Бухорода 14 ёшли қиз билан ишқий муносабатда бўлган чўпонга суд ҳукми ўқилди

Улашиш:

Бухоро вилояти, Қоракўл туманида ўтган йили 14 ёшли вояга етмаган қиз — А.Х.га нисбатан аввалига жинсий зўравонлик қилиб, кейинчалик уни қўрқитиб, ишқий муносабатни давом эттиришга мажбурлаб келган 31 ёшли А.С.га уч йилга қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани раиси Жалол Садиров маълум қилди.

Ҳолатга кўра, 2020 йилнинг август ойида Қоракўл туманидаги «Бандбоши» МФЙ  фуқароси  А.С. тумандаги бошқа маҳалла йиғинида яшовчи Ш.Р. билан танишиб қолган. Ҳар иккиси чўпончилик билан шуғулланган. Ш.Р. янги таниши бўлган А.С. билан биродарлашиб, уни тез-тез хонадонига олиб келадиган бўлган.

А.С. фуқаро Ш.Р.нинг турмуш ўртоғи, уч нафар қизи ва бир ўғли билан яқиндан танишган. Ўтган йилнинг 20 октябрида улар биргаликда Қоракўл чўл ҳудудидаги «Чибирдон ота» зиёратгоҳига боришган. Ш.Р.нинг катта қизи  — тумандаги мактабнинг 7-синфи ўқувчиси, 14 ёшли А.Ш.нинг қўл телефони рақамини олган А.С. ҳали вояга етмаган қизга ишқий изҳорларини SMS орқали йўллаб турган.  Вояга етмаган қизга турмуш ўртоғи билан ажрашганини ва унга уйланишини билдирган. Қиз ўзидан 17 ёш катта эркакнинг ёзишмаларидан қўрқиб, ундан бундай SMSлар ёзмасликни, ота-онаси билиб қолса, қаттиқ жазолаши мумкинлигини айтган. Шунга қарамай, А.С. кунора янги танишини кўриш баҳонасида уларнинг хонадонига келиб кетаверган.

2020 йил 14 ноябрь куни соат тахминан 10:00 ларда А.Ш. мактабдан қайтган ва бу пайтда ҳовлида ҳеч ким бўлмаган. Эркак эса қизнинг қаршилишига қарамай, унинг қўлидан тортиб, автомашинасининг орқа ўриндиғига мажбурлаб ўтирғизган ва машина эшикларини қулфлаб, зудлик билан ҳайдаб кетган.  Қоракўл туманида жойлашган Эшонқул-Ниёз фермер хўжалиги дала шийпонига олиб бориб, зўрлик ва куч ишлатиш йўли билан қизни автомашинадан туширган. Шийпон қоровулхонасига вояга етмаган қизни мажбурлаб олиб кирган чўпон унинг қаршилигига қарамай, жинсий зўравонлик қилган ва номусини топтаган.

Шундан сўнг чўпон А.С. 14 ёшли қизга бу ҳолатни ҳеч кимга айтмаслигини, 11- синфни тугатганидан сўнг унга уйланишини, бу ишдан ота-онаси хабар топса, ҳар иккисини ҳам ўлдириши мумкинлигини айтиб қўрқитган. Вояга етмаган қизни тез-тез учрашувга таклиф қилган ва қиз рад этганда, ҳолатдан ота-онаси ҳамда бошқалар ҳам хабар топишини айтиб, пўписа қилган. Гап-сўз тарқалишидан қўрққан А.Ш. у билан учрашувларга чиқиб турган. Воя етмаган қизнинг ақлу ҳушини турли ваъдалар билан тўлдирган чўпон кейинчалик ихтиёрий рози бўлган қиз билан «Қандим» заводи томондаги чўл ҳудудидаги кимсасиз чўлда, автомашинаси ичида ишқий муносабатда бўлиб келишган.  

Доимий равишдаги жинсий яқинлик вояга етмаган қизни ҳам руҳан, ҳам жисмонан ҳолдан тойдира бошлаган. Қиз чўпоннинг ўртамиздаги муносабатни кимдир эшитса, ўлдиришади ва агар учрашувга чиқмасанг, таниш-билишларга айтаман, деган қўрқитувларидан ҳафсаласиз бўлиб қолган. Ва қиз охири, 2020 йил 21 январь куни ҳолатни онаси М.Р.га айтиб берган. 22 январь куни фуқаро М. Р. туман ИИБга ҳолат юзасидан ариза билан мурожаат қилиб, А.С.га нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Ариза юзасидан олиб борилган тезкор тергов-суриштирув ишлари давомида эса А.С. барча айбни вояга етмаган қизга ағдариб, турли ишқий мактублар ёзгани, уни тинч қўймаганини, шундан сўнг у билан учраша бошлаганини билдирган. Оғриқлиси, вояга етмаган 14 ёшли қизни номуссизликда, яъни биринчи жинсий алоқада ҳаё пардаси ўзида эмасликда айблаган ва қиз томонидан ёзилган ишқий мактубларни кўрсатган.

Тергов-суриштирув жараёнларида эса воқеа тафсилотлари тўлиқ ўрганилган. Унга кўра, ўз кирдикорлари фош этилишидан чўчиган чўпон бир неча бор учрашувлари пайтида қизнинг вояга етмагани ва ғўрлигидан фойдаланиб, ўз номига турли ишқий мазмундаги хатларни қизнинг қўли билан ёздириб олгани ошкор бўлган.

Суд давлат айбловчисининг хулосасини, жабрланувчи — вояга етмаган А.Ш. ва А.С.нинг хуфёна ишқий учрашувлари борасидаги иш ҳужжатларини ўрганиб чиқилган ва А.С.нинг жиноятини исботлаган. Жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар орқали А.С.нинг жиноий хатти-ҳаракатлари фош этилган. Унинг «Мен қиз билан такроран жинсий алоқада бўлмаганман, уни мажбурламаганман» деган важларини асоссиз, деб ҳисоблаган. Ва у ўз айбини тан олишга мажбур бўлган.

— Судланувчининг қилмишлари оилавий муносабатларга салбий таъсир кўрсатишини ва бошқа ижтимоий муаммолар келтириб чиқаришини назарда тутиб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш мумкин эмас, деган қатъий фикрга келинди. Жорий йилнинг 30 май кунидаги суд ҳукмига кўра, А.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 128-моддаси 2-қисмининг «а» банди санкцияси доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, — деди Жалол Садиров.
Ушбу бандга кўра, А.С. жазони уч йил муддатга манзилли колонияларда ўтайди.

Лайло Ҳайитова
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.