Музлаткич зилзилада қутқариб қолиши мумкинлиги рад этилди

Музлаткич зилзилада қутқариб қолиши мумкинлиги рад этилди

Ижтимоий тармоқларнинг қозоқ сегментида музлаткич (холодилник) зилзила пайтида одамлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлиги ҳақидаги хабар тарқалди. Илова қилинган суратларда совуткич гўё қулаб тушган оғир шифтларни ушлаб тургани тасвирланган.

«Туркияда ишлаётган ФВВ ходимларимиз зилзила содир бўлганда энг хавфсиз жой музлаткичнинг ёни эканини маълум қилмоқда», дейилади хабар матнида.

«Мана музлаткич яқинидаги хавфсиз жой. Мен музлаткич ёни мутлақо хавфсиз деб айтолмайман. Лекин қаранг, қанча хонадонларни кўрдик, шифт доимо музлаткич устида туради. Бундан ташқари, музлаткичда овқат ва сув бор. Қаерга борманг, ҳамма жойда шу ҳолат. Унинг устида 10-15 қатлам бетон плита турибди, лекин ҳаммасини ушлаб турибди», дейди аудиохабарда эркак овози.

Фото: Tengrinews

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати қозоғистонлик қутқарувчилар бу маълумотларнинг тўғрилигини тасдиқламаганини маълум қилди.

«Биз Туркияда ишлаётган ходимларимиздан сўрадик. Улар ҳеч қачон бундай нарсани кўрмаган. Балки бу бошқа вилоятларда олинган суратлардир. Шунинг учун биз бу маълумотни тасдиқлай олмаймиз, шунингдек, рад эта олмаймиз», дейилади хабарда.

Қозоғистон ФВВ вакили Руслан Имонқулов сўзларига кўра, музлаткич оғир плиталарни ушлаб туриши даргумон.

«Агар ушбу фотосуратларга қарасангиз, музлаткич юқоридан бу плиталарни ушлаб турмаганини кўришингиз мумкин. Балки бетон плиталарнинг оғирлиги унчалик катта бўлмаган энг юқори қаватларда музлаткич назарий жиҳатдан бу оғирликни кўтара олиши мумкин. Лекин, музлатгич нимадан ясалганига қаранг: ичи пластмассадан, ташқи томони эса юпқа металл қатламдан иборат. У оғир плиталарни ушлаб тура олиши даргумон», деди у.