Сохта «ДХХ ходими» қўлга олинди

Улашиш:

Сурхондарёда ўзини давлат органи ходимиман деб фирибгарлик қилиб юрган шахс ИИБ ходимлари томонидан ушланди.

Қайд этилишича, 2022 йил 31 март куни Бойсун туманида яшовчи, Э.Эшонқул (исм-шарифлар ўзгартирилган) вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда 2022 йил бошида, Жиззах вилоятида яшовчи, С.Асқар ўзини «Ўзбекистон Республикаси ДХХ ходими» деб таништириб, Тошкент шаҳридаги «Тошкент Сити» даҳасида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирини олиб беришини айтиб, 22 февраль куни 700 АҚШ доллар, 7 март куни автомашина олиб беришини айтиб, 400 АҚШ доллар пулларини олганлигини, ҳозирги кунга қадар ушбу пулларни қайтариб бермаётганлигини билдиради.

Мазкур ариза юзасидан, Сурхондарё вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, С.Асқар фуқаро Э.Эшонқулдан олиб бериши керак бўлган уйнинг ҳужжатларини танишлари орқали расмийлаштириб беришлигини айтиб, алдаб 300 АҚШ доллари ва 1.100.000 сўм пулларни олган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ушланган ва ашёвий далиллар олинган.

2 апрель куни С.Асқарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.