
"Бир марта концерт давомида бизга 160 шиша сув буюрилди. Қарасак, атиги 20 таси ичилган экан", - деди ташкилотчи.
Цензура ва унинг оқибатлари
Ўзбекистонда концертлар ташкил этишдаги асосий қийинчиликлардан бири бу махсус "маданий комиссия"дан рухсат олишдир. Ушбу жараён кўпинча узоқ ва қатъий текширувлар билан кечади.
"Баъзида муаммо ташкилотчилар ва комиссия ўртасидаги тил тўсиғидан келиб чиқади. Уларни тушунмасак, яхши эканлигимизни қандай тушунтириш мумкин?"- деди Дария.
Бундан ташқари, ташкилотчилар цензурага дуч келмоқдалар: қўшиқ сўзлари, ижро сценарийлари ва ҳатто артистлар кийими белгиланган меъёрларга жавоб бериш учун батафсил таҳлил қилинади. Бу кўпинча ижодий жамоалар учун қўшимча қийинчиликларни келтириб чиқаради ва янги ғояларни амалга ошириш имкониятларини чеклайди.
"Давлат концерт саноати вакилларига катта тадбирларни қўриқлашда ёрдам бериши мумкин, акс ҳолда у қўллаб-қувватлашдан кўра кўпроқ тўсқинлик қилади. Масалан, янги талаблар туфайли, ностандарт кўринишга эга бўлган хорижий артистлар, масалан, узун сочли мусиқачилар таъқиққа тушиш хавфига дуч келишади", - деди суҳбатдошимиз.
Шунингдек, Дария 29 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилган 5’nizza гуруҳининг концерти бекор қилинганига изоҳ берди. Масъул давлат органларининг далиллари кулгили эди, гўёки залнинг сиғими кичик эмиш.
"Вазият ҳайратланарлидир. Муаммо залда бўлиши даргумон."
Концертга қизиқмаган одамлар
Ўзбекистонга келган хорижий санъаткорлар учун яна бир муаммо – бу жамоатчиликнинг паст қизиқиши.
"Кўплаб мусиқачилар бу ерда пул ишламасликларини билишади, улар кўпроқ ўзларини таништириш учун келишади. Парадокс шундаки, уларнинг исмлари маълум, бироқ, одамлар концертларга бормайдилар холос. Қўшни Қозоғистонда эса вазият бошқача", - деди ташкилотчи.
Баъзан чипталар сотуви пастлиги сабабли мусиқачилар чиқишдан бош тортишади. Дария бир мисолни эслади:
"Гуруҳ чегарагача етиб келган. Бир мунча вақт ўтгач, мусиқачилар қўнғироқ қилиб, чипталар сотуви пастлиги сабабли чиқмасликларини айтишди. Бу Ўзбекистондаги концертларнинг обрўсига катта зарба бўлди ва муваффақиятсизликда бизни айблашди".
Кўпгина ҳолларда, Дария масъул бўлган концертлар мусиқачилар, уларнинг менежменти томонидан бекор қилинган. Ва бу ташкилотчиларга бўлган ишончга таъсир қилиши тайин: ижтимоий тармоқлардаги эълонлар остидаги энг машҳур шарҳлардан бири – бу "Концерт бекор қилинмайдими?".
Ҳомийликсиз ҳомийлик
Шунингдек, Дария Ўзбекистондаги концертларни ҳомийлик қилиш хусусиятлари ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, барча компаниялар молиявий ёрдам беришга тайёр эмаслар ва тадбирни ўз маҳсулотлари билан "қўллаб-қувватлашни" афзал кўришади. Баъзида эса ҳомийлар ушбу имкониятдан фойдаланиб, ўз брендларининг реклама стендини концерт майдонига қўйишади ва бу жараёнда бир тийин ҳам ёрдам бермайдилар.
"Бизни ҳақиқатан ҳам пул билан қўллаб – қувватлаган бир нечта ҳомийлардан бири таниқли спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчилари. Миқдор кичик бўлсада, лекин бу ҳақиқий ёрдам эди", - деди у.
Дариянинг сўзларига кўра, маҳаллий концерт ташкилотчилари орасида рақобат йўқлиги ҳам ажабланарлидир.
"Мен келтира олмаган артистни олиб келдими? Ажойиб, мен бу концертга бораман. Биз бир – биримизни маълумот орқали ёки тадбирга чипта сотиб олишни қўллаб-қувватлаймиз", - деди у.
Биргина иштиёқ билан ҳаракат қилиш
Натижада, барча нозик жиҳатларни тушуниб, баъзи артистларнинг чиқишлари учун чипталар нима учун жуда қиммат эканлигини тушуниш осонроқ бўлади. Тадбирга бориш нархи кўплаб омиллар: артист гонорари, техник ва маиший райдерлар, логистика, майдончани ижарага олиш ва ускуналарга боғлиқ.
"Биз ҳисоб-китоб қиламиз ва камида "нолга" чиқиш учун қанча одам тўпланиши кераклигини ҳисоблаймиз. Агар Голливуд юлдузининг талаблари билан артист керакли миқдордаги томошабинларни тўпламаслигини тушунсак, ҳамкорликдан бош тортамиз", - деди Дария.
Бироқ, барча қийинчиликларга қарамай, ташкилотчилар ўзбекистонликларнинг мусиқий ҳаётига хилма-хилликни олиб киришга интилиб, том маънода биргина иштиёқ билан концертлар уюштиришда давом этмоқдалар.
"Ҳар бир тадбир хавф, асаб ва кўпинча йўқотишдир. Аммо вақт ўтиши билан вазият ўзгаришига ишонамиз. Одамлар концертларга тез – тез ташриф буюришни бошлайдилар, расмийлар ва ҳомийлар буни нафақат хавф, балки истиқбол деб билишига умид қиламиз", - дея хулоса қилди суҳбатдошимиз.