Жабрланувчининг ўзи бир зумда айбланувчига айланди

Улашиш:

2021 йил 22 декабрь куни Қибрай тумани Янгиҳаёт маҳалла фуқаролар йиғини Сангак кўчасида яшовчи 23 ёшли Ш.Д. туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилади.

У шу куни соат 13:00 ларда икки нафар номаълум шахслар, бошларига «кепка» кийиб, юзларига тиббий ниқоб тақиб, ўткир тиғли жисм билан қуролланиб, уни яшаётган уйига девор ошиб ўтиш орқали ғайриқонуний равишда кириб, унга ҳамда қўлида бўлган вояга етмаган 7 ойлик фарзанди З.М., га нисбатан ўткир тиғли жисм билан таҳдид қилишиб, шикаст етказиш билан қўрқитиб, хонадонида бўлган пул ва моддий қимматликларни беришини талаб қилиб, жами баҳоси 19.000.000 сўмлик тилла буюмлар,110 АҚШ доллари ва 1.100.000 сўм пулларни эгаллаб, ҳодиса жойидан яширинганликларини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган дастлабки тергов давомида, ушбу жиноятни ҳеч ким содир этмаганлиги, уни хонадон эгаси Ш.Д. режа асосида қасддан ўзи уюштирганлигини, бунга сабаб қилиб, турмуш ўртоғи турмуши давомида унга бефарқ бўлиб, эътибор бермаётганлиги оқибатида уни ўзига жалб қилиш мақсадида мазкур ҳолатни уюштирганлиги аниқланган.

Мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» бандидан 237-моддаси 1-қисми (ёлғон хабар бериш)га қайта малакаланиб, шу кунинг ўзидаёқ Ш.Д. гумонланувчи тариқасида жиноят ишига жалб қилинган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.