Энди якка тартибдаги тадбиркорлар 5 нафаргача ходим ёллаши мумкин

Улашиш:

Ҳукумат қарори билан эндиликда ЯТТлар 5 нафаргача ходим ёллаши мумкин, илгари 3 нафаргача рухсат берилганди. Бунда тадбиркор банк ҳисобварағи очганидан сўнг ходим ёллаш ҳуқуқига эга бўлади. Қолаверса, ходим билан меҳнат шартномаси ҳам тузилади.

Ҳукуматнинг 22 ноябрдаги тегишли қарори билан якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёлланган ходимларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Унга кўра, эндиликда ЯТТлар 5 нафаргача ходим ёллаши мумкин. Бунгача фақатгина 1 нафардан 3 нафаргача ходим ёллашга рухсат берилганди.

Низомга мувофиқ, ЯТТ банк ҳисобварағи очганидан сўнг ходим ёллаш ҳуқуқига эга бўлади. Бунинг учун тадбиркор ходимни ёллашда ёзма меҳнат шартномаси тузади, бироқ улар томонидан меҳнат дафтарчаси юритилмайди.

Тадбиркор ходимини солиқда ҳисобга қўйиш учун аризани шартнома тузган вақтдан 3 иш кунидан кечикмай солиқ органига топширади. Солиқ органи 1 иш кунида ходимнинг ҳисобга қўйилганлигига оид карточкани тақдим қилади. ЯТТлар ходим учун даромад солиғи ва ижтимоий солиқ тўлайди.

Шунингдек, ЯТТ фаолияти вақтинчалик ёки бутунлай тўхтатилса солиқ органига юборган хабарномаси асосида солиқ ҳисобланиши тўхтатилади.

Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан 2021 йил 1 октябрьдан ЯТТ томонидан солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти бекор қилинди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.