Эквадорда бўйи 7 метр бўлган қадимий одамнинг қолдиқлари топилди

Эквадорда бўйи 7 метр бўлган қадимий одамнинг қолдиқлари топилди

Қадимда баланд бўйли “гигант” одамлар яшагани ҳақида турли афсона ва ривоятлар мавжуд. Бу афсоналарнинг барчаси одамларнинг моддий-маиший тарихи ва тафаккури ўртасидаги диалектик алоқалар замирида юзага келган. 

Март ойининг сўнгги кунларида ижтимоий тармоқларда Эквадор қишлоқларидан бирида 7 метр баландликдаги баҳайбат одамнинг суяклари топилгани ҳақида маълумот тарқалди.

Ҳақиқатдан ҳам шундайми? Фактларни текширишни бошлаймиз. 

Ҳаммаси аслида қандай бошланди

Тармоқ фойдаланувчиси Leah Fox (https://www.facebook.com/leah.fox.31105) катта суякларнинг инсон скелетига ўхшаш тарзда жойлаштирилган фотосуратларини чоп этди. Расмлар тавсифида улар Эквадорнинг Чангаймина қишлоғида топилган баландлиги 7 метр бўлган гигантнинг суяклари эканлиги ёзилган.Эквадорда бўйи 7 метр бўлган қадимий одамнинг қолдиқлари топилди

“Эквадорнинг Чангаймина номли кичик қишлоғида баландлиги 7 метр бўлган ГИГАНТнинг қолдиқлари топилди. Бу  1912 йилда туғилган маҳаллий руҳоний томонидан топилган. У 1999 йилда вафот этди ва ўшанга қадар скелет қолдиқларини ўзида сақлаб келган", деб ёзилган фотосурат тавсифида.

Ҳукм: ФЕЙК

Маълумотларга кўра, бу суяклар одамларга тегишли эмас, балки улкан  “ялқов”нинг тошга айланган қолдиқларидир. Бўйи 13 фут (396 см) га етиши мумкин бўлган бу ҳайвонлар тахминан 4 минг йил олдин нобуд бўлган.

Суратлардаги скелет Эквадорнинг Санта Элена провинциясидаги Museo Paleontológico Megaterio музейида сақланади.

Музей координатори Ширли Де Ла Круз суратлардаги қолдиқлар улкан ялқовнинг суяклари эканлигини тасдиқлади.

Гигант ер ялқовлари Америка қитъасида музлик даврида яшаган йирик, ўрмон ҳайвонлари бўлиб, улар замонавий ялқовлар билан бевосита боғлиқ. Ушбу жониворлар, шунингдек, чумолихўрлар ва армадиллолар билан узоқ қариндош ҳисобланади.

Хулоса шундан иборатки, бу каби маълумотлар фақат илмий манбалар ёки мутахассислар орқали тасдиқлангандан сўнггина, унга ишонмоқ даркор.   Ишончли манбаларни ҳам кузатиб бориш фойдадан холи бўлмайди.

Ҳакимжон Фозилов