Расмий муносабат

Улашиш:

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда  тарқалган  “Жиззах шаҳар солиқ инспекцияси ёлланма ишчи олишга мажбурлаши тўғрими?” сарлавҳали хабар юзасидан  Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилади.


Маълумки, 2015 йил 1 июлга қадар, якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) томонидан ишчи ёллаш ҳуқуқи мавжуд эмас эди. ЯТТлар ходим ёллаш учун юридик шахс сифатида корхона очишга ёки фуқароларни норасмий равишда ишга ёллаган ҳолда ишлашга мажбур эдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги
4725-сонли ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 июлдаги 219-сон қарорига асосан, 2015 йил 1 июлдан бошлаб, ЯТТларга Пенсия жамғармасига суғурта бадали ва қатъий белгиланган солиқ тўлаш шарти билан 1 нафардан 3 нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилди.

ЯТТларга енгиллик яратиш мақсадида 2019 йил 1 январдан бошлаб, ёлланма ишчилар учун қатъий белгиланган солиқ тўлаш шарти бекор қилинди. Яъни ЯТТларда ҳақиқатда иш билан банд этилган фуқароларни ёлланма ишчи сифатида расмийлаштириш ҳеч қандай солиқ мажбуриятини келтириб чиқармайди.

Шу ўринда фуқаро томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизи миқдорида тўланадиган ижтимоий солиқ суммаси фуқаронинг ижтимоий ҳимояси учун ҳамда меҳнат стажини юритишга хизмат қилишини эътиборга олиш зарур.

Бундан келиб чиқадики, Жиззах шаҳар ДСИ ходимлари томонидан тадбиркорларни ёлланма ишчи олишга мажбурлашга асос мавжуд эмас. Ёлланма ишчиларни расмий равишда ишга олиш фақатгина фуқароларга ижтимоий жиҳатдан ёрдам бўлишини эслатиб ўтамиз.

Жиззах вилояти ДСБ Ахборот хизмати.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.