ДХХ учта вилоятда йирик наркотик савдосига чек қўйди

Улашиш:

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Фарғона, Андижон ва Самарқанд вилоятларида наркотик моддалар савдосига чек қўйилди.

Қайд этилишича, Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида яшовчи, 1993 й.т. фуқаро ўзининг жиноий шериги бўлган, Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида истиқомат қилувчи, 1969 й.т. шахс билан, муқаддам тожикистонлик наркокуръерлар томонидан контрабанда йўли билан олиб келиниб, Наманган вилоятининг Поп тумани ҳудудига яшириб кетилган 1 кг 841 гр. «гашиш» моддасини қабул қилиб олиб, йўловчи автомашинада Олтиариқ туманида ҳаракатланаётган вақтларида Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.

ДХХ ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Марғилон шаҳрида яшовчи, 1975 й.т. фуқаро Қирғиз Республикасидан олиб келинган 964 гр. «гашиш» моддасини 8 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланган.

Бу йўналишда ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам вилоят ИИБ билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказишди. Хусусан, Булоқбоши туманида яшовчи, 1996 ва 1998 йилларда туғилган икки фуқаро Хўжаобод туманида 630 гр. «гашиш» моддасини 5800 АҚШ долларига сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди. Ушбу ҳолатда ажал оғуси Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали Хўжаобод тумани ҳудудига ўтказилган.

Самарқанд шаҳрида кузатилган ҳолатда эса Тойлоқ туманида яшовчи, 1961 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган фуқаро 352 гр. «опий» моддасини 5 минг АҚШ долларига сотган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё ва Самарқанд вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди. Аниқланишича, ушбу наркотик модда Тожикистон Республикасидан олиб келинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.