Жиззахда оққуш овлаган ва бўри сўйган фуқаролар аниқланди

Улашиш:

Жиззахда Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудидан Ўзбекистон «Қизил китоб»ига киритилган 1 бош оққуш ва қашқалдоқларни овлаган фуқаролар аниқланди. Уларга салкам 20 млн сўм жарима белгиланди. Янгиобод туманида яна бир фуқаро бўрини сўйгани учун 3 млн сўм жаримага тортилди.

Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати Жиззах вилоятида ҳайвонларни ноқонуний овлаш ҳолатлари бўйича маълумот берди.

Хусусан, 11 февраль куни Айдар-Арнасой кўллар тизими бўлими ҳудудидан фуқаро А.К. ўзига тегишли бўлган ов милтиғида Ўзбекистон «Қизил китоб»ига киритилган 1 бош оққушни ноқонуний равишда овлаган.

Ҳолат юзасидан унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 94-моддаси (Ноёб ёки йўқ бўлиб кетиш хавфида турган ҳайвонларни йўқ қилиб юбориш, ўлжа қилиш ёхуд шундай ҳайвонларнинг қирилиб кетишига, соғи камайиб кетишига ёки яшаш муҳити бузилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган бошқа ҳаракатлар содир этиш) 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳайвонот дунёсига етказилган зарар учун БҲМнинг 50 баробари, яъни 15 млн сўм белгиланиб, тўпланган ҳужжатлар суд органига тақдим этиш учун тайёрланмоқда.

қизил китоб
Фото: Табиат ресурслари вазирлиги

Рейд тадбири давомида, шунингдек, фуқаро М.М. ўзига тегишли бўлган ов милтиғи ёрдамида ов йўлланмасида белгиланганидан ортиқ 5 та қашқалдоқ ва 1 та ёввойи ўрдакни ноқонуний равишда овлагани маълум бўлди.

Унга ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси (Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш), 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди. БҲМнинг 10 баробари, яъни 3 млн сўм жарима ва ҳайвонот дунёсига етказилган зарар учун 1 млн 800 минг сўм белгиланиб, ҳужжатлар тегишли тартибда суд органларига тақдим қилинмоқда.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда Янгиобод туманининг Учтурғон қишлоғида фуқаро бўрини сўйиб ташлагани акс этган хабар тарқалганди.

қизил китоб
Фото: Ижтимоий тармоқлар

Экологик инспекция томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида ушбу ҳолат Янгиобод тумани Ҳавотоғ ҚФЙнинг Учтурғон қишлоғида яшовчи фуқаро Ж.З. томонидан бундан икки йил олдин содир этилгани аниқланди.

Фуқарога Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг ўн баравари, яъни 3 млн сўм миқдорида жарима қўлланди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.