ДХА – эл-юрт хизматида!

Улашиш:

2020 йилга ҳам яқинда якун ясаймиз. Демак, бажарилган ишлар, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликларга қандайдир баҳо бериш, сарҳисоб қилиш, келгуси режаларни белгилаб олиш пайти етиб келмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси ҳам тизимда сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жараёнларда иштирок этди. Пандемия даврида фаолиятини тўхтатмаган саноқли давлат органларидан бири бўлди. Қоидалар юмшатилган даврларда эса муҳим жараёнларда қатнашди. Аҳолининг, тадбиркорларнинг мурожаатларини ўрганди.

Инсон қаерда ва қай шароитда яшамасин, ўзига қулайлик яратишга ҳаракат қилади. Давлат хизматлари агентлиги ва унинг қуйи тузилмалари иш фаолиятининг асосини ҳам аҳолига қулай шароит яратиш мақсади ташкил этади. Бугун ундан ҳатто олис қишлоқ одамлари ҳам манфаатдор бўлмоқда. Улар учун яратилган шарт-шароит ва имконият шаҳарникидан асло қолишмайди.

Юртдошларимизга замонавий жиҳозланган бинолардаги мониторларда 150 га яқин хизмат тури юзасидан маълумотлар тақдим этилмоқда. Қолаверса, дид билан тартибга келтирилган хизмат ойналари, электрон навбат, кутиш зали, фарзанди билан келган фуқароларга она ва бола хонаси, тиббий кўмакка муҳтож одамлар учун тиббий ёрдам хонаси, кўрсатилган хизматлар тўловини амалга ошириш учун банк кассалари мавжуд. Биноларда ташкил этилаётган кичик кутубхоналар эса навбат кутиб турган фуқароларнинг вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилмоқда. Айни пайтда Жиззах вилоятининг 9 та  тумани ва Жиззах шаҳри аҳолиси учун шундай қулайликларга эга бинолар фойдаланишга топширилган. Ўз навбатида яна 4 та туманда шундай марказлар яқин кунларда фойдаланиш учун топширилиши режалаштирилган.

Бугун давлат билан халқ ўртасидаги мулоқот янги босқичга кўтарилди, десак адашмаймиз. Халқнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган давлат хизматларини кўрсатишнинг янгича тизими ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Тадбиркорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш корхоналари очиш, электрон рақамли имзо калитини олиш дейсизми, қўйингки, ҳар қандай юмуш билан марказга келсангиз, ишингиз тез фурсатда битади. Бундай шароитда ишлаш ходимлар учун ҳам, марказ хизматидан фойдаланишга келган аҳоли учун ҳам қулай бўлиб, ўзгача кайфият улашади.

 

Маълумот ўрнида: Жиззах вилоятида 2017 йилда  “Ягона дарча” орқали 120 мингдан ортиқ хизмат кўрсатилган бўлса, ДХА тизимига ўтилгач, мазкур кўрсаткич 2018 йилда 197 минг 196 тага, 2019 йилда эса 408 минг 147 тага, 2020 йилнинг ўтган даврида 224 минг 773 та тага етди.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш 10 кунгача муддатда амалга оширилиб, 7 хил ҳужжат талаб қилинган. 2017 йил 1 апрелдан тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилиб, рўйхатдан ўтказиш реал вақт режимида, лекин 30 дақиқадан ошмайдиган фурсатда амалга оширилиши белгиланди. ДХМ га келиш имкони бўлмаган фуқаролар учун дам олиш кунлари сайёр давлат хизматлари тақдим этилмоқда.  Бугунги кунга қадар сайёр тартибда 4 минг 368 дан ортиқ хизматлар кўрсатилди.

Юртдошларимизга янада кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида 2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб барча хизматлар экстерриториал тамойил бўйича йўлга қўйилди, яъни фуқаролар исталган ҳудуддаги давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди.

Туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан 2020 йилнинг ўтган даврида 10 минг 144 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди.  

Адлия вазирининг 2020 йил 30 апрелдаги ҳамда Давлат хизматлари агентлигининг буйруқларига асосан, жорий йилнинг 8-10 сентябрь кунлари Арнасой туманининг “Чўлқувар”, Бахмал туманининг “Бахмал”, Зомин туманининг “Даштобод”, Ғаллаорол туманининг “Лалмикор”, Фориш туманининг “Яссикечув” ҳамда Шароф Рашидов туманининг “Умар” қишлоқ фуқаролар йиғинларида 6 та давлат хизматлари марказлари филиаллари фойдаланишга топширилиб, вилоят бўйича жами филиаллар сони 9 тага етказилди.

Филиаллар томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида 2.418 та давлат хизматлари кўрсатилиб, шундан Ғаллаорол тумани Қўйтош филиалида 1.595 та, Зомин тумани Даштобод (458 та), Ғаллаорол тумани Лалмикор (137 та), Бахмал тумани Бахмал (81 та), Фориш тумани Дарбоза (53 та), Фориш тумани Яссикечув (35 та), Шароф Рашидов тумани Умар (27 та), Фориш тумани Истиқлол (Омонкелди) (21 та), Арнасой тумани Чўлқувар (11 та) филиаллари ҳиссасига тўғри келади.

Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси томонидан  туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларида 200 та “Сирли мижоз” ва 78 та “Рейд” тадбирлар ўтказилган. Маълумот сифатида шуни айтиб ўтиш керакки, коррупцияни олдини олиш борасида “Сирли мижоз” тадбирларининг олиб борилиши соҳада ушбу иллатнинг йўқолишига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

Натижасига кўра, 25 нафар ходимга интизомий чоралар кўрилган. Жумладан 20 нафар ходимга нисбатан “ҳайфсан”, 4 нафар ходимга нисбатан жарима интизомий жазолари қўлланилган.

Қонун бузилиш ҳолатларини ўрганиб, чоралар кўриш ҳам ДХАнинг асосий вазифаларидан биридир. Ташкилотлар кесими бўйича таҳлил қилинганда шу йили жами 1583 та қонунбузарлик аниқланган. Айниқса, кадастр, архитектура ва қурилиш ҳамда маҳаллий ҳокимликларда меъёрий ҳужжатлар  талабларига риоя этмаслик  холатлари кўпроқ қайд этилди. Шу боис мазкур идораларга 71 та тақдимнома, 69 та огоҳнома киритилди ҳамда 101 нафар айбдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимини юритиш ва ФҲДЁ органларида сақланаётган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини рақамли кўринишга ўтказиш 2021 йилнинг 1 январь кунига қадар белгиланган.

Жиззах вилоят бошқармасида жорий қилинган 5 та архивариус штат бирликларидан ташқари ФҲДЁ органлари архивларида қоғоз ташувчиларда сақланаётган далолатнома ёзувларини рақамлаштириш бўйича 90 нафар қўшимча ўринларга архивариуслар ишга олинди. 

“ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимига жами киритилиши лозим бўлган 1.924.224 та далолатнома ёзувлари тўлиқ архивариуслар томонидан ахборот тизимига киритилиши таъминланди.

Бир сўз билан айтганда, бугун жойларда ташкил этилган давлат хизматлари маркази том маънода қулайликлар масканига айланган, десак хато қилмаган бўламиз. Зеро, бу жойда сиз бир вақтнинг ўзида бир неча турдаги давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятига эгасиз. Яна бир муҳим жиҳати - бунинг учун бирор бир давлат идораси раҳбарига дуч келмайсиз ҳамда унинг қабулига кириш учун қабулхонасида соатлаб вақт йўқотмайсиз.

Бобур УМУРЗАКОВ –

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.