Шамоллашга қарши сироп ичган яна бир бола вафот этди. У Жиззах вилоятидан

Улашиш:

Тошкентда шамоллашга қарши сироп истеъмол қилиш билан боғлиқ яна бир ўлим ҳолати қайд этилди. Жиззах вилоятидан бўлган бола буйрак етишмовчилиги белгилари билан пойтахт шифохонасига ётқизилган. Айнан қайси дори экани айтилмади.

Тошкентда шамоллашга қарши сиропдан истеъмол қилинганидан сўнг буйрак етишмовчилиги белгилари пайдо бўлган яна бир бола вафот этди. Бу ҳақда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази болалар реанимацияси бўлими мудири Aлишер Мустақимов «Газета.uz»га маълум қилди.

29 декабрь куни «Газета.uz» марказга ташриф буюрди, интернетдаги хабарларга кўра, шамоллашга қарши сироп берилган яна 16 нафар бола касалхонага ётқизилган. РШТЁИМ шифохонасига ётқизилган турли вилоятлардан келган болаларнинг ота-оналари сўнгги бир неча кун ичида Жиззах ва Навоий вилоятларидан икки нафар бола вафот этгани ҳақида хабар беришди.

Aммо Aлишер Мустақимов фақат битта ўлимни тасдиқлади.

«Кеча (28 декабрь куни) Жиззах вилоятидан келган бемор вафот этди… 3−4 кун ичида фақат бир бемор вафот этди, бундан бошқа ҳозирча вафот этганлар бўлмади. Унда шамоллашнинг ўткир респиратор инфекцияси ҳисобига буйрак етишмовчилиги ҳолати юзага келган. Бола тўрт ёшда эди», — деди у.

У дори номини айтмади, лекин бола парацетамол бўлган дори ичганини қайд этди.

РШТЁИМда касалхонага ётқизилган бошқа болаларда ҳам йўтал ва шамоллашга қарши сиропдан кейин буйрак етишмовчилиги кузатилган.

Аввалроқ Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Док-1 Макс» сиропини қабул қилгандан сўнг, сентябр ойидан бери камида 19 бола вафот этгани хабар қилинганди. Унинг таркиби парацетамол, гвайфенезин ва фенилэфрина гидрохлориддан иборат. Сироп партиясини текширишда унда этиленгликоль борлиги аниқланди. Дори сотувдан олиб ташланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.