«Эрим бўлатуриб бошқа эркакни севаман...»

«Эрим бўлатуриб бошқа эркакни севаман...»

Аёлларни аёллар ҳам эзади

...Ойша пичирлаб жавоб берди: – Жуда аниқ бўлмаса ҳам, сал-пал тушундим.

Ойшагул қўлида телефон билан эшик олдида пайдо бўлди. Кафти билан гўшакни ёпиб, Фазилатга қаради: – Опа, юрагини бўйсундиролмайдиган аёл бор эди-ку, менимча, ўша. Сиз билан гаплашмоқчи.

Фазилат хоним жилмайиб қўлини узатди: – Кафтингни гўшакка қўйсанг, нариги томон овозни эшитмайди деб ўйлайсан, шундайми? Қани, бер-чи! Дардли синглим нима дер экан?

Ойшагул ҳақиқатан ҳам адашмаганди. Телефондаги аёл оилали бўлатуриб бошқа эркакни севиб қолган аёл эди.

– Фазилат хоним, сизмисиз?

– Ҳа. Сиз эса қалбини бошқаролмайдиган аёлсиз, гапиринг.

– Мени таниганингиздан жудаям хурсандман. Сизга ҳолатимни айтиб бермоқчиман. Эрим қишлоққа юбормади. Менсиз яшай олмасмиш. Нималар демади агар билсангиз! Бир вақтлар кўрсатмаган куни қолмаган эди. Ундан ранжидим, совидим, энди эса ўзи мен томонга келяпти. Агар кўнглимдагиларни билса, ўлдиради. Лекин у менга: “Сени қандай алданиб олдим? Мунча ёқимсизсан?” деганида қалбим борлигини ўйламади. Мени адо қилди... Энди ўзимни йўлга сололмаяпман. Лекин сизга мурожаат қилишимнинг сабаби бу эмас. Эрим билан ажрашсамми, деяпман. Уни ёмон кўраман.

Фазилат худди телефонга кириб кетгандек эди. Ҳаяжон билан ўрнидан турди. – Асло! Бу ҳолат ўтиб кетади.

– Лекин уддалолмайман, бу қўлимда эмас. Кўзим кўнглимдаги одамдан бошқа ҳеч кимни кўрмаяпти. Бу аҳволимда ҳеч кимга ёр бўлолмайман. Ҳаром бўлгани учун ўзимни ўлдиролмайман. Хўш, нима қилишим керак?

– Яна бир оз сабр қилинг, илтимос. Юрагингизни йўлга солишга урининг. Ирода ҳиссиётдан кучли. Албатта, имонли кишиларнинг иродаси...

– Кўриб турибманки, сиз мени умуман тушунмадингиз, лекин давом этаман. Яна бир нарсани айтмоқчиман. Илтимос, ёзувчиларнинг олдига боринг ва уларга айтинг, эркаклар устида ҳам ишлашсин. Қанча хўрласам ҳам, хотиним мендан бошқасига қарамайди, деб ўйлайди эркаклар. Аёлининг ҳисларига аҳамият бермайди. Аёл туйғуларини қалбининг тубида сақлайди, кўзлари бошқага боқмас, балки, лекин қалби қарайди. Ҳеч ким аёл руҳияти билан қизиқмайди. Мен ҳамма ҳамжинсларимизнинг қалби ташқарига қарайди демоқчи эмасман. Лекин улар барча аёллар битта қолипдан чиққандек бир хил деб ўйлашмасин!

Ишонинг, бизнинг дунёмиз ўта сирли, яширин. Шунинг учун ҳам эркаклар айрим туйғуларни фақат ўзларига хос деб билишади. Диний китоблар ҳам фақат эркакларнинг хоҳиш-истакларидан баҳс этади. Менимча, аёлларнинг руҳияти ўрганилиши керак. Агар хотин хушчақчақ ва жозибали бўлмаса, эрнинг кўзи кўчада қолармиш. Хўш, агар эркак хотинига эътибор, шафқат кўрсатмаса, уялмасдан: “Ёқимсиз хотин! Сени олганимдан афсусдаман”, каби гапларни айтса, етмиш фоиз аёлнинг кўзи ташқарида бўлмайдими? Вақтингиз бўлса, яна бир нарсани айтмоқчиман.

Фазилат бошини буриб, йиғилиш қатнашчиларидан узр сўради-да, яна телефонга жавоб берди: – Марҳамат, қулоғим сизда.

– Сизга ўзимнинг жуда муҳим таҳлилларимни айтиб бермоқчиман. Буларга аҳамият беришингиз керак. Жуда кўп одамларни тинглагансиз, биламан, менга ҳам шулардан бири деб қараманг. Чунки мен дунёга онгли равишда қарайдиган аёлман.

– Асло, бу нима деганингиз? Биз ҳаммани бирдек инсон деб биламиз. “Шулардан бири” нима дегани?! Бу гап менга жуда эриш туюлади. Гарчи биз ҳамманинг муаммолари билан шуғулланолмасак ҳам, мижозларимиз учун ҳақиқатан қайғурамиз, имкон қадар ечим топишга уринамиз, ёрдам бериш учун уни тинглаймиз. Сизга кўпроқ эътибор беряпмиз, бу ҳақиқат, чунки ифодаларингиз жуда муҳим. Сўзларингизда ҳаётнинг залвори бор. Қани, давом этинг.

– Эрим йўлидан чиққан аёлга қарайдиган одам. Шу билан кифояланса, майли, келиб менга ҳам айтади. Зулм қилади. Бир куни қайнонам: «Ўғлим, кўзинг доим кўчада, буни келинга ҳам сездирасан. Эҳтиёт бўл, хотинингни шайтон сенинг хатоларинг билан алдаб қўйиши мумкин!” деди. Қайнонам мени кўп ўйлайди. Шунинг учун эримни кўп койийди.

– Қайнонангиз ақлли, билимдон аёл экан. Эрингиз нима деди?

– Мана шу нуқта муҳим. Хўжайиним нима деса, сизга маъқул бўларди? “У меники, то ўлгунича юраги менга боғланган. Кунига ўн марта “сени севмайман”, десам ҳам, менга тескарисини айтади”, деди. У шундай эшитган, шундай кўрган. Аксарият эркаклар аёл дунёсидан буткул бехабар. Чунки китоблар ва маърузаларда фақат эркаклар ҳақида сўз боради. Ўқиган охирги китобим – “Тушлар таъбири”. Ҳатто туш кўришдан ҳам нафратланадиган бўлдим. Ўша китобда ҳам “Кимки буни кўрса, хотини хасталанади, ким шуни кўрса, унга гўзал бир қиз насиб этади”, деб ёзилган. Аёлнинг тушини талқин этадиган китоб ниҳоятда оз.

Деярли йўқ ҳисоби, чунки тушларни фақат эркаклар кўради, деб ўйлашган. Бу муаммоларнинг бирор ечими бўлиши керак. Эрим мени тушунолмагани учун ёлғиз қолдирди. Қалбимда бўшлиқ пайдо бўлди. Ибодатларимдан узилгач, шайтоннинг чангалига тушдим. Охир-оқибат хато қилдим. Аммо бу хатога етаклаган бир йўл бор ва ана шу, натижага олиб борувчи йўл жуда муҳим. Агар мен севиб қолган бўлсам, бу – қора кунларимга тўлов ва энди уни ёлғиз ўзим тўлайман. Сиз ҳам менга бирор ечим таклиф қилолмайсиз.

– Айтгандим-ку, озгина ишим бор, сал кейинроқ ўрганаман, деб.

Телефондаги аёл чуқур хўрсинди: – Иншааллоҳ, кеч бўлмасдан ёрдам қиларсиз.

Яна бироз гаплашиб, гўшакни қўйгандан сўнг Фазилат хонимга ҳар томондан саволлар бера бошлашди. Насибанинг сўрови бошқача бўлди: – Сизни бунча банд қилаётган бу аёл жиннироқми?

Фазилат Насиба хонимнинг кўзига тик қаради: – Йўқ! Жуда ақлли, иффатли, ўзини бўш қолдирмайдиган, ўзини қутқаришни хоҳлайдиган, яъни ҳурматга лойиқ аёл.

Шу пайт қўлида ҳужжат кўтарган Ойшагул эшик олдида пайдо бўлди.

– Мана, сўраган рўйхатингиз, опа. Фазилат хоним ҳужжат ҳақида маълумот бериб, Ҳабиба хонимдан рухсат сўрагач, Ойшагул ўқий бошлади:

– Икки ойдан бери бизга мурожаат қилганларнинг сони беш юз ўттиз нафар. Улардан икки юз ўттиз нафари телефон орқали боғланишган. Мижозларнинг бир юз ўн нафари эркак, тўрт юз йигирма нафари аёллар.

Сўнг изоҳ билан давом эттирди: – Бир марта номимиз чиққан. Улар бизни фақат аёлларнинг муаммолари билан шуғулланади, деб ўйлашади.

Ҳабиба хоним қўшимча қилди: – Жамиятда шаклланган бир ҳукм бор. Аёллар муаммоси билан шуғулланадиганлар эркакларга душман ҳисобланади. Чунки шу маънони берадиганлар бор. Агар аёлга ғамхўрлик қилса, эркакни душман деб эълон қилади. Ҳолбуки, эркаклар ва аёллар бир жамиятмиз. Рўйхатга қаранг, демак, бунинг фарқига борадиган ақлли эркаклар ҳам бор экан. Давом эт, Ойшагул.

– Бизга мурожаат қилган аёлларнинг эллик нафари ёши катта бўлиб, ҳурмат-эътибор кўрмаганидан, ҳақоратланаётганидан шикоят қилган. Ўн бештаси эри томонидан ҳайдалганини билдирган. Бир юз олтмиш нафар ўрта ёшлиларнинг ярмидан кўпроғи эрини бошқа аёл ўғирлаб кетганини айтган.

Фазилат бу жумлани тушунолмади: – Аёллар “эримни ўғирлаб кетди”, деганми? Бунақа ифодани энди эшитишим.

Ойшагул кўзойнагини тузатиб жавоб берди: – Йўқ, улар бундай дейишмаган, лекин мен шундай деб биламан. Албатта, эрлари ўғирланган.

– Майли-майли, маданий ифодадан фойдаланиб ўқийман, – деди котиба Фазилат ўқрайиб қарагач.

– Аёлларнинг эллик беш фоизи эрлари уларни алдаганидан шикоят қилган... Қирқ беш фоизи ҳар хил мавзуда – ажралиш, болаларнинг гиёҳвандликка берилиши, эрининг ароқхўрлиги, қимор ўйнаши... Ижара пулига қурби етмаганлар, яна нималардир... Икки юз ўн нафар ёш қизнинг олтмиш фоизини эркаклар ташлаб кетган.

Кўзойнагини тушириб Фазилатга қараган Ойшагул ўз фикрини билдирди:

– Албатта, бу қизлар бошқа қизларнинг қурбони, ишончим комил. Йигитлар бошқа қизлар таъсирида ўзлари умид бериб куттирган бирини куйган юраги билан ёлғиз ташлаб кетяпти. Жамият чирияпти, жамият.

Фазилат Ойшагулга маъноли қаради: – Шошма-чи, ёки сени ҳам шундай ташлаб кетишдими, дейман?

Ойшагул жавоб берди: – Ҳеч ким менга умид бериб, ташлаб кетолмайди.

Ҳабиба хоним қизиқиб сўради: – Нега экан?

– Чунки мен ҳеч кимга ишониб, умид боғламайман, шундан. Бу уюшмага келиб, инсониятнинг аҳволини кўрган ҳар бир киши мен каби соғлом фикрли бўлади. Бу нима? Алдай-алдай “Ёлғон шамоли”, “Ҳаёт дарахти”, “Жасур ва гўзал” каби телесериаллар орқали юртимиздан одамийликни, иффатни, мурувватни тортиб олдилар. Қалб парчалаш, яралаш оддий ҳолга айланиб қолди. Бир кун келиб депутат бўлсам, нима қилишимни биламан.

Ҳамма кулди. Фазилат ҳам унга маъюс табассум билан қаради: – Халқ қилмаган ишни депутатлар қилолмайди, Ойшагул, ўзингни алдама. Орзуларинг ҳақиқатга мос бўлсин. Шунда орзуларингни исроф қилмаган бўласан.

Амина Шенликўғли

Манба: Azon.uz