Жиззахдаги момолар меросини сақлаётганлар

Улашиш:

Республикамизда ҳунармандчиликни ривожлантиришга, бу касб эгаларини қўллаб-қувватлашга бўлган эътибор кун сайин ортмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 30 ноябрдаги "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори бу соҳада қатор имкониятларни яратиб берди. Ёш авлодни қадриятларимизга ошно қилиш, уларда ҳурмат ҳиссини шакллантириш ўзлигимизга бўлган ҳурматдан далолатдир. Жиззахда кўплаб шогирдлар етиштираётган, момолар меросини сақлаб қолишга уринаётганлар оз бўлсада, бор. Бугун ана шундай ноёб ҳунар эгаларидан бири билан суҳбатда бўлдик.

— Мана, бу қадимги ўзбек аёлларининг бош кийими "ўдана" деб номланган, — дейди Гавҳар опа. — Бу момоларимизнинг хазина сақланадиган бош кийими ҳисобланган.

Опанинг маълумотлари жуда қизиқтириб қўйди. У билан миллий либослар тўғрисида суҳбатлашар экансиз, кўплаб шундай янги маълумотларга дуч келасиз. Сабаби, у нафақат барча турдаги қадимий миллий либослар тикиш билан балки, уларни сақлаш, тарғиб этиш, келажак авлодга етказишдек хайрли ва масъулиятли ишни ният қилган. Гавҳар Астанақулова Жиззахдаги ҳунармандчиликнинг каштачилик йўналиши бўйича ягона ҳунарманд саналади. Уйида ўз шахсий музейи ҳам бор. Унда жуда қадимий, XVII асрдан қолган паранжию чачвонлар, тақинчоқлар, кашта ва бошқа миллий ҳунармандчилик ишлари бор.

Гавҳар Астанақулова 1961 йилда Ғаллаорол туманининг Сарбозор маҳалласида туғилган. Уч нафар ўғли, уч келини бор, 7 неваранинг суюкли бувижониси. Тошкент давлат ирригация институтини тамомлаган.Турмуш ўртоғи Аброл ака билан 32 йил қишлоқ сув хўжалиги соҳасида хизмат қилди. 2015 йилда пенсияга чиққач, ўз олдига қўйган она касби билан шуғуллана бошлади.

— Ҳунармандчилик билан момоларимиз, боболаримиз шуғулланиб келишган, — дейд иопа. — Гилам тўқиш, кашта тикиш, миллий либослар тикиш, паранжию чачвон тикишни бувиларимиздан ўрганганмиз. Онам кашта тикар, пилладан ипак олиб бўяшарди, сўзаналар, бўғжама, бўхчалар тикишган. Бизни даврдаям рўмолчалар, куёвбелбоғлар, жойнамозлар, олача, гажариқ олача, холи гилам, зулбароқлар тайёрлашган. Тенгдошларимиз ҳам тиккан, биздан кейингилар тиккани йўқ. Ўтган йили Жиззах вилоят мусиқали драма театри биносида ўз кўргазмамни ташкил қилдим. Унда йўқолиб бораётган миллий либосларимизни намойиш этдик.

— Миллий қадриятларимизни сақлаш ва келажак авлодга етказишда нималарга эътибор қаратаяпсиз?

— Уйларимиз замонавий жиҳозланиши билан миллий маҳсулотларимиз, каштачилик намуналари бир чеккага сурилиб қолди. Ҳатто чекка қишлоқлардаги уйларда ҳам баъзан кашталарни тополмай қоламиз. Буларни сақлаш учун аввало шогирдлар тайёрлаш керак. Ғаллаорол, Бахмал туманларида каштачилик бўйича сабоқлар бердим, у ерда шогирдларим бор. Кўп хонадонларда бўлдик, аммо қадимий кашталарни топа олмадик. Биз қадимги усулда тикилган кашталарни тикканмиз, рўжа, сўзана, манг-лайқош, зардевол, шуларнинг ҳаммаси миллий каштачилик намуналаримиз саналади. Миллий либослардан желак, ридо, паранжи тикдик, эски паранжиларни қишлоқларни айланиб топиб, сотиб олдик. Буларни яна кўргазмаларга олиб чиқяпмиз, дўппи, сумкалар тикяпмиз, уларнинг ҳаммаси қўл меҳнати намунаси саналиб, катта аҳамиятга эга. Беш-олти авлоддан бизга мерос бўлиб ёпинчиқ, желаклар қолган. Ўтган йили "Бувижоним кийган либослар" танлови бўлди. Шогирдларимни кийинтириб олиб чиқдим. Гавжум жойларда одамларга қадимги қадриятларимизни ўргатардим, 30-40 нафардан зиёд шогирдларим бор. Улар Бахмал, Ғаллаорол, Жиззах шаҳрида бор, белбоғ, ёстиқ, дўппилар тикишади. Устозларим — бувим, онам, опам. Катта келиним билан вилоят Ҳунармандлар уюшмасига аъзомиз, у менинг ҳунаримни давом эттиради, ҳозирда кичкина келиним ҳам ўрганиб олди. Ўртанча келиним тикувчилик қилади.

— Кўплаб танловларда, халқаро фестивалларда иштирок этиб, олган таассуротларингиз?

— Ўтган 2019 йилда Термиз, Зомин, Бухоро, Қўқон, Жиззах шаҳрида ташкил этилган кўплаб миллий ҳунармандчилик фестивалларида қатнашдик. Қўқонда ҳунармандларнинг I-халқаро фестивали бўлиб ўтди. Ўша ерга маҳсулотлар ва анжомларимиз — олача, ўрмак, урчуқни олиб бордик. Ҳатто ўрмакни танимайдиганлар, урчуқ нималигини билмайдиганлар бор экан. Паранжи, чакмон, желак-бош, ёпинчиқларни кийиб кўришди. Чет элликлар қатори ёшларимиз ҳам буларни катта қизиқиш билан сўрашди. Қўқонда саккиз кун бўлган бўлсак, кечаси соат 1-2 гача ёнимиздан одам узилмасди. Чет элликларга интервью бердик, маҳсулотларимизни намойиш этдик. Улар биз тиккан сумка, дўппиларни харид қилишди. Хорижликлар ўзбекларнинг миллий либоси, тарихига қизиқади, замонавийлик уларнинг ўзида ҳам тўлиб ётибди.

— Момоларимизнинг тилло сақланадиган сейфи бош кийимида бўлган дедингиз?

— Либослар тарихини ўрганганимда жуда узоқ, қадим даврда аждодларимиз оқ пахталик либослар кийишгани маълум бўлган. Момоларимиз катта рўмол ўрашган, ўдана, тиллақош, қасабалар тақишган. Булар ҳам ўз вақтида тиллодан ясалган. Эналаримиз, оналаримиз айтишарди, қасаба ёки қасава деб аталувчи, қадимда ўзбек аёллари рўмолининг устидан ушлаб туриш учун кийиладиган бош жиҳози бўлган. У соф қуйма олтиндан ясалган. Жиззах воҳасида, Маржонбулоқда олтин бўлган, ота-боболаримиз тиллодан қасабалар қуйиб, аёлларнинг бошларига кийгазган. Буюк Ипак йўлининг устидамиз, у томон-бу томондан келган ёўийлар бор қимматбаҳо нарсаларни, аёлларимизнинг тиллоларини жангу жадаллар билан олиб кетишган. Эрлари, ўғиллари ўлгач, оч-яланғоч қолмаслик учун бошларига олтин қасабаларнинг устидан уларни яшириш учун ўдана боғлашган. Бир сўз билан айтганда, бу ҳозирги тилда — сейф. Бошларидан ечмай юрган, ухлаган. Кечаси ёғийлар бостириб келаётганида эркаклар курашишган, аёллар эса болалари билан қочиб кетган. Ёш йигитлар, куёвлар ўлганида, оналари, хотинлар ҳеч нарсасиз қолади. Қасабани бўлиб-бўлиб, шу тиллони сотиб кун кўрган, болаларини боққан. Аждодларимиз жуда ақллибўлишган. Авлод-ларимиз йўқолиб кетмасин, яшасин деган мақсаддааёлларининг бошига тиллодан шу бош кийимни кийгазиб қўйганлар. Бу манбалар момолар, оналаримиздан бизгача етиб келган. Бу манбани ҳеч қаерда эшитмайсиз.

— Жиззах воҳасининг миллий либослари хилма-хиллиги тўғрисида гапирсангиз?

— Ишонасизми, ўша пайтларда ота-боболар, момоларимиздан қолган нарсалар ҳалиям янгидек турибди. Бўлмаса, деярли 100 йил бўлди. 17-асрдаги паранжини кўринг, жияклари ипакдан тикилган, нақшлари, безаклари кишини ҳайратга солади. Жиззах воҳасининг қадимий либослари бир-бирига жуда ўхшаш бўлган, ўртада деярли фарқ йўқ. Аммо Ғаллаоролда бу хилма-хиллик кенг сақланиб қолган. Жиззах билан Сурхон миллий либослари жуда ўхшаш, каш-таларимиз, либосларимизда айниқса, бу кўзга ташланади. Ўша даврдаулар ҳудуддан ҳудудга кўчиб яшашган, балки шунинг учун бу қадар ўхшашдир. Ҳаммамиз ҳам аслида битта ота-онанинг фарзандларимиз. Ўтган йиллар давомида туркияликлар келиб, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларимизни сотиб олиб, йиғиб кетишганини ўз кўзим билан кўрдим. Ғаллаорол, Қўйтош, Ўгатда ҳаммасини арзонга сотиб юборишди. Бир кун қарасам, "Эртуғрул" фильмидаги ўтовлар ичига бизнинг кашталаримизни илиб қўйишган!

— Битта ҳунармандчилик намунасини тайёрлашга қанча вақт сарфлайсиз?

— Паранжи тикиш учун 2 ойдан кўпроқ вақт кетади. Дўппи тўлиқ бир ҳафта тикилади. Юртимиз аёлларига ҳозир кўпроқ европа кийимлари ёқади. Лекин бу кийимлар иқлимимизга мос эмас. Қуёш нури иликдан ўтади дейишарди оналаримиз. Миллий либослар танани қуёш зарраларидан ҳимоя қилиб туради. Бу либосларимиз бежиз бундай бичимда тикилмаган, аждодларимиз, момоларимиз доно бўлишган... Битта ҳунарманд яхши ишлаши учун сифатли иш қуроллари, хом ашё керак. Ҳамманиям ҳунарманд қилолмайсиз, қизиқиш бўлса, шогирдликка берса, йиллар давомида ўрганиб, шаклланиб ҳунарманд бўлинади. Бунинг олийгоҳи йўқ. Ўргатадиган тарих йўқ, китоб йўқ, булар — ўргатадиган ота-оналаримиз, устозларимиздир. Чет элликлар каштангни қанчага сотасан дейишади. Тикиб беришим мумкин, сотолмаймиз, ҳаммаси қадимий дедим. Уларнинг сифати яхши, табиий ипакдан бўлиб, ранги ўчмайди. Ҳозир аёллар тикса, материалда, ипидан муаммолар бор, сифатли эмас.

— Юртимизда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш борасидаги ишларга қандай қарайсиз?

— Биз ҳунармандлар учун ўз маҳсулотларимизни намойиш этиш, ўзбек миллий ҳунармандчилигини дунёга танитиш мақсадида турли халқаро фестиваллар ташкил этилди. Ҳамма харажатлар давлатимиз томонидан қоплаб берилди. Ишимизнинг қадрига етиш, миллий либослар ривожини ўйлаш бўлса, шунча бўладида! Бу яхшиликлардан қандай кўз юмиш мумкин? Ҳунармандларга катта енгилликлар, имтиёзлар бериб қўйилгани, кичкина меҳнатимизни қадрлашганининг ўзи катта гап. Ҳар бир фестиваль, танловлар бекор кетмаяпти, албатта нимадир ўрганиб қайтяпмиз. Чет элликлардан иш ўргандик, уларга ҳам ўргатяпмиз. Норвегиядан Михаил деган киши аёли билан келди. Бизнинг кигизга, кигиздан тайёрланган чакмонга қизиқди. Уларнинг кигиз тайёрлаш технологиясини биз ҳам ўргандик. Бу каби учрашувларда вилоятимизда бу борада ҳали анча иш қилишимиз кераклигини тушуниб етдим.

— Воҳада миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш учун нималар қилиш керак деб ҳисоблайсиз?

— Бизда Ҳунармандлик коллежи бор, унга каштачилик каби йўналишлар киритилса, соз бўларди. Қадимги ҳунарларни яратиш бўйича бирор курс йўқ. Бу борада битта мактаб яратиш керак, деб ўйлайман. Жиззахда туризм қанчалик ривожлантирилса, бизнинг маҳсулотларимизга қизиқиш ҳам, талаб ҳам ортган бўларди. Бизга раста қилиб беришмоқчи эди, ҳали қилинмади. Агаршу ишлар қилинса, ҳамма ҳунармандлар бориб маҳсулотларини сотган бўларди.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.