Видеотасвирларда акс этган ҳолат 2019 йилнинг 28 февраль куни халқаро аҳамиятга эга М-39 автомобиль йўлининг Жиззах вилояти ҳудудидаги қисмида рўй берган.
Шу куни мазкур ҳудудда ўз хизмат вазифасини бажараётган Жиззах вилояти ИИБ ЙПХ инспектори Б.Холиқулов “Тошкент-Термиз” йўналишида ҳаракатланаётган “Малибу” русумли давлат рақам белгиси 70 О 615 КА бўлган автомашинани тўхтатган.
Бунга ҳайдовчининг тезликни белгиланган меъёрдан ошириши сабаб бўлган. Яъни, Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи 1994 йилда туғилган Қурбонов Хуршид Хусанбой ўғли автоуловни соатига 70 километр ўрнига 94 километр тезликда бошқарган.Табиийки, ЙПХ инспектори тегишли тартибда ҳужжатларни расмийлаштиришга киришган. Шунда фуқаро Хуршид Қурбонов йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимининг қонуний талабига бўйсунмаган ва у билан тортишиб, бу жараённи уяли алоқа воситасида тасвирга олган. Қарийб 1 йилга яқин вақт ўтгач бу тасвирлар ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, “Малибу” ҳайдовчисининг қоидабузарлиги тезликни ўлчаш мосламасида қайд этилган. Худди шундай, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими томонидан ушбу ҳолат ўрганилди ва ЙПХ инспекторининг хатти-ҳаракатларида қонунбузилиш кузатилмаганлиги қайд этилди.
Ҳайдовчига нисбатан эса қонунда белгиланган чора кўрилган.
Фуқаролар ҳамда ижтимоий тармоқ каналлари масъулларидан ишончсиз, миш-мишларга асосланган видеоматериалларни тарқатмасликни сўраган бўлардик. Зеро ҳар қандан қонунбузарлик учун жазо муқаррар.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати