Қашқадарёда «ошиқлар» қизларнинг фотошоп қилинган суратини интернетда тарқатиш билан қўрқитиб, улардан пул талаб қилди

Улашиш:

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳри ва Муборак туманида яшовчи фуқаролар Олим ва Одил (барча исмлар ўзгартирилган) Telegram орқали танишиб қолган деҳқонободлик қизлар — Одина ва Заринанинг фотошоп қилинган суратини интернетда тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, улардан пул талаб қилган. Бу ҳақда «Дарё» маълум қилди.

«Шаҳрисабз шаҳри ва Муборак туманида яшовчи фуқаролар — Олим ва Одиллар ўзларини ошиқ йигитлар сифатида таништириб, деҳқонободлик танишлари — Одина ва Заринанинг кўнглига йўл топади. Қизларнинг расмини олишни уддалаган ‘ошиқлар’ расмларни фотошопда қайта ишлаб, қизларнинг уятсиз расмларини ўзларига қайта юборади. Ва мазкур расмларни интернетда тарқатишини айтиб, қизларни қўрқитади. Бу ишни қилмаслик эвазига эса пул сўрайди», — дейди Дилшод Мирзаев.

Қайд этилишича, Зарина ва Одина туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, мазкур ҳолат ҳақида хабар беради. Туман ИИБ ХПБ 1-сонли ҲТМ профилактика инспектори Хисрав Шамсиев терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб борган. Ва тез орада гумондорлар — Олим ва Одил қўлга олинган.

Мазкур ишни кўриб чиққан Жиноят ишлари бўйича Нишон туман суди ҳуқуқбузарларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) ҳамда 183-моддаси (майда безорилик) билан айблаб, уларнинг ҳар бирига 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган. Шунингдек, ҳуқуқбузарлар қамоқда ўтирган ҳар бир сутка учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида жарима тўлайдиган бўлган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.