Дўстлик тумани, Саноатчилар маҳалласидаги нотурар бинода яшаб келаётган фуқаро Хамраева Бахтигулнинг kun.uz сайтида “Болалари билан харобада яшаётган жиззахлик аёлга қачон уй берилади? Бошланғич бадал тўланганига бир йил бўлмоқда” номли мақоласига расмий муносабат.
Фуқаро Бахтигул Хамраева 2 нафар фарзанди бор. Боқувчисини йўқотган. Уй-жойи йўқ. “Дўстликдонмаҳсулотлари” АЖда фаррош вазифасида ишлайди. Ўтган 2019 йилда Б.Хамраевага вилоят Хотин-қизлар қўмитасининг саъйи-ҳаракати билан уй-жой олиши учун “Дўстликдонмаҳсулотлари” АЖ томонидан бошланғич тўлови сифатида 13,0 млн сўм маблағ шакллантириб берилган.
Туманда 2019 йилда уй-жой банд қилинмаганлиги сабабли, уни уй-жой билан таъминлашнинг имкони бўлмаган.
Жорий йил август ойида АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Жиззах минтақавий филиали билан Б.Хамраева томонида уч томонлама шартнома тузилиб, Республика Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 2020 йилда Ш.Рашидов туманидан уй-жой олиши учун 2 хонали уйга 10 фоиз 14,0 млн сўм миқдорида бошланғич тўлови тўлаб берилган.
Фуқаро Б.Хамраева туманда “Темир дафтари”га киритилган. Пандемия даврида мунтазам равишда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. “Темир дафтари”га киритилган эҳтиёжманд оилаларни ҳайит байрами муносабати билан қўллаб-қувватлаш мақсадида бир марталик моддий ёрдам пули берилди.
Фуқаро Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг доимий назоратига олинган. Ш.Рашидов туманида қурилаётган кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиши якунига етказилгач, Б.Хамраевани уй-жой билан таъминланиши режалаштирилганлигини маълум қиламиз.
Шу ўринда муаммони ёритаётган оммавий ахборот воситаларидан масалани чуқурроқ ўрганиб, кейин ўз манбаларида ёритишса мақсадга мувофиқ иш бўлишини эслатиб ўтар эдик.
Фуқора Хамраева Бахтигулнинг kun.uz сайтига берган маълумотлари асосида тайёрланган “Болалари билан харобада яшаётган жиззахлик аёлга қачон уй берилади? Бошланғич бадал тўланганига бир йил бўлмоқда” сарлавҳали мақолада журналист ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилиши натижасида сайтнинг масалани ёритишда нохолисликга йўл қўйганлиги билиниб турибди.
Чунки қуйида фуқаро Бахтигул Хамраевага АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”ка ўтказилган бошланғич тўлови ва у билан тузилган уч томонлама шартнома ҳужжатидан олинган нусхаларни кўриб ўзингиз хулоса қилишингиз мумкин.
Бир сўз билан айтганда Kun.uz сайти масалани ёритишидан олдин шартномада кўрсатилганидек 2020 йилнинг 20 август куни яъни 13 кун олдин фуқаро Бахтигул Хамраевага уй-жой масаласи бўйича пул ўтказилиб, муаммо тегишли тартибда ҳал этилганлигини кўриш мумкин.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати