«Рақобатга чидай олмаяпти». 2016−2024 йилларда Ўзбекистонда газеталар сони 15 фоизга камайди

Улашиш:

Охирги 8 йил ичида Ўзбекистонда газеталар сони 91 тага, радиоларники эса 6 тага камайди. АОКА директорига кўра, ҳозирда ахборотга кўпроқ ишлов бериляпти ва уни етказиш харажати озайиб бормоқда. Босма нашрлар эса рақобатга чидолмаяпти. «Улар барибир қисқаради, бу дунёдаги умумий тенденция», — деди у.

2016−2024 йилларда Ўзбекистондаги ОАВлар сони 1514 тадан 2349 тага кўпайди. Бунда журналлар сони 309 тадан 866 тага, телеканалларники — 65 тадан 89 тага етди, интернет нашрлариники — 395 тадан 738 тага ортди. Бу ҳақда Тошкентда бўлаётган «Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги» доирасида 19 октябрь куни бўлиб ўтган сессияда маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Таҳлилларга кўра, 8 йил давомида 6 та ахборот агентлиги ўз фаолиятини бошлаган. Фаол блогерлар сони 50 нафардан 1200 нафарга етган. Аммо бу давр ичида газеталар сони 691 тадан 600 тага (15 фоиз), радиолар эса 35 тадан 29 тага (25 фоиз) камайган.

асаджон ходжаев, газета, радио

Фото: «Газета.uz»

Тадбирдан сўнг ОАВ вакилларига интервью берган АОКА директори Асаджон Ходжаев газета ва радиолар сони камайганини изоҳлади. Унга кўра, авваллари босма нашрларнинг аксарияти давлат томонидан берилган субсидиялар ҳамда шартномалар орқали чоп этилган. Ҳозирда эса ахборотга кўпроқ ишлов бериляпти ва уни етказиш рақамли технологиялар орқали амалга ошириляпти.

«Бу эса ахборотга ишлов бериш ва унга кетган харажатларнинг қисқаришига ҳамда тезкорликка олиб келяпти. Масалан, газетани чоп этиш харажатлари қоғоз, бўёқлар ва бошқаларга кетади. Буларнинг барчаси бир дона газетани чиқариш учун кетадиган харажат. Лекин сиз компьютер олсангиз, йил давомида у орқали янгиликларни киритиб боришингиз мумкин, яъни электрон нашрлар томонидан бериладиган ахборотга нисбатан харажатлар таннархи қисқариб боряпти. Шу сабабли босма нашрлар бу борада рақобатга чидай олмаяпти», — деди у.

Ходжаевнинг таъкидлашича, босма нашрларга ўрганган аудитория анъанавий матбуотни ўқигиси келади. «Газета-журналларнинг ўз ўқувчилари бор, улар маълум миқдорда сақланиб қолади ва умуман йўқ бўлиб кетмайди. Қисман электрон форматга ўтиши мумкин, бироқ барибир босма нашрлар қисқаради, бу дунёдаги умумий тенденция», — дея қўшимча қилди АОКА директори.

асаджон ходжаев, газета, радио

Асаджон Ходжаев

Унга кўра, ҳозирги пайтда ўзбек радиолари замонавий медиа билан рақобатга киришяпти. Ходжаев бугунги кунда стриминг учун жуда кам ресурс сарфланиши, бу эса онлайн нашрларга устунлик бераётганини таъкидлади.

«Бугун стрим учун оддий телефон керак холос, бошқа ҳеч нарса керак эмас. Истаган пайтингиз хоҳлаган жойингиздан жонли эфир қилиш ёки монтаж ишларини қўл телефони ё планшетда амалга оширишингиз мумкин. Ҳозир шуларнинг ҳаммасини бир одам қиляпти. Аммо радио ҳам бутунлай йўқолиб кетмайди», — деди Асаджон Ходжаев.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.