Қашқадарёда йўл устига харсангтош тушиб кетди

Улашиш:

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида йўл устига тушган улкан харсангтош қатновни тўхтатиб қўйди, деб хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Қайд этилишича, Ғэлон қишлоғига олиб борувчи йўлга 1 март куни катта тош бўлаклари тушиб, йўлни ёпиб қўйган. Олиб борилган ўрганишлар жараёнида Ҳисорак—Ғэлон автомобиль йўлининг 15-километрига, тахминан, 400 метр куб ҳажмли тош бўлаги қулаши оқибатида йўлнинг 20 метрдан зиёд қатнов қисми тўлиқ ёпилиб қолгани аниқланган.

Хавфсизлик талабларига қатъий амал қилган ҳолда, Махсус механизациялашган хизматлар, Қашқадарё вилояти ФВБ тасарруфидаги муҳандислик-муҳофаза отряди ҳамкорлигида йўлни тўсиб қолган улкан харсанг тош тегишли чоралар асосида бартараф қилинган.

 Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Йўлни тош уюмларидан тозалаш ишлари ҳарбий хизматчилар, Ғэлон қишлоғи фуқароларидан иборат 50 нафардан зиёд фаол ёшлар иштирокида ташкил қилинган ва автомобиль қатнови тўлиқ йўлга қўйилган.

Аввалроқ Қамчиқ довонида 15 март куни йўл четига тош-тупроқ массаси тўкилиб тушгани, Амирсой тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобиль йўлида тупроқ кўчиши содир бўлгани хабар қилинганди. Бунга меъёридан кўп ёғингарчилик ёғиши сабаб бўлган.

Шунингдек, 12 март куни Қамчиқ довонидаги икки туннел орасида жойлашган ҳудудда бир кеча-кундузда жуда кўп ёғингарчиликдан ҳосил бўлган сув оқими автомобиль йўлининг остки қисмини ўпириб туширган. Шунингдек, Тахтақорача довонида 13 март куни кучли ёмғир ёғиши оқибатида М-39 автомобиль йўлининг 1138–1141-километрида қисман ўпирилиш юзага келиб, транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.