“Ёнғин хавфсизлигиданмиз”, “СЭС”данмиз” деб эшик қоқаётганларга ишонса бўладими?

Улашиш:

Бели оғримасдан пул топишнинг йўллари кўп. Бировнинг ҳақидан ҳазар қилмайдиган одам учун тиланчилик, ўғирлик, талончилик, босқинчилик, товламачилик ва фирибгарлик ҳам тирикчиликнинг бир тури бўлиб кўринади. Биров тўсқинлик қилмаса, жарима ёки қамоққа ташламаса бўлгани. Қўл-оёқ чаққон, тил-жағ равон бўлса, омад келгани шу. Ким кўп, содда кўп. Боласидан пулни аяйдию, лекин бировнинг алдовига учиб, тишининг кавагида сақлаган пулини фирибгарга бериб юборади.

Фирибгарларда эса одамлар пулини меҳнатсиз ва хавфсиз юлиб олиш учун ғоялар оқими тўхтатмайди. Мавсумга ва шароитга қараб турланиб ва мослашиб туради. Масалан, куз-қиш мавсумида фирибгарларнинг янги тури кўчаларимизни “безайди”, хонадонларнинг эшиклари олдига “файз” бериб туради. Улар камида 2-3 кишидан иборат гуруҳ бўлиб, эшикма-эшик юришади. Пул таъма қилиб, одамларнинг таъбини хира қилишади. Сўнгги йилларда, асосан куз-қиш мавсуми бошланганида аҳоли орасида, айниқса қишлоқ жойларида махсус формали кийим-бош кийиб олган шубҳали шахслар ўзларини “давлат ёнғин назорати органи ходими” сифатида таништириб, фуқаролардан мажбурий тарзда солиқ ёки коммунал тўловларни ноқонуний йиғишаётгани кузатилмоқда. Шилқимлик ва сурбетликда, ёлғончилик ва ваъдабозликда, таъмагирлик ва дўқ уришда, бошқа расмий ташкилот вакилларининг ролини ўйнашда уларнинг олдига тушадигани йўқ. 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, газ ва электр хизмати ходимларининг уст бошига ўхшаган кийимларда башанг бўлиб эшингиздан кириб келишади. Ҳатто давлат рамзлари бўлмиш герб ва байроқни ҳам ўз логотиплари билан омухта қилиб юборишган.

– Юқоридаги масалалар бўйича келиб тушган мурожаатлар ўрганилганда, ушбу ҳаракатлар турли хил шаклда ташкил этилган, асосан номида “ёнғин”, “олов”, “қарши кураш”, “хавфсизлик”, “ҳимоя” каби сўзлардан иборат бўлган ва ёнғиннинг олдини олиш акс этган турли хил рамзлар туширилган муҳр-штамплардан фойдаланиб келаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириб келинаётганлиги маълум бўлди, – дейди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ахборот хизмати ходими Самандар Ҳикматуллаев.

Унинг маълум қилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 209¹-моддасига кўра, формали кийим-бош кийиб юриши назарда тутилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ва махсус формали кийим-бошини бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиб юриш учун жавобгарлик белгиланган.

Бундай пулсевар гуруҳларнинг ҳаракатидан “оғзи куйган” одамларнинг айтишича, бир қарашда уларнинг ҳужжатлари жойида. Қандайдир МЧЖ, тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган. Қўлларида гувоҳномалари ҳам бор. Бир даста шартномалар ҳам кўтариб юришади. Шартномалар турли мазмунда.

Фирибгарлик ортидаги 1 миллиард 170 миллион сўмлик “ҳосил”

Энг кўп тарқалганларидан бири – ёнғин хавфсизлигининг олдини олиш бўйича суҳбат уюштириш борасида. Яъни фуқаро билан тегишли суҳбат ўтказилади, айрим қоғозларга қўл қўйдириб олиб, ўтказилган суҳбат ва интернетдан олинган умумий маълумотлар бергани учун пул талаб қилишади. Бир қишлоқда ўртача 300 хонадон бўлса, ҳар биридан ўртача 100 минг сўмдан ундирганда ҳам 30 миллион сўм пул бўлади. Айтайлик, Зангиота туманида умумий ҳисобда 39 та аҳоли пункти бор. Ҳар биридан 30 миллиондан йиғиб олса, битта МЧЖ 1 миллиард 170 миллион сўмлик “ҳосил кўтаради”! Яна тағин куйиб қолиш эҳтимоли ўта паст, таваккалчилик шарт эмас, меҳнат ва иш жиҳозлари талаб этилмайди, харажатлар, жавобгарлик ва мижоз топиш муаммоси йўқ. Бу ҳам камлик қилгандек, ҳар бир шундай МЧЖ бир ойда камида 1 марта гадой каби қишлоқ оралаб туришади.  Самандар Ҳикматуллаевнинг айтишича, ўтган йили 800 га яқин шундай МЧЖлар очилган.

– Улар мавсумий ташкилотлар, дейди С. Ҳикматуллаев. – Мавсумда пул йиғиб олиб, ташкилотни ёпишади. Кейинги йил эса бошқа ном билан  очишади ва бошқа шахслардан иборат гуруҳларни “ов”га чиқаришади. Аввал пул сўраган хонадонига борса, “яна келдингларми” демасликлари ва қандайдир хизмат кўрсатиш учун пул олишган бўлса, шунинг жавобгарлигидан қочиш учун шундай қилинади.

Давлат ташкилотларининг номини сотаётган “формали”лар

Мутахассиснинг тушунтиришича, бундай фирибгар гуруҳлар пул таъма қилишдан ташқари давлат ташкилотларининг номини сотишга ҳам одатланишяпти. “Биз ФВВга ёки фалон вазирликка тегишли ташкилотмиз, пул бермасангиз бўлмайди, бўлмаса жаримага тортиласиз”, деган алдовларни ишга солишади.

– Охирги пайтларда бизнинг ташкилотимиз номини сотадиган гуруҳлар ҳам пайдо бўлибди, – дейди Ўзбекистон Ёнғинга карши кураш жамиятининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими маъсул ходими Анвар Арипов. – “Ёнғинга карши кураш жамияти тугатилди, ўрнига биз келамиз энди”, ёхуд “ФВВ ёки Ёнғинга қарши кураш жамияти билан шартномамиз бор, уларга қандай ишонсангиз, бизга ҳам шундай ишонаверинг” қабилидаги алдовлар билан халқни чалғитишяпти. Уларнинг хонадонлардан пул ундириш йўлидаги баҳоналаридан яна бири – уй дудбўронини тозалаб беришдан иборат. Ваҳоланки бундай гуруҳ вакиллари билан танишганимизда, улар профессионал таълим ва тажрибага эга эмаслиги маълум бўлди. Кеча мактабни тугатган ёки бўлмаса, бу хизматларни кўрсатиш учун билим берилмайдиган бошқа ўрта махсус ўқув юртларини тугатган одамлар ҳам “дудбўронни тозалаб берамиз”, “ҳаво тортиш кучини аниқлаб берамиз” дея пул йиғишмоқда. Бунинг устига қўлларида махсус жиҳозлари ҳам йўқ. Бор-йўқ жиҳозлари – гувоҳнома, чиройли устбош ва шартномадан иборат.

Бургаси бор деб кўрпани куйдириш керакми?

Албатта танганинг иккинчи томони ҳам бор. Бургаси бор экан, деб кўрпага олов бериш ярамайди. ФВВ ахборот хизмати ходими Самандар Ҳикматуллаевнинг айтишича, агар бирор хусусий ташкилот маълум бир хизматлар кўрсатишни таклиф этса, ишни профессионал даражада бажарса, халқнинг ўзига фойда. Масалан, қиш мавсуми олдидан дудбўронларни текширтириб тозалаттирган маъқул. Ёз давомида ишлатилмаган печканинг тутун тортиш қувурлари ичига қушлар ин қўйиши ёки шамол-тўзон оқибатида турли бегона жисмлар билан беркилиб қолган бўлиши мумкин. Ёки қиш чиққанида қор-ёмғир кирмаслиги ва қушлар кириб ин қурмаслиги учун дудбўрон беркитиб қўйилади. Янаги қишда эса бу хонадон эгасининг ёдидидан кўтарилиб, печкага олов қалаши мумкин. Бундай ҳолатлар ёнғинга сабаб бўлиши ёки тутун яхши тортилмаслиги ва олов чала ёниши оқибатида ис гази пайдо бўлиб, хонадонда яшовчилар ҳаётига зомин бўлиши мумкин, ҳатто.

Бундан ташқари газ плиталарининг оқимни очиш ва ёпиш дастаклари ва мурватларини графитли махсус техник ёғлар билан мойлаб туриши ҳам талаб этилади. Эскирган қурилмалар ҳам инсон саломатлиги ва ёнғин учун хавфли бўлиб қолади. Шунингдек, газ қувурларининг умумий ҳолатини текширтириб туриш ҳам зарур. Бироқ бу ишлар билан ҳудудгаз ходимлари шуғулланишади.

Таъмагир “Суғуртачи”, “СЭС”чи ва бошқалар...

Таъмагир гуруҳлар орасида қандайдир суғурта полисларини сотиш ҳолатлари ҳам кенг тарқалган. Бироқ уларда суғурта фаолияти билан шуғулланиш ваколати йўқ. Бунинг учун тегишли идоралардан махсус рухсатнома олиш талаб этилади.

Кейинги услублардан бири эса аҳолига қандайдир маҳсулотларни мажбуран сотишдан иборат. Ёнғинга қарши курашга “ихтисослашган” фирибгарлар турли ўт ўчириш қурилмаларини мажбуран “ўтказишга” уринишади. Ўзини “СЭС” ходими, деб таништирувчилар эса турли зараркунанда кемирувчи ва ҳашаротларга қарши кимёвий кураш воситаларини сотишади. Буларни сотиб олиш мажбурий, деб алдашади. Табиийки, бу маҳсулотлар бозор ва дўкондаги нархдан бир неча баробар қимматга сотилади.

Яна бир гуруҳ фирибгарлар эса ўзларича хонадонлардаги газ ва электр билан боғлиқ тизимларни текшириб, гўё камчиликлар топишади ва жарима солишади. Жарима 500 минг сўмдан бошланади. Хонадон эгаси “савдолашиб”, 50-100 минг берса ҳам “рози бўлишади”. Натижа фуқаро ҳам хурсанд, фирибгар ҳам хурсанд.

Адлия вазирлиги ҳам огоҳлантиради!

Таъкидлаш керак, Адлия вазирлиги айрим шахслар томонидан ўзларини “давлат ёнғин назорати органлари” ёки бошқа ташкилотлар ходими сифатида таништирган ҳолда ёлғон маълумотлар асосида фуқаролардан мажбурий тўлов тўланишини талаб этиши ноқонунийлигини маълум қилади. Фуқаролар мажбурий тарзда қуйидаги коммунал хизматлар учун тўловларни белгиланган тартибда тўлаб бориши лозим. Унда ҳам кўпчилик тўловларни воситачиларсиз амалга ошириш йўлга қўйилган:

•   Совуқ сув таъминоти;

•   Иситиш ва иссиқ сув таъминоти (кўп қаватли уйларда);

•   Электр таъминоти;

•   Газ таъминоти;

•   Иссиқлик таъминоти (кўп қаватли уйларда);

•   Канализация (истеъмолчи уланган бўлса);

Бошқа ҳар қандай ҳолатда ва шаклда пул талаб қилиш ноқонуний ҳисобланади.

ФВВ ҳам!

- Умуман олганда юқоридаги каби МЧЖ (тадбиркорлик субъектлари) лар уйингизга келганда уларни уйга киритмаслик ёки агар истасангиз ва эҳтиёж бўлса, ўша ташкилот билан шартнома асосида ҳамкорлик қилиш ҳуқуқига эгасиз, – дейди Самандар Ҳикматуллаев. – Ушбу ташкилотлар сизни жаримага тортишга хақли эмас, шунингдек тарғибот ва ташвиқот ишларидан ташқари хизмат кўрсатсагина, дудбўронни тозаласа, печларингизни таъмирлаб берса, хизматига пул тўлашингиз мумкин.

Хулоса ўрнида

Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун халқимизнинг ҳуқуқий жиҳатдан саводхон бўлиши мақсадга мувофиқ албатта. Масалан, халқимиз меҳмондўст, аммо ҳозирги замонда танимаган “итга ҳам, битга ҳам” эшик очишга, бундан ҳам  ёмонроғи уни уйингизга киритишга мажбур эмассиз! Ҳаттоки у ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ходими бўлса ҳам! Давлат ташкилотлари ўз ваколатлари доирасида ва қонуний иш тутишади. Қолаверса, ҳозир ёнғинга қарши кураш хизматлари ФВВ тасарруфига ўтган. ФВВ ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вакиллари эса бўлар-бўлмасга сизни безовта қилишмайди, профилактик суҳбат ёки хизматлар учун пул талаб қилишмайди. Чунки уларнинг таъминоти солиқларимиз ҳисобидан амалга оширилади.

Абулфайз Сайидасқаров

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.