Шакар растасида тартибсизлик юзага келди

Улашиш:

Андижон вилояти Шаҳрихон шаҳридаги дўконлардан бирида арзонлаштирилган шакар маҳсулоти учун навбатга турганлар орасида тартибсизлик келиб чиқди. Ҳолат юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси изоҳ берди.

2022 йилнинг 4 июнь куни «Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги супермаркетлардан бирида шакарга навбат, ур-йиқит тўполон» деб номланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Ҳолат юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Андижон вилояти бошқармаси ва тегишли мутасаддилар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш давомида ҳолат туман марказий деҳқон бозорининг ёнида жойлашган «Korzinka» савдо мажмуасида юзага келгани ва ҳақиқатдан ҳам шакар харид қилишда навбат юзага келгани аниқланди.

Шакарга бўлган мавсумий талабнинг ортиши ва ҳафтанинг дам олиш кунларида аҳолининг кўпроқ қисми бозор ва савдо мажмуа ҳудудига ташриф буюриши ва шакарнинг арзон нархларда сотилиши натижасида навбат кўпайишига сабаб бўлган.

Бунда 2 килограмм вазнда қадоқланган шакар 21 980 сўмдан, яъни 1 килограмм учун 10 990 сўмдан сотувга қўйилган.

Талабнинг кескин ошишини инобатга олиб, мутасадди ташкилотлар – маҳаллий ҳокимлик, прокуратура ҳузуридаги департамент ва монополияга қарши курашиш органлари томонидан тезкор чоралар кўрилди. Натижада савдо мажмуасининг қарама-қарши тарафида, марказий деҳқон бозори ҳудудида қўшимча равишда савдо растаси ташкил этилди ва қўшимча шакар ҳажмлари 9800 сўмдан савдоларга чиқарилди.

Мазкур савдо нуқталарида аҳоли томонидан шакар маҳсулотига талаб юқори бўлиши билан бирга савдо жараёни тартибли равишда навбат билан ўтмоқда, дейилади хабарда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.