Маҳалла олий таълим кўмагида “маданият ўчоғига” айланади

Улашиш:

Ёш авлодга замонавий таълим бериш билан биргаликда уларни -умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак фазилатлар руҳида тарбиялаш, масаласи давлатимиз доимий диққат-эътиборидадир.
Ушбу масъулиятли ишларни амалга оширишда ўзаро чамбарчас боғлиқ уч омил — оила, маҳалла ва таълим муассасалари ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.
2021 йил 13 апрель кунги Ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселекторда давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев ҳар бир ўғил-қизга эътибор қаратиш зарурлиги хусусида куйинчаклик билан фикр юритиб, маҳаллаларда уюшмаган ёшларни иш билан таъминлаш, ёшларга янада кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Жиззах давлат педагогика институти ректори проф. Ш.С.Шарипов ташаббуси билан “Биз сиз билан доим биргамиз” ғояси остида ўтказган хайрия тадбири ана шу чақириққа жавоб бўла олди десак адашмаган бўламиз.
Маҳаллаларда уюшмаган ёшлар билан олиб борилаётган ишларда натижадорликка эришиш, иқтидорли ёшларни қўллаб қувватлаш, имконияти чекланганлар, хусусан маҳалладаги “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уюшмаган ёшларни турли тўгараларга жалб қилиш, уларнинг маънавий дунёқарашини шакллантиришда кўмаклашиш қолаверса ушбу маҳаллани “Маънавият маркази”га айлантириш каби эзгу ниятларни ўз олдига мақсад қилиб олган “Биз сиз билан доим биргамиз” хайрия тадбири Зарбдор туманидаги “Ёшлик” МФЙ даги 29 умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.

Институт профессор-ўқитувчилари, магистрлари, “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини фуқаролари, ота-оналар ва ёшлар иштирокида бўлиб ўтган тадбир институт ректори Ш.С.Шарипов ва маҳалла аҳлининг, хусусан битирувчи ёшларнинг ота-оналари очиқ мулоқоти билан бошланди.

Гулсара Қаршиева бугун Ёшлик МФЙ да уй боғчасини очган. Оила аъзолар хусусан келини шу боғчада ёрдамчи. Онахон келинининг олий маълумотли бўлишини истайди. Бўлиб ўтган суҳбатда онахон келинини ҳам шу олийгоҳда бепул тайёрлов курсларида ўқитиш истаги борлигини билдирди. Гулсара Қаршиеванинг мурожаати ижобий ҳал бўлди. Шу қаторида фарзандларини бепул тайёрлов курсларида ўқитиш ҳамда турли тўгаракларга (жумладан компьютер саводхонлиги, хорижий тилларга) аъзо қилиш истагида бўлган маҳалла аҳлининг мурожаатлари ҳам ўз жойида ҳал қилинди. Уларнинг фарзандлари қизиқиш ва интилишларига қараб тайёрлов курсларида бепул ўқитилади.

Зарбдор туманидаги 29 умумтаълим мактаби битирувчиларининг ОТМларига кириши паст кўрсаткичли мактаблардан бири ҳисобланади. Охириги уч йил давомида ушбу мактаб битирувчиларидан биронтаси ҳам ОТМ ларига кирмаган. Шу боис Ушбу таълим муассасаси Жиззах давлат педагогика институти ҳомийлигига олинган бўлиб, жорий йилда мактабни битираётган 47 нафар битирувчи ёшларга институт профессор-ўқитувчилари томонидан бепул-доимий дарс машғулотлари ҳамда тайёрлов курслари олиб борилмоқда. Бундан нафақат битирувчи ёшлар балки уларнинг ота-оналари ҳам мамнун.

Байрамона тус олган мактаб ҳовлисида миллий қадриятларимизни акс эттирувчи либослар, қадимий қўл меҳнати намуналари шунингдек иқтидорли ўқувчиларнинг саънат асарлари кўргазмаси ташкил этилган бўлса бир томонда куй қўшиқ авжида.
Институт бадиий жамоаси томонидан тайёрлаган чиқишлар давомида маҳалла аҳли, ёшлар чин дилдан яйрашди десак муболаға қилмаган бўламиз. Тадбир давомида маҳалладаги уюшмаган ёшлар билан манзилли ишлаш учун танланган намунали талабалар ўзларига бириктирилган тенгдошларига , “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга ва иқтидорли ўқувчиларга китоблар тўпламини совға қилишди. Шунингдек маҳалладаги “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимиоий кўмакка муҳтож аёлларга ҳам хайрия совғалари топширилди.

“Мамлакатимизда навқирон авлод манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зарур шарт-шароитлар яратиб бериш масалаларига катта эътибор қаратилаяпти.. Хусусан, Зарбдор туманидаги 29 умумтаълим мактабида бўлиб ўтаётган мазкур тадбир ҳам уюшмаган ёшлар ижтимоий қатламини ўрганиш, йигит-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, қайта тайёрлаш ва бандлигини таъминлаш, институт ҳамда мактаб ва маҳалла фуқаролар йиғини ҳамкорлигини такомиллаштириш масалаларига қаратилган.”-дейди институти ректори Ш.С. Шарипов.

Тадбир сўнгида Ёшлик МФЙда истиқомат қилаётган 10 нафар имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб 10 турдаги озиқ –овқат маҳсулотларидан иборат хайрия-эҳсонлар тарқатилди.

Жиззах Давлат педагогика институти ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.