Гаджетлар – яхши “нарсалар” ми? ёки тараққиёт маданиятни рад этмаслиги кераклиги ҳақида

Улашиш:

Бугунги кундаги тезкор ва шиддат билан ўзгараётган даврда ахборот технологиялари кундалик турмуш тарзимизнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.

Кундалик ҳаётимизда, ўқишда, ишда ва деярли барча жабҳаларда гаджетлардан кенг фойдаланяпмиз. Маълумот учун Гаджет(gadjet), инглиз тилидан олинган сўз – мослама, қурилмаларнинг умумий номи, шунингдек девайс(device - инглиз тилидан олинган)– бу ҳам фан ва кундалик турмушда  кенг фойдаланиладиган техник мослама ёки қурилма ҳам дейилиши мумкин. Ўзида бир нечта вазифаларни умумлаштирган, ҳажм жиҳатдан унча катта бўлмаган портатив қурилма, булар қаторига смартфонлар, телефонлар, айфонлар, планшетлар, ноутбуклар, камералар, mp3-плейерлар, қулоқчинлар, “ақлли” соатлар, виртуал кўриш учун мўлжалланган кўзойнаклар, турли мақсадлар учун мўлжалланаган ускуна, жиҳозлар, мосламалар  ва бошқаларни гаджетлар деб - мисол қилиб келтириш мумкин. Яна қўшимча тарзда маълумот, инглиз тилида гаджет - “нарсача”, “эрмак”ёки“ўйинчоқ”каби маъноларни ҳам англатади. Таъкидланганидек ушбу мосламалар кундалик турмуш тарзимизнинг ажралмас қисмига айланиб бўлди ҳамда уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш борган сари “мушкуллашиб”, ажралмас қисм энди биз учун бир вақтнинг ўзида исталган ҳар ким ва ҳамма нарсага шиддат билан айланиб бормоқда.Жозибадор, ранг-баранг, сержило зарурат, тезкорлик, аниқлик асосийси керакли қулайлик эвазига бой берилаётган бебеҳо айрим нарсалар ҳақида бироз фикр юритсак.

Телефонларни болаларга бериш мумкинми саволидан бошлаб, гаджетлар экранлари қаршисида қанча узоқ вақт ўтириш қанчалик салбий таъсир этиши мумкинлиги ва уяли телефонлар инсон организмида саратон касаллигини келтириб чиқариши мумкинлиги хусусида мунтазам баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган масала  - бу гаджетлар, хусусан телефонлар ёки айфонлар инсон организмига қандай таъсир кўрсатади – деган умумий саволлар асосида бўлмоқда. Бу мунозараларга жавоб тариқасида гаджетлардан таралаётган нурларни бошқа турдаги нурланишлар билан таққослаш орқали уларнинг салбий таъсирини бартараф этиш ҳақида фикр юритиш мумкин.

Уяли телефонлардан нурланиш ҳақида фикр юритишдан олдин, нурланиш нима? – деган саволга жавоб берамиз. Ҳурматли ўқувчилар сиз билан бироз физика бўйича билимларимизни ёдга олишимизга ҳам тўғри келади. Демак, нурланиш – электромагнит қувватнинг шаклидир. Электромагнит нурланишнинг икки ҳил кўриниши бор, улар ионлаштирувчи ва ионлаштирмайдиган тарзда мавжуд. Ҳурматли ўқувчилар учун тушунарли бўлиши учун ион – электр қувватга эга бўлган атом ёки бир нечта атомлардан ташкил топган гуруҳ. Демак, ионлаштирувчи нурланиш ёки радиацион муҳит ҳам дейилади – табиий ва техноген манбалардан умумий нурланиш, бирон бир жисм, обеъкт, суюқлик ёки юзага уларни ионлар билан бойитиши ва фаоллаштириши мумкин бўлган фотонлар ва бошқа элементар заррачалар ёки атом ядролари. Оддий қилиб айтганда – ионлаштириш, нур билан ионлаштирилган моддалар орқали энергияни узатиш ва зарядлаш. Ионлаштирмайдиган нурланиш – жисм ёки тирик организмлардаги атом ва молекулаларга таъсир ўтказиши учун паст қувватга эга бўлган нурланиш.

Уяли телефонлар ўзларидан ионлаштирмайдиган электромагнит нурлари шаклидаги сигналлар тарқатадилар. Телефонлар инсоннинг бош қисми соҳаси яқинида кўпроқ ишлатилишини эътиборга оладиган бўлсак, юқорида зикр этилган нурларнинг бир қисми бевосита мияга сингиши масаланинг ташвиш ўйғотиши мумкин бўлган жиҳатидир. Нурланишнинг ушбу кўриниши бир қарашда зарарсиз бўлиб кўриниши мумкин, бироқ уяли телефон орқали узоқ вақт сўзлашиш организм учун салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ўхшатиш тариқасида келтиришимиз мумкин, масалан бир коса тиниқ сувга бир томчи бўёқ тушса сувнинг ранги ўзгармаслиги мумкин, бироқ, 4 – 5 та томчи ёки ундан кўпроғи мунтазам тарзда бўлса, вақт ўтиши билан сезиларли даражада таъсир кўрсатиши мумкин.

Уяли телефонлар ва умуман гаджетлар орқали нурланишни қай тарзда камайтириш мумкин? - деган савол барчамизнинг диққат эътиборимизда бўлиши табиий. Қуйида нурланиш таъсирини камайтириш ва хавфсизроқ фойдаланиш бўйича тавсияларни келтириб ўтиш мумкин.

Гаджетларнинг имкон қадар тана билан контактини олдини олиш муҳим! Сингиши мумкин бўлган нурларни камайтириш мақсадида, телефонни имкон қадар бошдан узоқроқда тутинг. Имкон қадар юқори овозли алоқа тугмасидан ёки “hands free”(инглиз тилида “банд бўлмаган, эркин қўл” дегани) мосламаси, қулоқчинлардан фойдаланинг.

Уяли телефонда сўзлашиши вақтини камайтиринг – бу радиация нурларидан сизни имкон қадар ҳимоя қилиши мумкин бўлган самарали йўл. Хабарному юборишга ёки шахсан учрашишга ҳаракат қилинг. Алоқа сигнали паст даражада бўлган уяли телефонлардан фойдаланманг, телефонингиз экрани паст даражадаги сигнал ишорасини намоён этган вақтда, телефонингиз уяли алоқа антеннасига уланишга ҳаракат қилиб кўпроқ қувват сарфлашни бошлайди ва бу ўз навбатида нурланиш даржасини янада оширади. Шунинг учун транспортда ёки бошқа тез юрар техник воситада ҳаракатланганда бироз кейинроқ қўнғриоқ қилиш тавсия этилади. Гаджетлар, уяли телефонларнинг ҳимоя ғилофларига эътиборли бўлинг, таркибида металл ва магнит бўлган ғилофлар алоқа сигналларини ёмонлаштириши мумкин, бу эса ўз навбатида мослама томонидан кўпроқ қувват сарфланишига, нурланиш даржасини янада ортишига олиб келади.Гаджетларни, айфон ва планшетларниэлектр токи тармоғи орқали қувватлантираётган вақтда улардан фойдаланиш хавфли, бу вақтда ускуналардаги зарарли нурланиш даражаси икки ва ундан кўп баробарга ортади.Қувватлантираётган вақтда телефонлардан фойдаланиш қўшимча тарзда уларнинг қувват олиш тизими, хусусан батарейкаларнинг тез фурсатда яроқсиз холатга келишига сабаб бўлади.Телафондан фойдаланмаган вақтда “Самолетда” режимидан фойдаланинг, ушбу режимда телефон сигнал “қидириш” билан беҳуда банд бўлмайди ва ортиқча қувват сарфламайди, нурланиш даражаси камаяди, телефонни ортиқча қувватлантиришсиз узоқ вақт ишлатиш имконини беради. Уйқуга кетишдан олдин гаджетларни, хусусан телефонни хавфсиз жойда сақланг, “Самолетда” режимига ўтказинг, уйқуда узоқ вақт телефондан нурланишни олдини олган холда бошқа хонада ёки стол жавони ичига қўйинг. Фарзандларингизга эътиборли бўлинг! Уларнинг телефонларини, ноутбукларини, планшетларини, “ақлли соат”ларини ва бошқа электрон қурилмаларини ҳам назоратда тутинг, улар уйқуда бўлган вақтда юқоридаги каби хавфсизлик чораларини кўринг!

Афсуски, каттаю-кичик, барча-барча учун исталган ҳар ким ва ҳамма нарсага шиддат билан айланиб бўлган гаджетлардан фойдаланишда юқорида таъкидланган элементар хавфсизлик чораларига деярли ва мутлақо ҳеч ким эътибор бермайди.

Бугунги кунда биз китоб, газета ва журналлар ўқиш, ён атрофимиздагилар билан юзма-юзкўришиб жонли мулоқотдан кўра ўз телефонларимиз, айфон ва планшетларимизнинг беназир “қадрдонига” айландик. Альберт Эйнштейннинг - Тирик ва жонли мулоқот ўз ўрнини технологияларга бўшатиб берганида, биз аҳмоқ ва нодонлар авлодига эга бўламиз – деган фикрлари айрим холатларда борган сари ўз тасдиғини топмоқда.

Apple корпорацияси асосчиси Стив Джобс ўз фарзандларига айфонлардан фойдаланишни ман этган. Албатта гаджетларнинг отахонларидан бирибўлган инсон бу борада биз билмаган кўп нарсаларни билган.  Айфонлардан фойдаланган 10 ёшгача бўлган болалар кейинчалик батамом унинг "тузоғи"дан чиқмас эканлар. Айрим ота-оналар ўз гўдакларига уларни тинчлантириш учун телефонларни тутқазишяпти ва бу соатлаб болаларнинг қўлларида қолиб кетяпти. Аксарият мактаб ўқувчилари, талабалар, ёшларнинг дарс тайёрлаш, ўз устида ишлаш, билим олиш ўрнига соатлаб дисплей экранларидан ўзларини тийиб тураолмаётганларини кўриб турипмиз, ва бу холат борган сари авжига чиқиб бормоқда.

Ижтимоий тармоқларда, сайтларда ва турли месенджерлардаги ахборот оқими миқёси борган сари ортиб бормоқда ва бу оқимнинг ҳажми ва кўламини тасаввур этиш учун кичик бир мисол келтирамиз. Дейлик сиз, телеграм канали орқали 3-4 дақиқалик лавҳа ёки қўшиқ тинглайсиз. Материаллар минутлик ёки соатлик бўлиши мумкинлигини барчамиз биламиз. Оммабоп бир канал ёки сайтлардан бирининг бир ҳафталик ахборот айланмаси турли ёзувлар, расмлар, видео-аудио ва бошқа шакллардаги турли материалларнинг умумий ҳажми, оддий соатбай тарзда тасаввур этсак 100 лаб ва хаттоки ундан ҳам кўпроқ соат вақтни ташкил этиши мумкин. Агар канал, сайт ёки тармоқ глобал(бутун дунё миқёси) миқёсга эга бўлса, у ердаги ахборот оқими ҳажмининг беқиёслигини тасаввур этиш янада қийинлашади.Мана шунинг учун ҳам юқорида такрорлаганимиздек ижтимоий тармоқлар, сайтлар ва каналлар ихтиёримиздаги гаджетлар, яъни ускуна ва қурилмалар воситаси (телефон, смартфон айфон, планшетлар ва бошқалар) орқали бир вақтнинг ўзида исталган ҳар ким ва ҳамма нарсага шиддат билан айланиб бўлган.

Ижтимоий тармоқлардаги материалларнинг барчасини ҳам ижобий, бунёдкор, эзгу ғоя ва мақсадларга эга деб бўлмайди. Мазкур материалларнинг аксарияти бош бўғини глобал миқёсда турли трансмиллий компаниялар, гуруҳлар, ҳаттоки мамлакатларнинг бевосита ҳомийлигида, турли мақсад ва манфаатларни кўзлаган холда тайёрланиши, фойдаланувчиларга одатда жозибали, эзгу ва ҳайрли тарздаги ўрамларда ҳавола этилишини эътибордан четда қолмаслиги керак! Кўринишидан беғараз, оддий бўлиб кўринган материал ва унга билдирилган муносабат сизга ва атрофингиздагилар учун катта муаммоларни келтириб чиқиши мумкин.Ҳар қандай материал, эълон ва таклифлар, қанчалик жозибадор бўлмасин,диққат билан батафсил ўрганиб чиқилиши, керакли тарзда текширилиши шарт, акс холда фирибгар ва инсофсиз кимсаларнинг найранглари, турли муаммо ва зиддиятларнинг қурбони бўлиш ҳеч гап эмас.Сиз ёқлаб (лайк – инглизча ёқтираман, яхши кўраман дегани) муносабат билдирган, бир қарашда оддий ва содда ёзув, фото, аудио ёки видео тарқатилиши умуман мумкин бўлмаган, қонун билан чекланган материал бўлиши мумкин. Қонунни билмаслик – жавобгарликдан халос этмаслигини, фаҳшни, беҳаёликни, зўравонликни, экстремистик мазмундаги, инсон маънавияти ва соғлигига, ёшларимиз тарбиясига путур етказувчи, жоҳиллик,  маънавиятсизликни, тарбиясизликни тарғиб этувчи ва бошқа қонунга хилоф материалларни сақлаш, уларни тарқатиш маъмурий ва хаттоки жиноий жавобгарлик билан таъқиб этилишини доимо ёдда тутишимиз керак.

Телефондан фойдаланиш маданияти – бу алоҳида мавзу.Ахборотлардан, ахборот манбаларидан тўғри ва самарали фойдаланиш бўйича мунтазам йўл-йўриқлар бериб бориш – бу борада ёшларимизга шахсий намуна бўлишимиз барчамизнинг муҳим вазифамиздир. Оилада, жамоат жойларда баъзи ота-оналарнинг, айрим катта ёшлиларнинг ака-укалари, сингиллари, фарзандлари ва хаттоки қизлари, келинлари олдида турли сайт ва каналларни бемалол кузатиб ўтиришлари, муҳокама этишлари ёки турли каналларга уланган холатда телефонларини беэътибор қолдиришлари ҳақида гап-сўзларни эшитамиз. Афсус билан таъкидлаш керак, транспортда, кўчада, жамоат жойларида, хаттоки катта ёшлилар, айниқса ёшларимизнинг ён-атрофга эътиборсизлик тарзда баланд овозда телефон орқали сўзлашишлари, тортишишлари, бир-бирларини ҳақорат қилишлари каби турли одобсиз ва ҳунук ҳатти-ҳаракатларининг тез-тез гувоҳи бўляпмиз. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек амалдаги қонунчилигимизда мобил алоқа воситалари орқали мазкур ножўя сўзлар, юборилган материаллар ва бошқа қонунга хилоф салбий ҳатти-ҳаракатлар учун тегишли тарзда жавобгарликлар белгиланган. Яна бир муҳим жиҳатлардан бири –алоқа воситалари орқали, фақат сизга ёки сизнинг яқинларингизга тегишли бўлган “яширин, муқаддас ва пинҳоний” мавзуларда узундан-узоқ сўзлашиш, баҳслашиш қанчалар тўғри ёки тўғри эмаслиги хусусида бироз хулосалар қилишимиз фойдадан холи бўлмайди. Афсуски, ҳаётидаги ҳар бир кун, ҳар бир воқеа-ходисаларни, муҳокама қилиниши унчалик ва умуман шарт бўлмаган мавзуларни, лавҳаларни мамнунлик ва фахр билан“кўз-кўз” қилишни канда қилмайдиганларни кўпчилигимиз яхши биламиз.Сиз томонингиздан ижтимоий тармоқларда, сайтлар ҳамда каналлардаги билдирган муносабатларингиз, шахсий ёзишмаларингиз, сиз томонингиздан жойлаштирилган, юборилганёзувлар,фото, аудио ёки видео лавҳалар, хаттоки сиз ўчириб ташлаганингиздан кейин ҳам, ҳеч қачон батамом ўчиб кетмайди!Бугунги кунда рақамлаштирилган ахборот технологияларининг жадал суратлар билан ривожланиб бораётганлигининг ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турипмиз, ушбу жараёнларни тушуниб етиш учун катта бир мутахассис бўлиш шарт эмас. Бу ҳақида фарзандларимизни хабардор қилишимиз, улар билан дўстона суҳбат олиб боришимиз, тушунтиришимиз жуда ҳам керак ва шарт.

Бир вақтнинг ўзидаижтимоий тармоқлар, сайтлар ҳамда каналлар, турли соҳа ва йўналишлардаги билим ва малакаларингизни ошириш, ўз устингизда ишлаш, турли соҳалардаги етук мутахассислар билан мулоқот қилиш, сиз истаган йўналишда юксак натижаларга эришиш мумкин бўлган беминнат ҳамроҳингиздир. Бунда албатта хорижий тилларни билишингиз жуда ҳам сизга қўл келади, айтганча, хорижий тилларни ҳам тез, осон ўрганиш имкониятини сизнинг гаджетларингиз орқали самарали амалга оширса бўлади. Энг асосийси ушбу қулайликларнинг ва беқиёс имкониятлардан фойдаланишда ўсиб келаётган ёшларимизга ҳар томонлама маслакдош бўлишимиз бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир.

Юқоридаги фикр ва хулосалар натижасида қуйидаги таклифларни илгари суриш ва амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

  • Ахборот манбалари ва турли мобил воситалар орқали зўравонлик, фаҳш ва экстремистик мазмундаги ёшлар руҳияти ва саломатлигига салбий таъсир этувчи бузғунчи маълумотлар (ёзувлар, матнлар, лавҳалар, аудио, видео материаллар, фото, слайд ва бошқалар)ни олиб кириш, тарқатиш, тарғиб этиш ва кўпайтириш учун жавобгарлик бўйича тегишли нормаларни қўллаш ва мавжудларини такомиллаштириш мақсадга мувофиқ.Турли ахборот манбалари ва улардаги салбий материалларнинг ёшлар руҳияти,саломатлиги ва тарбиясига бўлган таъсири кўпайиб, тегишли нормаларни амалда қўллаш ва мавжудларини такомиллаштириш зарурати ортиб бормоқда.

 

  • Турли ахборот манбалари ва улардаги салбий материалларнинг ёшлар руҳияти, саломатлиги ва тарбиясига бўлган таъсири ҳамда эҳтимолий фавқулодда холатлар мазкур йўналишдаги билимларни янада такомиллаштириш зарурати ортиб бормоқда. Ҳозирги замон ижтимоий хавфсизлик таҳдидларини ҳисобга олиб, умумтаълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшларнинг «Болалар учун ахборот фаровонлиги ва хавфсизлиги алифбеси» ва «Фавқулодда ҳолатлар - хаётий хавфсизлик ҳамда сиҳат-саломатлик» фанлари бўйича билимларини сифат ва миқдор жиҳатдан такомиллаштириш, дарсликларни яратиш ва амалиётда қўллаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

 

  • Умумтаълим мактабларида, дарс жараёнида мобил телефонлардан фойдаланишни таъқиқловчи қонун лойиҳасини илгари суришимиз, бу бўйича мавжуд норматив хужжатларни янада такомиллаштиришимиз керак.
  • Ҳозирги замон ижтимоий хавфсизлик, хусусан миллий қадриятлар, анъаналарга, жамият, маҳалла ҳамда оила институти негизларига нисбатан турли таҳдидларнинг мунтазам ортиб боришини ҳисобга олиб, Ахборот манбалари ва турли мобил воситалар орқали зўравонлик, фаҳш ва экстремистик мазмундаги ёшлар тарбияси, руҳияти ва саломатлигига салбий таъсир этувчи бузғунчи маълумотлар (ёзувлар, матнлар, лавҳалар, аудио, видео материаллар, фото, слайд, товар маҳсулотлар ва бошқалар)ни олиб кириш, ишлаб чиқариш, тарқатиш, тарғиб этиш ва кўпайтириш учун жавобгарлик бўйича тегишли нормаларни қўллаш ва мавжудларини такомиллаштириш мақсадга мувофиқ эканлигини эътироф этамиз.

- Мазкур муносабат билан, Ноанъанавий қадриятларни тарғиб этишни қатъиян ман этиш бўйича қонун лойҳасини илгари суриш мақсадга мувофиқ. Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси нафақат маъмурий, балки жиноий жавобгарликни ҳам назарда тутиши шарт!

Д. Мирзааҳмедов

Ўзбекистон “Миллий тикланиш”

демократик партияси Жиззах

вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Жиззах вилоят

Кенгаши депутати

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.