Самарқандлик аёл эрининг 400 миллиондан зиёд пулини 1XBETга тикиб юборди

Улашиш:

Кейинги вақтларда таваккалчиликка асосланган ўйинларга пул тикиш ортидан ҳуқуқбузарлик содир этиш ҳолатлари анча кўпайган.

Интернет тармоғида аёл турмуш ўртоғининг 400 миллиондан ортиқ пул маблағларини 1XBet тотализатор ўйини орқали ютқазиб қўйгани ҳақида хабар берилди.

Таъкидланишича, эркак ИИБга пластик картасидаги 400 миллион сўмдан ортиқ пул йўқолганини айтиб, мурожаат қилган. Мурожаат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилганда, фуқаронинг хотини ушбу пул маблағини интернетдаги таваккалчиликка асосланган 1XBET ўйинида ютқазиб қўйгани аниқланган. Хабарда аёл пулларни ютқазиб қўйгани ҳақида эрига айтмагани маълум қилинган.

Яқиндагина 18 ёшли ўспирин айнан қиморда ютқазиб қўйиши сабаб ўз уйнинг ёрдамчи хўжалик хонасида ўзини осиб, жонига қасд қилгани ҳақида хабар қилинганди. 

Мана кўп вақт ўтмасдан шунга ўхшаш яна бир ҳолат ҳақида аён бўлмоқда.

Аслида бу каби ўйинлар енгил пул топишни одат қилган инсонларни ўзига тез жалб қилибгина қолмасдан, занжирсиз асирга ҳам айлантириб олади. Спортга қизиқувчи ёшлар орасига тушиб қолсангиз, ўйинларга пул тикиб ютганлиги ёки ютқизганлиги ҳақида кўп ва хўп эшитасиз.

Ҳали бу бизга маълум бўлган ҳодисалар, холос. Интернет фойдаланувчилари ўртасида бу каби ўйинларни мамлакатимиз ҳудудида чеклаш учун қатъий чоралар кўришни сўраб қилинган мурожаатлар кунда-кунора бўлиб турибди.

«Укамнинг университетдаги курсдоши билан гаплашиб қолдим.

Ота-онасининг пластик карталарини телефонига улаб олган экан. Уларнинг ойлик маошидан 12 700 000 сўмни қиморга тикиб юборибди. Ҳаммасини ютқазибди. Ўзи таксичилик қиларкан. Топган пулини ҳам шу ланати қиморга тикаркан.

Энди нима қиласан деб сўрасам, «машинамни гаровга қўйиб кредит олмоқчиман — 50 млн сўм. 1,5 коэффициентга тикиб, битта «айлантириб» олсам 75 млн бўлади. Кредитниям, уйдагиларни пулиниям тўлайман. Фойда ҳам кўраман» деди», — ёзади интернет фойдаланувчиларидан бири.

Унинг ёзишича боланинг пулларни қиморга тикиб юборганлигини ота-онаси билмас экан ҳатто. Хўш, ўзи ният қилганидек машинасини гаровга қўйиб кредит олди ҳам дейлик, у пулни ҳам ютқазиб қўйса-чи?! Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги ўша эндигина 18 ёшга тўлган йигитнинг тақдири қайтарилмаслигига ким кафолат беради?

Яна бир интернет фойдаланувчиси бу каби ўйинда 40 минг долларни ютқазиб қўйганлигини, натижада эса уйини сотиб қарзини тўлаганлигини ёзмоқда. Агар вақтида бу каби ўйинларга чеклов ўрнатиб, олди олинмас экан, жиноятлар, ўз жонига қасд қилувчилар сони ортса ортадики, камайиб қолмайди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.