ДХХ 15 кгдан ортиқ «гашиш» моддаси айланмасига чек қўйди

Улашиш:

ДХХ Сирдарё ЙПХ масканида ўтказган тезкор тадбирда фуқаронинг автомобили юкхонасида 4,5 кг «гашиш» моддаси борлиги аниқланди. Тадбир давомида гумонланувчининг қашқадарёлик шеригига тегишли хонадондан яна 11 кгдан кўпроқ «гашиш» чиқди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистон ҳудудларида 15 кгдан ортиқ гиёҳвандлик моддаси айланмасига чек қўйди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, аввалига «Сирдарё» ЙПХ масканида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Қашқадарё вилоятидан Тошкент вилояти томон ҳаракатланиб келаётган 1986 йилда туғилган шахс бошқарувидаги «Nexia» автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган.

Автомобилнинг юкхонасига яшириб қўйилган 4 кг 534 гр «гашиш» гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. «Ушбу фуқаро тожикистонлик наркосавдогар томонидан контрабанда йўли билан юборилган наркотик моддаларни хуфия жойларга яшириб, мижозларга сотиш билан шуғулланиб келган», — дейилади хабарда.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида гумонланувчини Тошкент шаҳрида яшовчи (1977 й.т.) муқаддам судланган шериги Зангиота туманида кутиб турганлиги маълум бўлиб, у ҳам қўлга олинган.

Шунингдек, тезкор қидирув тадбирлари доирасида уларнинг яна бир шериги, Қарши шаҳрида яшовчи (1980 й.т.) шахснинг хонадонидан 11 кг 168 гр «гашиш» гиёҳвандлик воситаси ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинган.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 15 кг 702 гр «гашиш» гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинган, дейилади хабарда.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, тўртта ҳудудда қўшни давлатлардан олиб кирилган гиёҳвандлик воситалари савдосига чек қўйилгани ҳақида ёзгандик.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.