Идиш-товоқ ва чойшаб сотаётган “гипнозчилар” Тошкент кўчаларида фаоллашмоқда. Уларнинг ҳийласи ва гаплари инсонни шу қадар чалғитадики, киши сифатсиз мол учун 500 доллар берганини ўзи ҳам билмай қолади.
Мазкур хабар “Истеъмолчи.уз” ҳамжамияти томонидан тарқатилган.
Арзон мол сотувчилари ташқаридан башанг кўринади. Улар қимматбаҳо кийимда бўлиб, чет эл рақамлари илиб қўйилган яхши машиналарда юришади.
Фирибгарликнинг схемаси жуда оддий. “Гипнозчилар” ўз молларини бозорда сотишгани, бироқ “ёмон одамлар” келиб қолиб, молларини олиб қўймоқчи бўлгани ҳақидаги эртакни айтиб беришади. Шунингдек, бунга қўшимча равишда, улар тасодифан қочиб улгуриб, молларнинг бир қисмини асраб қолишганликларини таъқидлашади.
Содда кишиларга гўёки Kenzo брендига мансуб маиший техника, идиш-товоқ ва чойшаблар таклиф этилади. Уларнинг сўзларига кўра, буларнинг барчаси 3 минг доллар турсада, пул зарурлиги боис, 500 долларга беришади. Албатта уларнинг гапи ҳам, моли ҳам бир пулга қиммат.
Фойдаланувчиларнинг айтишича, таклиф этиладиган ошхона жиҳозлари ва маиший техника бир марта ишлатишга ярайди холос. Чойшаблар ҳам биринчи ювишдан сўнг ўзининг асл кўринишини йўқотади. Қолаверса, Тошкентдаги Чинни бозорда шу идишларнинг ўзини 300 минг сўмга олиб бўларкан.
Маълум бўлишича, фирибгарларнинг тўрига бир нечта содда кишилар тушиб улгурган. Бунинг сабабини уларнинг ўзи ҳам англамай қолган. Зеро, юқорида тилга олинган молларнинг барчасини ўзимизнинг бозорда ва анча арзонроқ харид қилиш мумкин.