Самарқандда битта одамга тегишли 8 та савдо дўкони ва 5 та павильон тўлиқ ёниб кетди

Улашиш:

2021 йил 24 май куни тунда Пастдарғом туманидаги “Пастдарғом мева-сабзавот” МЧЖ автотураргоҳи ҳудудида жойлашган фуқаро Ш.Умаровга тегишли бўлган енгил конструкцияли савдо дўконлар ва унга яқин масофада жойлашган полиз экинлари сотишга мўлжалланган павильонларда ёнғин рўй берган — деб хабар тарқатмоқда 'Aniq.uz'.

Воқеа жойи кўздан кечирилганида 120 кв.м майдондаги жами 8 та савдо дўкони, 90 кв.м майдондаги 5 дона енгил конструкцияли павильонлар ва ичидаги маҳсулотлар тўлиқ ёниб кетганлиги аниқланган.

Шу куни Пастдарғом туман прокуратураси томонидан ҳолат бўйича ЖКнинг 173-моддаси 1-қисми (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари туман ИИБ ҳузуридаги ТБда тузилган терговчилар гуруҳи томонидан олиб борилмоқда.

Ёнғин сабабини аниқлаш мақсадида судга оид ёнғин техника экспертизаси тайинланган.

Тергов жараёнида фуқаролар Д.Соатова, А.Агаева, Г.Амирова ва бошқалар ҳолат юзасидан батафсил сўроқ қилиниб, 6 нафар фуқаролар жиноят иши юзасидан жабрланувчи сифатида эътироф этилган.

Жабрланувчилар томонидан кўрсатилган барча важлар тергов давомида ҳар томонлама ўрганиб чиқилиши таъминланади.

Мазкур жиноят иши тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.